Ўзбекистон: Док-1 Макс’даги хавфли модда миқдори маълум бўлди, Абдулла Ориповнинг синглиси портлашдан вафот этди ва қочоқ “Вагнер”чилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бормиди? - O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Док-1 Макс ишлаб чиқарувчисининг экспорт кенгашига аъзолиги тўхтатилди;
- Украинада қочган "Вагнер" жангарилари ичида ўзбекистонликлар борлиги айтилмоқда;
- Абдулла Ориповнинг синглиси портлашдан вафот этгани хабар қилинди;
- Ҳамдам Собиров қўшиғини берухсат куйлаган шахс жазога тортилди;
"Нормадан 300 баравар юқори"
Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш кенгаши (Pharmexcil) Ўзбекистонда камида 19 гўдакнинг ўлимига сабаб бўлишда гумонланаётган Док-1 Макс препарати ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Marion Biotech компанияси регистрацияси ҳамда аъзолигини тўхтатиб қўйган.
Бу, эндиликда, компания ўз маҳсулотларини вақтинча экспорт қила олмаслигини англатади.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон ССВ: "Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди... " Бу даҳшатли воқеа фақат Самарқандда юз берганми?, видео
- Болалар ўлими: Омбудсман нималарни аниқлади? Путин Мирзиеёвга берган тилла узук. Россия МДҲ билан ҳам келишмай қолдими? Ўзбекистон, янгиликлар.
- Янгиликлар: Мирзиёев 19 нафар бола ўлимидан сўнг фармацевтика раҳбарини ишдан олди
- Янгиликлар: Тошкент – Олма-ота самолёти кучли ҳаво гирдобига тушди, бир киши шифохонага ётқизилди
The Times of India нашрининг ёзишича, Pharmexcil 28 декабрь куни Marion Biotech компаниясидан препаратни Ўзбекистонга импорт қилувчига оид маълумотлар, ишлаб чиқаришга доир тегишли рухсатнома ва ҳужжатларни тақдим этишни сўраган ҳамда болалар ўлимини келтириб чиқарган ташвишли ҳолат бўйича зудликда текширув ўтказишни тавсия қилган.
"Компания 29 декабрь иш куни охирига қадар сўровимизга жавоб бериши керак эди. Бироқ кенгашга нохуш воқеалар бўйича бирор натижа ва ҳисоботлар келиб тушмади ҳамда шу сабабдан Marion Biotech Pvt. Ltd'нинг Pharmexcil'даги аъзолиги зудликда тўхтатиб қўйилди", деган кенгаш бош директори Удая Бҳаскар маҳаллий нашр билан суҳбатда.
Бир вақтнинг ўзида, қатор ҳинд нашрлари Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ҳиндистоннинг мамлакатдаги элчихонасига хат йўллаб, препаратлар партиясида мавжуд этиленгликоль миқдори тиббиётда белгиланган нормадан 300 баравардан юқори эканлигидан воқиф этгани ҳақида ёзган.
Хатда этиленгликоль ўрнига пропиленгликолъ моддаси ишлатилиши керак бўлгани тилга олинган, дея ёзган маҳаллий нашрлар.
Айни вақтда, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ҳиндистон элчихонасига хат чиқаргани тўғрисида жамоатчиликка бирор ахборот бермаган.
Декабрнинг сўнгги кунларида Ўзбекистонда Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган барча турдаги дори воситалари савдосига вақтинча тўхтатилган эди.
Pharmexcil бош директори Удая Бҳаскар интервьюларидан бирида Ўзбекистонда юз берган воқеалар Ҳиндистон фармацевтика саноатининг халқаро майдондаги обрўсига жиддий путур етказганини таассуф билан тилга олган.
Қочоқ "Вагнер"чилар

Сурат манбаси, Reuters
Россия Ички ишлар вазирлиги уч ўзбекистонлик дохил қочгани айтилган "Вагнер" жангариларига нисбатан қидирув эълон қилгани хабар қилинмоқда.
Янги йил байрами арафасида маҳаллий Donday.ru нашри ўз манбаларига таяниб, Украинанинг аннексия қилинган Луганск вилоятидаги тайёргарлик марказидан қочгани ва Россиянинг Ростов вилоятига ўтгани тахмин этилган олти нафар "Вагнер" гуруҳи жангариси қидирилаётгани ҳақида ёзган эди.
Donday.ru Ростов-Дон кўчалари бўйлаб ёпиштириб чиқилган қидирув бўйича огоҳнома суратини ҳам эълон қилган. Огоҳномада, гўёки, таркибида уч нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган жангарилар 21 декабрь ёки 22 декабрь куни ўқув марказидан қўлида қурол билан қочгани ҳақида сўз боради.
Қатор Россия нашрлари, хусусан, 1rnd.ru сайти Россия Ички ишлар вазирлиги тарқалган хабарларни тасдиқлаган бўлса-да, қидирилаётган шахсларга доир маълумотлар ошкор этилмаслигини билдирганини ёзган.
Рус нашрлари тарқатган дастлабки маълумотларга кўра, мазкур шахслар бунга қадар Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган ва "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати билан шартнома имзолаши ортидан Украинадаги урушга ташланган.
Ўзбекистон томони уч ўзбекистонлик тилга олинган ушбу тасдиқланмаган хабарларни, ҳозирча, изоҳламаган.
Ҳалок бўлган шоир синглиси

Сурат манбаси, Nasafnews
Атоқли шоир Абдулла Ориповнинг синглиси шифохонадаги портлаш оқибатида ҳалок бўлди, дея ёзмоқда Nasafnews сайти.
Маҳаллий нашрлар Қашқадарё вилояти саломатликни тиклаш шифохонасида газ босими ортиб кетиши туфайли 24 декабрь куни портлаш содир бўлгани ва бунинг ортидан икки инсон тез ёрдам марказига ётқизилганини хабар қилган эди.

Сурат манбаси, Nasafnews
Эндиликда, Nasafnews сайти марҳуманинг яқинлари берган маълумотга таяниб, беморлардан бири халқ шоирининг 74 ёшли синглиси Ойсара Убайдуллаева бўлгани ва у 30 декабрь куни 80 фоиз куйиш тан жароҳати билан вафот этганини ёзган.
Ҳимоя қилинган муаллифлик ҳуқуқи

Сурат манбаси, Intellektual mulk agentligi
Ўткир Ҳошимов асарларидан берухсат фойдаланган нашриёт, хонандалар Жалолиддин Аҳмадалиев ва Ҳамдам Собировнинг қўшиқларини рухсат олмай куйлаган шахс жазоланди.
Интеллектуал мулк агентлиги муаллифлик ҳуқуқи поймол этилиши билан боғлиқ бир қатор суд ишлари тўғрисида ахборот берган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, марҳум Ўткир Ҳошимов асарларидан унинг меросхўри рухсатисиз фойдаланган нашриёт мансабдор шахсига суд қарори билан 12,5 миллион сўм товон пули тўлаш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, тегишли суд қарори билан "фарғоналик шоирнинг муаллифлик ҳуқуқларини бузган хонанда" Миродил Ҳакимовга нисбатан ҳам 50 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ва БҲМнинг 300 баробар миқдорида (90 миллион сўм) товон пули ундириш белгиланган.
Муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат бирлашмаси мурожаатига асосан хонандалар Жалолиддин Аҳмадалиев ва Ҳамдам Собировнинг қўшиқлари уларнинг рухсатисиз, ҳеч қандай шартнома тузмаган ҳолда фойдаланилганлиги туфайли суд томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан 60 миллион сўм миқдорида товон пули ундириш ҳақида қарор чиқарилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














