"Ўлим" сиропини фош қилган шифокор ишдан олинди, ижтимоий тармоқдагилар норози - айрим фаоллар: Президент муносабат билдирсин - Янгиликлар Yangiliklar, O'zbekiston

Сурат манбаси, Facebook/Mamatkul Azizov
Би-би-сининг ҳукуматдаги манбаси 19 боланинг ўлимига сабабчи бўлган Док-1 Макс дориси заҳарли эканлиги ҳақида хабар берган шифокор ишдан олинганини тасдиқлади.
"Ажал" сиропдан вафот этган болалар сони 19 нафарга етди.
(Ҳиндистон дори-дармон ширкати (Marion Biotech) айни сироп ишлаб чиқаришни тўхтатди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу дори 19 боланинг ўлимига сабаб бўлди, деб баёнот бериши ортидан Ҳиндистон ҳукуматининг тегишли идоралари текширув бошлашган.)
Қашқадарё вилоят прокуратурасининг хабар беришича, Деҳқонобод туманида 5 кун давомида Док-1 Макс сиропини истеъмол қилиб келган 1,5 яшар бола вафот этди.
Бу орада Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ушбу дори ҳақида юқорига хабар берган шифокор Маматқул Азизовни ишдан олгани маълум бўлди.
- Ўзбекистон ССВ: "Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди... " Бу даҳшатли воқеа фақат Самарқандда юз берганми?, видео
- Йўтал дори ўнлаб ёш болаларни ўлдирди - ЖССТ огоҳлантирди
- Янгиликлар: Ўзбекистон истаётган янги қонун қўрқув уйғотмоқда, Кушербаевни кетишга нималар мажбур қилаяпти? Самарқандда болалар ўлимида ким айбдор?
Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов нима сабабдан ишдан олингани маълум эмас.
Айнан Азизов имзо чекиб юқорига хабар берган ҳисоботдан сўнг биргина Самарқандда йўталдан даволаниш учун Док-1 Макс сиропини ичган 15 нафар бола вафот этгани маълум бўлганди.
15 декабрга оид хатда сўнгги икки ойдан бери марказга келаётган болаларда буйрак билан муаммолар кўпроқ учрай бошлагани ва бу ҳолатга Док-1 Макс препарати сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради.
"Бемор болаларда, асосан, анурия кузатилган. Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто, бир нечта гемодиализ сеансларини ҳам ўтказишга тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди", дея ташвиш билдирилган марказ бош врачи Маматқул Азизов имзолаган хатда.
Ижтимоий тармоқлар "қаҳрамони"
Айни пайтда Маматқул Азизов ўз хати ортидан ишдан олиниши уни ижтимоий тармоқларда қаҳрамонга айлантирган.
Блогер Фаррух Самарқандий Facebook саҳифасида - "Док-1 макс Quramax заҳарини халққа ошкор қилган одам шу одам экан. Бу одам мен учун қаҳрамон. Агар шу одам шу сирни фош қилмаганида эди, балки минглаб чақалоқлар ўлиб кетарди яна. Қолган шифокорлар ҳам кўп сирларни билади, аммо қорин ғами, мол давлат ғами уларда анча устун бўлса керакки, айта олмайди", деб ёзган.
Таниқли журналист Шаҳноза Соатова ўзининг Facebook даги саҳифасида шифокорларнинг ишдан олинишини "ёмон мужда" , деб таърифлайди.
"Бунинг ижтимоий оқибатлари яхши бўлмайди. Ҳозир шу хабарни ўқиган нечта бош шифокор "яхшиям мен ёзмовдим шу хатни, тўғри қилган эканман" деяётганикин? Шундоқ ҳам адолатдан гапирадиганлар оз, шундоқ ҳам ўзбекларда "оч қорним - тинч қулоғим" деб яшаш кучайган, одамларнинг жамият муаммоларига бефарқлиги, бошқаларга нисбатан адолатсизлик ва жиноятларга тоқатлилиги кучайиб кетяпти. Кейинги сафар, Оллоҳ асрасин, 18 рақами 180 га чиқиб даҳшатли воқвеалар юз бермагунча юқори қуйидан бехабар ўтираверади ғафлатда қолиб, агар шундай давом этса. ССВ тезроқ масалага ойдинлик киритиши керак, хабар жуда фаол тарқаляпти. Бу бутун жамоатчиликка, унинг саломатлиги ва эртанги кунига тааллуқли масала. Бошдан-охиригача очиқлик бўлиши керак (албатта, тергов-суриштирув ишларига халақит бермайдиган даражада)."
Аввалига 15, кейинчалик 19 нафар мурғак гўдакларнинг нобуд бўлиши айни фожеага президент Мирзиёев ҳам муносабат билдириши ва дори-дармон бизнеси тубдан ислоҳ қилишини кераклиги ҳақида чақириқларни кўпайтирган.
Таниқли журналист Дилмурод Саййид болалар ўлими масаласида президентнинг муносабатини кутаётгани ҳақида ёзган.
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам президентга мурожаат қилар экан, "Эллик икки ўғлонимиз нон топиш илинжида ўрис юртига иш излаб кетаётиб, худди бугунгидек қишнинг қаттиқ кунлари Қозоғистон даштларида автобус-мавтобуси билан ёниб кул бўлганида мардларча: "Бу палокат менинг айбим!" деган эдингиз! Энди нимага индамаяпсиз?! Бир нарса деб қўйинг ҳеч йўқ!" деб ёзган ўзининг Facebook даги сафиҳасида.
Бу материалга кириш имконсиз
Кўпроқ кўринг FacebookБи-би-си ташқи сайтлар мазмуни учун масъул эмас.Охири Facebook пост
Аммо ҳозирга қадар бирор бир юқори лавозимли мулозим айни фожеанинг асл сабаблари борасида чиқиш қилгани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда болалар ўлими мавзуси асосий мавзуга айланар экан, президент Тошкентдаги Конгресс-холлда бошланғич синфлар учун жорий этилаётган янги авлод дарсликларининг тақдимотида иштирок этди.

Сурат манбаси, Rasmiy
"Биз "Болалар ёмон бўлиб кетди" деган фикрдан воз кечишимиз керак. Ўзимизга савол қўяйлик - уларни яхши қилиш учун нималар қилдик?!", деган Шавкат Мирзиёев.
"Асл жавобгарлар четда қолиб, муаммони аниқлаганлар, халққа ошкор қилганлар ишдан олинди. Биз эса ҳеч нарса қила олмаймиз. Фақат ижтимоий тармоқда ёза оламиз холос ва бу ҳам аллақачон ўз таъсирини йўқотган. Давлат бизга тинч митинг ҳаққимизни қайтариб бериши шарт", дейди Farukh Samarkandi.
Олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев "Док-1 Макс" сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтганди.
"Мазкур маълумот вилоят тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилган. Ушбу маълумотга эга бўлишимиз билан ўша куннинг ўзидаёқ махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда жойига чиқиб ҳар бир ҳолат ўрганилди", деган Беҳзод Мусаев.
Вазирлик нега айнан муаммо ҳақида хабар берган шифокор ишдан олингани борасида изоҳ бергани йўқ.
Нега айнан Самарқанд?
Ҳолатга бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар мазкур препарат билан юз берган бундай нохуш вазият нега айнан Самарқанд вилоятида кузатилганини савол остига олганлар.
Би-би-си мухбирига маълум бўлишича, бемор болалар фақат Самарқанддан бўлмаган - Жиззах, Қашқадарё, Навоий вилоятларидан ҳам кўплаб гўдаклар малакали шифокорлар ишлайдиган ушбу тиббиёт марказига олиб келинган.
Умумий манзара эса қуйидагича - аксар ота-оналар айрим шифокорлар, дорихоначилар ва таниш-билишлар тавсияси билан фарзандларига бу дорини ичирган, вазият болалар пешоб қилолмай қолган даражага етгач, ўз ҳудудида даво топа олмай, тиббиёт марказига олиб келган.
"Хўжайиним аптекадан шу дорини олиб келганди. Бир ҳафта давомида 40 та ичирдим. Тўртинчи кундан сийдиги тўхтаб қолди. Ўзимизни туманга олиб боргандим, бирор натижа чиқмади. Духтирлар тезда Самарқанддаги кўп тармоқлига олиб боринглар, дейишди. У ерда врачлар анча бола келяпти ҳар хил вилоятлардан, сабабини билмаяпмиз, деди", сўзлайди 2 яшар қизининг ҳаёти бир неча бор гемодиализ муолажасидан сўнг асраб қолинганини айтган она Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров билан суҳбатда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Фақат Ўзбекистон эмас

Сурат манбаси, Skrinshot/Kun.uz
Йўталга қарши болалар дори воситаларининг ножўя таъсири мавзуси октябрь ойидан буён дунёда долзарб бўлиб келаётган эди.
5 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган бир қатор йўталга қарши сиропларнинг Африка давлати бўлмиш Гамбияда 70 га яқин боланинг ўлимига алоқадор экани аниқланганидан огоҳлантириб чиққан.
Октябрь ойи охирига келиб, шифокорларнинг тинимсиз бонг уриши ортидан Индонезияда болалар учун мўлжалланган барча сироп кўринишидаги дорилар савдоси тақиқланган - мамлакат расмийлари 100 га яқин бола таркибида заҳарли моддалар мавжуд сироплар туфайли ҳаётдан кўз юмганини билдирган.
Гамбия, Индонезияда ҳам Ўзбекистондаги ҳолат кузатилган - ўткир буйрак етишмовчилиги ва сийдик камайиб кетиши.
ЖССТ октябрь ойидаёқ бундай дори воситалари ноқонуний йўллар билан бошқа давлатларга ҳам кириб боргани эҳтимолидан огоҳлантириб, давлатларни ўз ҳудудидаги дори воситаларини текширишга чақирганди.
23 декабрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ЖССТ огоҳлантиришидан сўнг ўз вақтида ўрганиш олиб боргани ва ташкилот тилга олган Ҳиндистон компаниясининг "бирор маҳсулоти айни дамда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмагани" маълум бўлганини билдирган.
Бироқ мамлакат бозоридаги бошқа дорилар устидан назорат қанчалик кучайтирилган — буниси ҳозирча номаълум.
Айни вақтда, Док-1 Макс препарати билан боғлиқ вазият бошқа вилоятларда ҳам юз берганми, деган савол очиқ қолмоқда.
Интернетга сизаётган ахборот эса "ҳа, юз берган" деган хулоса сари етакламоқда.
Маълум бўлишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Даврон Тўлаганов ҳам 20 декабрь куни соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга айни мазмундаги хавотирли хат йўллаган.
20 декабрь куни имзоланган хатда айтилишича, бир кун аввал ўткир буйрак етишмовчилиги билан марказга ётқизилган 14 нафар боланинг 12 нафари уйида айнан Док-1 Макс сиропини қабул қилгани ва унинг таркибида ёрдамчи восита сифатида пропиленгликоль моддаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари хатда охирги ойларда марказ ва унинг вилоятлардаги филиалларига гўдак ёшдаги болаларнинг ўткир буйрак етишмовчилиги ва анурия билан мурожаатлари сони "кескин ошиб бораётгани" ҳамда "бу ташвишли ҳолатнинг сабаблари номаълум қолаётгани" таъкидланган.
"Мамлакатимиз дорихоналарида ишлаб чиқариш технологиясига риоя қилинмаган ҳолда ишлаб чиқарилган ва таркибида пропиленгликолнинг юқори концентрацияси мавжуд бўлган сироплар савдога чиқарилганлиги хавфи борлигига сизнинг эътиборингизни қаратган ҳолда ушбу ҳолат бўйича тегишли тафтиш ўтказишга ёрдам беришингизни сўрайман", дейилади Тўлаганов имзолаган хатда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















