Ўзбекистон: Қўқон ИИБда ўлган 15 яшар бола иши бўйича ходимлар ҳибсга олинди ва 12 ноябрдан свет ўчиши кўпаядими? Yangiliklar, O'zbekiston

Қўқон ИИБ марказидан мурдаси чиққан 15 яшар ўсмир

Сурат манбаси, Courtesy via Olimjon Haydarov

Сурат тагсўзи, Қўқон ИИБ марказидан мурдаси чиққан 15 яшар ўсмир

Қўқон ИИБдан мурдаси чиққан ўсмир иши бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди;

Ўзбекистонлик блогер Истанбул портлашида жароҳатланганини айтди;

Мамлакатда 12 ноябрдан электр таъминотини чеклаш борасида хабар тарқалди;

Хоразмда масжид учун йиғилган эҳсон ишлатиб юборган имом-хатиб қўлга олинди;

15 яшар ўсмир ўлими бўйича ҳибслар

Қўқон ИИБ марказидан мурдаси чиққан 15 яшар ўсмирнинг ўлими юзасидан тайинланган хизмат текшируви ниҳоясига етган.

Ўтказилган хизмат текшируви ортидан марказ бошлиғи ва воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган ва тарбияланувчиларни назоратсиз қолдиргани айтилган 2 нафар ИИО ходими ишдан бўшатилган.

"Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга "Ҳайфсан" интизомий жазоси тайинланди. 4 нафар ходимнинг эса, лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланди", дейилади Фарғона вилоят ИИБ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Учкўприк туманида яшаб келган 15 яшар ўсмир 16 октябрь куни ички ишлар органи ходимлари томонидан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиши ортидан соғлиги ёмонлашиб, 17 октябрь куни вафот этган ва жамоатчилик ноябрь ойининг биринчи ярмида бу ҳақда хабар топганидан сўнг ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

10 ноябрь куни Бош прокуратура ўсмирнинг ўлимига марказда сақланаётган 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчи етказган тан жароҳатлари сабаб бўлгани, мазкур ҳолат гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топганини маълум қилган.

14 ноябрь куни аввал ишдан бўшатилган икки ИИО ходими Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми "а" банди (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан гумонланувчи ўлароқ жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилгани хабар қилинган.

"Жиноят иши доирасида 2 нафар собиқ ички ишлар идораси ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларига совуққонлик билан қараб, ўз мажбуриятларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлиб, уларни бажармаганлиги оқибатида марказда сақланаётган вояга етмаган Р.Абдусатторов (марҳум) икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар томонидан кун давомида мунтазам равишда уриб-дўппосланиб, унга оғир даражадаги тан жароҳатлари етказилиб, унинг ўлимига сабабчи бўлганликлари аниқланган", билдирган Бош прокуратура 14 ноябрь куни.

Истанбул портлаши ва Ўзбекистон фуқароси

Islam Kaparzo

Сурат манбаси, Islam Kaparzo Screenshot

Сурат тагсўзи, блогер Ислом Капарзо (Ислом Каримбоев)

Ўзбекистонлик ижтимоий фаол, диний мазмундаги чиқишлари билан танилган блогер Ислом Капарзо (Ислом Каримбоев) 13 ноябрь куни Истанбул шаҳрида юз берган портлашда енгил жароҳат олгани ҳақида маълум қилган.

Блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали билдиришича, у ҳолат юз берган вақт портлаш марказидан унча узоқ бўлган жойда ҳаракатланаётган бўлган ва оёғи енгил жароҳатланган.

"Озроқ жароҳатландим, лекин аҳвол ёмон эмас. Ўзингизни эҳтиёт қилинг", деган у ўз мухлисларига йўллаган видеомурожаатида.

Бироқ 14 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси 6 инсоннинг ҳаётига зомин бўлиб, 80 зиёд одамнинг яраланишига сабаб бўлган портлаш оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини билдирган.

Блекоут хавфи

chiroq

Ўзбекистонда блекоут хавфи юзага келгани ортидан 12 ноябрдан бошлаб электр энергияси етказиб беришда белгиланган чекловларга қатъий амал қилинади.

12 ноябрь куни Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Миллий диспетчерлик маркази" ДУК томонидан барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига чиқарилган хат нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Хатда республика ИЭСларида ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат юзага келгани ва блекоутга йўл қўймаслик учун соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажариш зарурлиги тўғрисида сўз боради.

"Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида 12 ноябрь санасидан бошлаб алоҳида топшириқ бўлгунга қадар "Миллий диспетчерлик маркази" ДУК томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий бажаришингиз сўралади", дейилади ДУК хатида.

Шунингдек, хатда "Миллий диспетчерлик маркази"нинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Ўзбекистон энерготизимининг айби билан Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланган.

Кун.уз нашри Энергетика вазирлигидаги ўз манбаси мазкур маълумотлар тўғрилиги ва ИЭСларнинг ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келганини тасдиқлагани ҳақида ёзган.

Вазирлик, ҳозирча, тарқалган хат тўғрисида бирор муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.

Андижонда Умра, Хоразмда масжид пули

masjid

Андижон вилоятида фуқаро Умра зиёратига бориш истагидаги инсонларнинг 1 миллиард сўмдан зиёд пуллари, Хоразмда имом-хатиб масжид қуриш учун йиғилган 40 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўз шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Бу ҳақда ҳар иккала вилоят прокуратуралари алоҳида баёнот билан чиққан.

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида фуқаро Хўжаобод туманида Умра-2022 мавсумида зиёратга бориш истагини билдирган 74 нафар инсоннинг жами 1,4 миллиард сўм нақд пулини олиб, ўзи учун сарфлаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, гумондаги шахс ҳибсга олинган.

Хоразм вилоят прокуратураси эса Қўшкўпир туманидаги "Ислом бобо" жоме масжиди имом-хатиби "масжидни янгидан ҳашар йўли билан қурилиши ҳақида оғзаки ва ижтимоий тармоқлар орқали эълонлар тарқатиб, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фуқаролардан 40 миллион сўмдан ортиқ пул маблағларини йиғиб, масжид қурилишига ишлатмасдан ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатган"и ҳақида хабар тарқатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek