Ўзбекистон: Стадионда тош отганлар қамалди, Намангандаги сув омборидан сув сизди ва шакар нархи энди пасаядими? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Orda.kz
- ТИВ Атираудаги навбат юзасидан муносабат билдирди;
- "Пахтакор"даги ўйинда жамоат тартибини бузганлар жазоланди;
- Косонсойдаги сув омборидан сув сизиб чиқди;
- Биржа савдоларида шакар 26 фоизга арзонлади;
Назоратга олинган навбат
Қозоғистоннинг Атирау шаҳридаги аҳолига хизмат кўрсатиш марказида мингга яқин ўзбекистонлик турнақатор навбатда туриб қолган.
Бу ҳақда хабар берган Orda.kz нашри Ўзбекистон фуқаролари паспортларини ўзгартирганликлари сабабли вақтинчалик ишлашга рухсатнома олишга интилаётганини ёзган.
"Шу сабабдан тонг саҳардан кечқурунга қадар навбатлар юзага келган", вазиятни тасвирлаган нашр.
Orda.kz кун давомида мингга яқин ўзбекистонлик ҳужжат топширгани, марказ ходимлари эса уларнинг аксар қисмини рўйхатга олишга улгурганини қўшимча қилган.
Ўзбекистон ТИВ қўшни давлатдаги мамлакат Бош консулхонаси вазиятни назоратга олганини маълум қилган.
"Кеча мамлакатимиз Бош консули Отабек Турсинбеков Атирау шаҳридаги "Фуқароларга хизмат кўрсатиш маркази"даги вазият бўйича марказ раҳбари Муса Хайруллиев билан телефон орқали мулоқотдан сўнг маълум бўлишича, ҳозирги пайтда Марказда фуқароларни қабул қилиш бўйича ходимлар сони 10 нафардан 26 нафарга кўпайтирилган, фуқароларни қабул қилиш вақти эса соат 24:00 га қадар узайтирилган", хабар қилган ТИВнинг "Дунё" ахборот агентлиги.
Билдирилишича, шу вақтга қадар 1,1 минг нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳужжатлари қабул қилиниб, шундан 800 нафарининг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Ҳозир ҳаммага қийин - нархлар кескин ошди
- Ўзбекистон, ОАВ: ИИВ ходими мухбирга электрошокер қўллади. Матбуот ходимларига зўравонлик учун жазо бериладими?
- Россия: очарчилик яқинми? Ўзбекистон Россиянинг "омбори" бўладими?
- Ўзбекистон: Каважон - "Пул беришса, ёқмасди" ... Қийин замонда бева яшаётган аёл ҳикояси
Қамалган тош отганлар

Сурат манбаси, Championat.asia
"Пахтакор" стадионидаги футбол ўйини вақти жамоат тартибини бузган 16 инсон маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
11 июнь куни стадионда Осиё кубоги ўйинлари доирасида 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйини бўлиб ўтган эди.
Ўйиннинг бошида ҳакамнинг қароридан норози бўлган ўзбекистонликлар мухлислар стадионга сув идиши ва стакан, оёқ остидаги бетон парчаларини улоқтирган.
Оқибатда, стадиондаги фотомухбир жароҳат олган.
Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳолатни ўрганиш жараёнида жамоат тартибини бузган 47 шахс аниқлангани ва уларнинг 6 нафарига 15 сутка, 10 фуқарога 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани билдирган.
Яна 3 фуқаро жаримага тортилгани, 28 нафар шахсга нисбатан суриштирув давом этаётгани қўшимча қилинмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан мухлислик маданиятига амал қилиш, жамоат тартибига риоя этишни сўраган.
Суви сизган омбор

Сурат манбаси, Telegram/@Uzb_meteo
14 июнь куни ижтимоий тармоқда Намангандаги "Ертикон" сув омбори тўғони остидан сув чиқаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган.
Вилоят ФВБ ушбу хабарни тасдиқлаб, Косонсой туманида жойлашган сув омборидаги ҳолат бўйича бирламчи маълумот берган.
Маълум қилинишича, "Ертикон" сув омборининг икки жойидан сув сизиб чиқиши 13 июнь куни соат 19:00 атрофида бошлангани аниқланган.
Бир вақтнинг ўзида, Наманган вилоят ФВБ дамбанинг ўзи мустаҳкамлиги, аҳоли ва тўғонга хавф йўқлигини билдирган.
Расмий хабарда сув сизиб чиқиши бартараф этилгани ва сув омборидаги вазиятни кузатиб бориш мақсадида тегишли мутахассислардан иборат туну-кун кузатув пости ташкил этилгани қўшимча қилинган.
Барқарорлашган шакар нархи

Сурат манбаси, BBC O'zbek
10-14 июнь кунлари ўтказилган очиқ биржа савдоларида шакарнинг барча категорияси бўйича нархлар 26,1 фоиз пасайган.
Республика товар-хом ашё биржасининг маълум қилишича, шу муддат давомида шакарнинг ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 миллион 554,5 минг сўмдан 10 миллион 754,9 минг сўмга қадар тушган.
10-14 июнь кунлари давомида биржа савдоларига жами 6 004 тонна шакар қўйилган.
РТХБ шакарни харид қилишда талаб даражасидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимот шаклланаётганини билдирган.
Айни кунларда мамлакат бўйлаб "шакар васвасаси" юзага келаётгани, маҳсулот арзонлаштирилган савдо нуқталарида катта навбатлар ҳосил бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













