Ўзбекистонга «Байроқдор»лар келадими? Туркия билан қандай келишувлар бўлди? Россия энди МДҲликларга пенсия тўлай олмайдими? Рамазон қачон бошланади? Дайжест

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон ва Туркия қандай келишувларга эришилди?
- Россиядаги ўзбекистонликлар нафақасиз қоладими?
- Матвиенко МДҲ учун ягона суд яратишни таклиф қилди
- Ўзбекистонда Рамазон ойи қачон бошланади?
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга икки кунлик расмий ташрифи якунланди.
Икки давлат раҳбарлари орасидаги музокараларда нималарга келишишга эришилди?
Ҳарбий ҳамкорликка эътибор
Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим жанговар тайёргарлик ва мудофаа саноати соҳасидаги шериклик масалаларини ҳам қамраб олади.
29 март куни Тошкентда Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро доиравий битим имзоланган. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб маълум қилди.
Хабарга кўра, ҳужжат ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим, шунингдек, мудофаа саноатини ривожлантиришга қаратилган.
Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистон президенти билан музокаралар якунлари бўйича Туркия ўз ҳарбий-саноат комплекси имкониятларини баҳам кўришга тайёрлигини билдирган.
Президентлар матбуот хизматларининг расмий сайтларидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнот имзолашган.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қамровли Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат имзоланган.
«Товар айирбошлаш 10 млрд долларга етади»
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати расмий сайти мазкур ҳужжатлар орасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, меҳнат ва бандлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув меморандуми, қурилиш соҳасида келишув меморандуми ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси каби ҳужжатлар борлигини маълум қилган.
Муштарак матбуот анжуманида Туркия Президенти Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилганини билдирган.
«Турк ширкатларининг Ўзбекистондаги сармояси 1,5 миллиард долларга етганини тилга олган Президент Эрдўғон, пудратчи фирмалар Ўзбекистонда ҳозиргача 5 миллиард долларлик 241 лойиҳани муваффақиятли якунлаганини айтди», деб ёзади Туркия президенти матбуот хизмати.

Сурат манбаси, President.uz
Энергетик лойиҳалар
Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Тошкент вилоятида иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтган. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси томонидан амалга оширилган.
Президент Мирзиёев сўнгги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилганини айтган.
Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланган.
Музокаралар якунида Ражаб Тойиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёевга икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Туркияга ташриф билан келишни таклиф этган.

Хорижликларга нафақа Россияга оғирлик қилаяптими?
Россия 1992 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида пенсия таъминоти бўйича имзоланган шартномадан чиқишни режалаштирмоқда.
МДҲ фуқаролари учун пенсия кафолатлари тўғрисидаги шартнома 30 йил аввал имзоланган эди.
Бу шартномадан чиқиш Россияга икки йил ичида Пенсия жамғармаси бюджетидан 2,2 миллиард рублгача тежаш имконини беради, деб ёзади беради РБК нашри Россия Меҳнат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига таяниб.
Нашр 2023 йил 1январдан бошлаб амал қилиши кутилаётган бу қонун лойиҳаси ва ҳужжат мазмунини Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳукуматдаги манбалари тасдиқлаганини билдирди.
"Шартнома СССРда иш тажрибасига эга бўлган фуқароларнинг авлодлари манфаатларини ҳисобга олиш вазифасини муваффақиятли бажарди", дейилади қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида.
Қайд этилишича, бу қонун имзоланганига 30 йил бўлган ва бугунги кунда келишув ушбу давлатлар фуқароларига "пенсияга чиққандан сўнг пенсия ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш" имконини бермайди.
Шартномадан воз кечиш учун аргументлар орасида Россия бюджети юки ҳам бор. Шартномада, хусусан, Россияда яшовчи нафақахўрнинг МДҲ давлатларида олинган даромадлари пенсия кунидаги валюта курси бўйича рублга ўтказилган ҳолда Россияда олинган даромадлар сифатида кўриб чиқилади.
"Россия Федерациясига миграция оқимининг ўсиши муносабати билан келишувни амалга ошириш харажатлари ҳам ошиб бормоқда", дейилади тушунтириш хатида.

Сурат манбаси, TASS
Россия МДҲ учун ягона суд тузмоқчи
Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко МДҲ давлатлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ягона суд яратиш ҳақида сўз очди.
Расмийга кўра, аллақачон инсон ҳуқуқлари бўйича янги суд тўғрисидаги низом мувофиқлаштирилмоқда.
"МДҲ давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича судимизни ташкил этиш ғояси бор. У ёки бу давлатда тақиб қилинмоқда дея ҳисоблаган фуқароларнинг шикоятларини шу суд доирасида кўриб чиқсак бўлади", - деган Валентина Матвиенко.
Спикер Матвиенко бу суд сиёсийлаштирилмаган, холис бўлишига ишонч билдирган. «Ҳозир бундай суд тўғрисидаги низом мувофиқлаштирилмоқда, биз сиздан бундай суд ғоясини қўллаб-қувватлашингизни сўрадик», дейди спикер.
Россиялик таҳлилчилар аллақачон бу фикрнинг абсурдлигини билдиришган. «ЕОИИнинг суди амалиётига қараб туриб, бу фикрлар қанчалик танқидга бардош бермаслигини тушуниб олаверади», деб ёзишмоқда мустақил нашрлар.
"Халқаро судда айбланувчи сифатида кўрилаётган тараф, Европа инсон ҳуқуқлари судига тушадиган шикоятлар бўйича лидер мамлакат бош бўладиган суд таклиф қилинаяпти", дея фикр билдирди асли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зарнигор Омониллаева.
Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Россия омбудсмени Татьяна Москалькова ШҲТ аъзолари билан бирга инсон ҳуқуқлари конвенцияси ва судини ташкиллаштириш ҳақида гапирган эди.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Рамазон - қўшниларда маълум, Ўзбекистонда номаълум
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва Ислом дини тартиб-қоидалари асосида ойни кузатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини хабар қилган эди.
Таниқли уламолар ва малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Рамазон ойи киришини астрономик таҳлиллар асосида кузатиб бориши маълум қилинган.
«Унинг натижаларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашига киритади. Рамазон ойи бошланиши ҳақидаги хабар Уламолар кенгаши томонидан кўриб чиқилади», — дейилганди хабарда.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг таровиҳ намозларида хатм қилинадиган Қуръони карим тақсимоти жадвалида таровиҳ намозлари 1 апрелдан бошланиши кўрсатилган.
Ўзбекистонда Рамазон ойи қачон бошланиши ҳақида расмий хабарлар эълон қилингани йўқ.
Қорақалпоғистонда эса Рамазон 2 апрелдан бошланиши расман маълум қилинди.
«Рамазон ойининг биринчи куни 2 апрель санасидан бошланади. Демак, 2 апрель, шанба куни тонг отмасидан аввал, саҳарлик қилиб, рамазон рўзаси ният қилинади. Шунингдек, таровиҳ намозидаги Қуръон хатмлари 1 апрель, жума куни, хуфтон намозидан сўнг ўқилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Қозоғистон Мусулмонлари диний бошқармаси 25 март куни мамлакатда Рамазон ойи 2 апрелдан бошланиши, «ушбу қўшма қарор Ўзбекистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармалари билан келишган ҳолда қабул қилинганини» билдирган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















