Ўзбекистон: Умра нега қимматлашди ва ўзбекистонлик Қозоғистон намойишларида қатнашганми? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

border

Сурат манбаси, Gazeta.uz

  • ТИВ Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонликка оид хабарларни изоҳлади;
  • Мусулмонлар идораси умра тўлови ошгани борасида баёнот берди;
  • Ўзбекистонда илк бор дрон ишлаб чиқарилди;
  • UzAuto Motors биржада сотилади;

"Ўзбекистон фуқароси эмас"

ТИВ Ўзбекистон фуқароси Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этишда гумонланиб, қўлга олинганига оид хабарларни рад этиб чиқди.

Тасдиқланмаган хабарларда норозилик намойишларида қатнашган Ўзбекистон фуқароси 17 январь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида қўлга олингани борасида сўз боради.

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, бу шахс ўзбекистонлик эмаслигини маълум қилган.

Намойишлар, талон-торожларда иштирок этишда гумонланган ҳамда яшириниб юрган ёки мамлакат ташқарисига чиқиб кетишга уринган шахслар қўлга олинаётганини билдирган Қозоғистон МХҚ 17 январь куни Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилган 29 яшар шахс Туркистон вилоятида ушлангани, унинг телефонидан Чимкент шаҳридаги норозилик намойишлари тасвирлари топилгани ва бел қисмида ўқ изи мавжудлигини хабар қилган эди.

Қимматлашган умра

umrah

Сурат манбаси, Reuters

Икки йиллик танаффусдан сўнг ўзбекистонликлар яна Умра зиёратини адо этиш имконига эга бўлганлар.

Мусулмонлар идораси 22 январь куни биринчи рейс Саудия Арабистонига учишга тайёргарлик кўраётганини хабар қилган.

Идора жорий умра мавсумида, биринчи навбатда, пандемиядан олдин - 2020 йил февраль ойи охирига қадар тўлов қилган, аммо умрага бора олмаган инсонлар юборилишини билдирган.

Шунингдек, улар 4,7 миллион сўм миқдорида қўшимча тўлов қилишлари зарурлиги ҳам таъкидланган.

Ушбу билдирги жамоатчилик саволларига сабаб бўлиши ортидан Мусулмонлар идораси баёнот билан чиққан.

Идора нархлар қимматлашишини, асосан, коронавирус пандемияси таъсири билан изоҳлаган.

Баёнотда эпидемиологик вазият ортидан янги талаб ва хизматлар йўлга қўйилгани, хусусан, автобус ва меҳмонхоналарга мўлжалланганидан икки баробар кам зиёратчи жойлаштира бошлангани ҳамда Саудия қироллигида 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи жорий этилгани ҳақида сўз боради.

Бундан ташқари, зиёратчилар учун зиёрат жойларига яқин бўлган 5 юлдузли меҳмонхоналар олингани қўшимча қилинган.

Идора қўшимча тўлов тўлашни истамаган инсонларга аввалги тўловлари қайтариб берилиши, пуллар умра ҳисоб рақамида сақланаётганини билдирган.

"Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас", дейилади Мусулмонлар идораси баёнотида.

Миллий бренд — "Лочин"

drone

Сурат манбаси, Videograb/Mudofaa sanoati davlat qo'mitasi

Ўзбекистонда "Лочин" бренди остида илк учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарила бошланган.

Аппаратлар Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан тайёрланган.

Қўмита икки хил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилди ва йўлга қўйилганини маълум қилган.

Хабар қилинишича, самолёт ва квадрокоптер туридаги учувчисиз учиш аппаратлари бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган.

Қўмита хабарида улардан разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, қўриқхоналар, йўллар, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим объектларни кузатиб бориш каби мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида сўз боради.

Сотувга қўйилаётган UzAuto Motors

plant

Сурат манбаси, UzAuto Motors

Ўзбекистондаги автомашиналар бозорида монополь бўлмиш UzAuto Motors компанияси бир қатор йирик акциядорлик жамиятлари билан бирга сотувга қўйилади.

Президент 17 январь куни "Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаган.

Қарор билан UzAuto Motors, UzAuto Motors Powertrain, Дори-Дармон, Ўзбекистон Почтаси каби акциядорлик жамиятларидаги давлат улуши биржа орқали сотилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилиниши, норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилиши ҳамда резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилиниши белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek