Ўзбекистон: Қозоғистон билан чегара вақтинча ёпилади, эмланганларга автомобиль ютуғи ва Толибон Ўзбекистонга яна нима деди? Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Толибон сўзчиси Ўзбекистонга ташаккур айтиб чиқди;
Қозоғистон билан чегара вақтинча ёпилади;
16 февраль воқеаларига алоқадор шахс 23 йилдан сўнг ушланди;
ССВ эмланганларга автомашина ваъда қилди;
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Тақиқланган тухум экспорти ва яна ошаётган Ковид ҳоллари
- Ўзбекистон: Толибон расмий Тошкент учоқларни қайтариб бермаётганини айтди ва Самарқанддаги тоннелдан нега сув сизди?
- Дайжест. Ленин жасади кўмиладими? Пандемия қачон тугайди? Ўзбекистонликлар кўп давлатларда консулликлар ҳам кўпаяди
- Ўзбекистон: Ҳокимдан арз қилган ҳоким, ҳокимлар Ялтада дам олади ва энди фуқаролар текшириш учун ИИБга олиб кетилмайдими? – Янгиликлар
"Ўзбекистон - ишончли қўшнимиз"
Толибон воизи Забиҳулла Мужоҳид Ўзбекистон "ишончли қўшни" эканини билдириб, электр инқирозини ҳал этгани учун мамлакат ҳукуматига ташаккур изҳор этган.
Бундан аввал Афғонистондаги электр энергияси таъминотини назорат қилувчи DABS ширкати Ўзбекистон томони етказиб берилаётган электр энергияси миқдорини ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 60 фоизга қисқартириб юборганини хабар қилган эди.
Ушбу ҳолат Толибон расмийси Ўзбекистонни жиддий огоҳлантириб чиқиши ортидан юз берган.
11 январь куни Толибон муваққат мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистондан ўтган йилнинг август ойида афғон учувчилари қочиб ўтган учоқларни "яхшиликча" қайтариб беришни талаб этиб чиққан эди.
Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид акс ҳолда Толибон "бунинг оқибатларига юз тутишлари", "қўлларидаги бор имкониятларидан фойдаланиб, кучларини кўрсатишлари"ни таъкидлаган.
Ўзбекистон Толибон муваққат ҳукумати вакилининг ушбу таҳдидомуз сўзларига муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.
Бироқ Толибон мудофаа вазири чиқишидан бироз вақт ўтиб, Ўзбекистоннинг Талимаржон ИЭСидан Афғонистонга етказилиб берилаётган электр энергияси ҳажми ярмидан кўпроққа қисқартирилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
DABS ширкати электр импорти 13 январь куни эрта тонгда яна аввалги ҳолига қайтгани, ҳолатга Талимаржондаги техник муаммолар сабаб бўлганини билдириб чиққан.
Забиҳулла Мужоҳид шу куни ўзининг Twitter саҳифасида Толибон электр инқирозини ҳал этгани учун Ўзбекистонга ташаккур билдиришини ёзган.
"Исломий Амирлик ўз қўшнилари билан яхши ва мустаҳкам муносабатлар истайди. Ўзбекистон - бизнинг ишончли қўшнимиз. Ўртамиздаги барча муаммолар дўстлик ва яхши қўшничилик доирасида ҳал этилади", деган у.
Ёпилаётган чегара

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон 15 январдан Қозоғистон билан давлат чегарасини икки давлат фуқаролари учун кесиб ўтишни вақтинча тўхтатмоқда.
Ҳаво йўллари орқали кириб келаётган, ўз ватанига қайтаётган икки давлат фуқаролари, ҳукумат делегациялари таркибида бўлган расмийлар, халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар каби қатор шахсларга нисбатан бу тартиб қўлланилмайди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу тартиблар мамлакатга коронавируснинг янги "омикрон" штамми кириб келиши олдини олиш йўлида жорий этилаётганини хабар қилган.
Бир вақтнинг ўзида Қирғизистон билан давлат чегарасини кесиб ўтишда ҳам қўшимча тартиблар жорий этилган.
Хусусан, 15 январдан бошлаб Қирғизистондан чегара автомобиль ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган фуқаролар киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирус инфекцияси бўйича фақат салбий тест натижасини топширишлари керак бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари Ўзбекистоннинг Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара, Тоштепа, Бунёдкор, Жомий ва Қардошлик аҳоли пунктлари ҳудудига кириш ва чиқиш, шунингдек, транзит орқали ўтишларида коронавирус инфекцияси учун барча турдаги тестларни топширишлари талаб қилинмайди.
23 йиллик қидирув

Сурат манбаси, DXX
16 февраль воқеаларида иштирок этганликда гумонланган, 23 йилдан буён қидирувда бўлган шахс хорижда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган.
ДХХнинг маълум қилишича, "Туркистон ислом ҳаракати" аъзоси бўлмиш 55 яшар бу шахс террорчи ташкилотнинг Чеченистондаги жангариларни тайёрлаш лагерларига ўзбекистонликларни жўнатиш билан ҳам шуғулланган.
"1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этади ва ўша йилнинг март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетади", дейилади ДХХ хабарида.
Хабарда ушбу шахс МДҲ давлатларидан бирида яшириниб юрганлиги айтилади.
Эмланганларга автомобиль

Соғлиқни сақлаш вазирлиги январь, февраль ва март ойларида эмланганлик сертификатини олган ўзбекистонликлар ўртасида бош соврини автомобиль бўлган қимматбаҳо ютуқли ўйин ташкил этилишини хабар қилган.
Вазирлик, бир вақтнинг ўзида, мамлакат тадбиркорларига мурожаат йўллаган.
Мурожаатда ишбилармонлардан 20 январга қадар ходимларни коронавирусга қарши эмлатиш, сабабсиз эмланмаганларни эса ишга қўймаслик чораларини кўриш сўралган.
ССВ тез тарқалувчи "омикрон" штамми мамлакатда аниқлангани фонида коронавирусга қарши эмланиш "иқтисодиётнинг узлуксиз ривожланишига хизмат қилиши"ни таъкидлаган.
Вазирликнинг ушбу мурожаати Ўзбекистонда коронавирус ҳолати кундан кунга оғирлашаётган бир вақтда чиққан.
Охирги бир ҳафта ичида мамлакатда кунлик аниқланаётган коронавирус беморлари сони шиддат билан ўсиб бораётгани кузатилган.
Январь ойи бошида аниқланган кунлик касалланишлар сони 100 тадан қуйида бўлган бўлса, 12 январь куни 714 нафар, 13 январь куни эса 824 нафар инсонда коронавирус аниқланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















