Ўзбекистон: Тақиқланган тухум экспорти ва яна ошаётган Ковид ҳоллари – Янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
- Президент таътилдан қайтди;
- Ҳукумат тухум экспортини тақиқлагани хабар қилинди;
- Олий Суд 120 нафар қатағон қурбонини оқлади;
- Коронавирус ҳолатлари яна кескин ортди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Толибон расмий Тошкент учоқларни қайтариб бермаётганини айтди ва Самарқанддаги тоннелдан нега сув сизди?
- Дайжест. Ленин жасади кўмиладими? Пандемия қачон тугайди? Ўзбекистонликлар кўп давлатларда консулликлар ҳам кўпаяди
- Ўзбекистон: Ҳокимдан арз қилган ҳоким, ҳокимлар Ялтада дам олади ва энди фуқаролар текшириш учун ИИБга олиб кетилмайдими? – Янгиликлар
- Туркманистон-Толибон Афғонистони чегарасида тўқнашув: 'Ўт очилган'
Президент Шавкат Мирзиёев таътилдан қайтди
Президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтиб, одатий тартибда ишлашга киришган.
Унинг меҳнат таътили атиги икки кунга чўзилган.
Мирзиёев 5 январь куни қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан эди.
Бироқ расмий хабарда таътил муддатига ойдинлик киритилмаганди.
Президент меҳнат таътили давомида Қозоғистон, Тожикистон ва Туркия давлат раҳбарлари билан телефон орқали сўзлашиб, қўшни мамлакатда юзага келган вазиятни муҳокама қилгани хабар қилинган.
Тақиқланган тухум экспорти

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Вазирлар Маҳкамасининг баёни билан 1 апрелга қадар мамлакатдан тухум экспорт қилишга тақиқ қўйилган.
Маҳаллий блогер ва нашрлар паррандачилик корхоналари дуч келаётган бу муаммога эътибор қаратиб, тадбиркорлар экспорт тушумидан айрилаётгани, ҳатто, айрим бизнеслар ёпилиш арафасида тургани ҳақида ёзганлар.
Блогер Баҳодир Аҳмедов Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомаси суратини эълон қилган.
Унда "озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида тухум маҳсулоти экспортини 2022 йил 1 апрелига қадар тўхтатиш" тўғрисида сўз боради.
"Бундан тадбиркор жабр кўради. Тухуми яроқсиз бўлади тонналаб, бизнеси расво бўлади. Кейинги йил тухумам бўлмайди, экспорт ҳам. Иккаласидан мосуво бўламиз.
Ҳеч бўлмаса тадбиркорларни огоҳлантиришмаган ҳам. Яна битта баённома асосида. Бутун бошли экспорт масаласига қисқагина "оғзаки топшириқ бор" деб кўчани кўрсатиб юбораверишган", ёзган блогер.
Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказган Gazeta.uz нашри учта фермер хўжалиги тухум экспорти тўхтатилганини тасдиқлаганини билдирган.
Нашр билан суҳбатлашган экспортчилар манзили, асосан, Афғонистон бўлмиш экспорт тўхтаб қолиши ортидан кўп миқдорда йиғилиб қолган тухумларни ички бозорда сотишга улгурмасликлари, оқибатда маҳсулот айниб қолиши ёки ўз таннархида сотишга мажбур бўлиб, зарарга ишлашлари ҳақида гапирганлар.
Тадбиркорлар, шунингдек, банклардан кредит олган кўплаб ишлаб чиқарувчилар қарзларни тўлай олмаслик хавфи билан юзлашаётганини маълум қилганлар.
Давлат ветеринария қўмитаси эса бу хабарларни рад этиб чиқиб, тухум экспортини тақиқлашга оид на оғзаки, на ёзма кўрсатма бўлганини билдирган.
Бироқ кейинроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тухум экспортига қўйилган тақиқни тан олиб чиққан. Вазирлик бу қарор тухум нархи сентябрь-декабрь ойларида сезиларли қимматлашиши ортидан вақтинчалик чора ўлароқ олинганини билдирган.
Оқланган қатағон қурбонлари

Сурат манбаси, O'zbekiston Oliy Sudi
Совет даврида қатағонга учраган инсонларнинг иши қайта кўриб чиқилиб, 120 нафар ўзбекистонлик оқланган.
Олий суд 6 январь куни шундай қарор олган.
Бу инсонларга нисбатан келиб тушган 6 та жиноят иши қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан қайта кўриб чиқилган.
Ишчи гуруҳ 1921 йилдан 1930 йилга қадар даврни ўз ичига олган жиноят ишларини ўрганган.
Советлар томонидан ўзбекистонликларга нисбатан очилган бу жиноят ишларида, асосан, хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш, аксилинқилобий ташкилотларга аъзолик қилиш, инқилобий ҳаракат ва пролетариат синфига қарши фаол ҳаракат ёки курашиш, бандитизм каби айбловлар илгари сурилган.
Қатағонга учраган инсонларга отув ёки сургун ҳукми тайинланган.
"Суд жараёнида мана шу шахсларнинг барчаси оқланди. Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди", дейилади Олий суднинг 6 январь кунги хабарида.
Ковид юқтириш ҳоллари кескин ортди

Сурат манбаси, O'zbekiston SSV
Ўзбекистонда коронавирус ҳолатлари кескин ортиб, 9 кунлик танаффусдан сўнг яна ўлим қайд этилган.
ССВ 6 январь куни 251 инсонда коронавирус инфекцияси қайд этилганини хабар қилган.
Янги йилнинг илк кунида ўтган йилнинг март ойидан буён энг паст кунлик кўрсаткич қайд этилган эди.
Шу куни 88 инсонда коронавирус аниқланган.
5 январга қадар кунлик кўрсаткичлар сони 100 дан қуйида қолаётган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















