Афғонистон: Ашраф Ғани мамлакатдан қандай қочганини сўзлаб берди (видео)

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани Толиблар мамлакат пойтахтини қуршаб олиши ва у Кобул вайрон бўлмаслиги учун ватанини тарк этганини айтади.
Толиблар август ойида Кобулни ишғол этганди.
Ашраф Ғани 15 август тонггида ҳам Кобулни ташлаб чиқишини хаёлига ҳам келтирмаганини урғулайди.
Фақат ўзи ўтирган самолёт Кобулни тарк этаётганида Ашраф Ғани мамлакатни ташлаб чиқаётганини тушуниб етади.
Бу ҳақда собиқ президент Би-би-си радиоси билан суҳбатда маълум қилган.
Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетгани туфайли ҳамон қақшатқич танқидлар остида қолмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳозир собиқ президент Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилади.
BBC Radio 4 "Бугун" дастурида у Буюк Британиянинг собиқ ҳарбий мулозими генерал сэр Ник Картел билан суҳбатлашган.
Ашраф Ғани хотирлашича, Толибон жангарилари Кобулга кирмаслик шартига кўнишган, аммо "икки соатдан кейин вазият ўзгарган".
"Толибларнинг икки фарқли гуруҳи Кобулга икки томондан яқинлашиб келаётганди. Улар орасидаги жанг эҳтимоли 5 миллион аҳолиси бўлган пойтахтни вайрон қилиши мумкин эди".
У ўзининг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси ва рафиқаси Кобулни тарк этишларига кўнади. Ўзи эса Мудофаа вазирлигига бориш учун машина кута бошлайди.
Машина келмайди. Президент хавфсизлиги учун масъул шахс эса даҳшатга тушган ҳолда унга агар " қаршилик кўрсатсак, ҳаммамизни ўлдиришади" деб айтади.
"Менга икки дақиқа ҳам вақт бермади, мен Хўстга кетишим керак эди. У менга Хўст ҳам, Жалолобод ҳам таслим бўлганини айтди".
"Мен қаерга кетаётганимизни билмасдим. Парвоз қилганимизда мен Афғонистонни тарк этаётганимизни тушуниб етдим".
У Афғонистонни тарк этар экан, аксарият Ашраф Ғанини танқид остига олди.
Улар орасида вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ҳам бор эди.
Айбловлар орасида собиқ президент катта миқдорда пул билан қочгани ҳақидаги даъволар ҳам бор эди.
У бу айбловни жиддий рад этади ва халқаро тергов билан ўз номини оқлашга тайёрлигини урғулайди.
"Мен мамлакатдан ҳеч қанақа пул олиб чиққаним йўқ, буни қатъий бир шаклда айтаман. Менинг ҳаёт тарзим ҳаммага маълум. Менга пул нимага керак?"
Ғани жаноблари хатоларга йўл қўйилганини тан олади.
"Мен халқаро ҳамжамиятнинг сабр косаси тўлади деб ўйламагандим", дейди у.
15 август воқеаларига Ғанига кўра, Толиблар ва собиқ президент Трамп эришган келишув сабаб бўлган.
"Тинчлик жараёни ўрнига биз қўшинларни олиб чиқиш жараёнини бошладик".
"Бу келишув бизни том маънода "ўчириб" ташлади", дейди собиқ президент.
Келишувга биноан Америка ўзи ва иттифоқчиларининг қўшинларини қисқартириши, маҳкумлар алмашувига рози бўлиши керак эди. Шундан кейин Толиблар Афғон ҳукумати билан музокарага киришишга кўнганди.
Музокаралар иш бермади.
2021 йил ёзига келиб президен Байден ўз қўшинларини 11 сентябрга қадар Афғонистондан олиб чиқишга ваъда берди.
Толиблар эса Афғонистон шаҳару қишлоқларини эгаллай бошлади.
Кобулни Ашраф Ғани тарк этиши билан мамлакатга халқаро ва иқтисодий ёрдам кескин қисқарди.
Орадан уч ой ўтди.
Ғани айрим хатолар учун масъулиятни ўз бўйнига олади.
Бу хатолар орасида "халқаро ҳамкорликка ишонгани" ҳам бор.
"Менинг умр бўйи қилган ишим вайрон бўлди. Қадриятларим топталди. Яна мени балогардон қилишди", дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














