Афғонистон: Собиқ президент Толибонни яна иноғаларим, деди - video Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Ҳомид Карзай Толибон яна қудратга қайтиши ортидан илк бор Би-би-сига интервью берди. У ҳануз Кобулда. Афғонистонни тарк этмаган.
Ҳомид Карзай Афғонистоннинг Толибон тузуми қулатилиши ортидан тайинланган илк муваққат президенти бўлган.
Бунинг ортидан Афғонистонни 13 йил бошқарган.
У Афғонистоннинг сўнгги 20 йиллик тарихида энг узоқ қудратда қолган президенти.
Алоқадор мавзулар:
Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати 15 август куни қулаган.
Мамлакатнинг сўнгги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани худди ўша куни четга қочган.
Толибон пойтахт Кобулни ҳам эгаллаган айни шу санада айнан Ҳомид Карзай Афғонистонда "Мувофиқлаштирувчи кенгаш" тузилишини эълон қилган.
Афғонистоннинг собиқ президенти ўшанда бу кенгаш мамлакатда ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтишини назорат қилишини айтган.
Янги кенгаш таркибига Ҳомид Карзайдан ташқари Афғонистоннинг президентдан кейин энг юқори мартабали иккинчи расмийси доктор Абдулла Абдулла, таниқли ва қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондони Гулбиддин Ҳикматёрнинг ҳам кириши хабар берилган.
Орада Толибон нуфузли вакилининг улар билан учрашгани, мулоқот қилгани акслари ҳам кибер фазода бўй кўрсатган.
Аммо Афғонистонда ҳокимият ҳалича тинч йўл билан алмашмаган.
Қудратга қайтишидан саноқли ҳафталар ўтиб, Толибон ўзининг муваққат ҳукуматини эълон қилган, доимийси ҳақида ҳали-ҳануз жим.
Бу Ҳомид Карзайнинг толибларни илк бор иноғаларим дейиши эмас.
У ҳатто ўзи қудратда бўлган пайтда ҳам бундай баёнотлар билан кўп чиққан.
Айни мазмундаги сўзлари учун Афғонистон жамоатчилиги томонидан кескин танқидларга ҳам тутилган.
Ҳомид Карзай Толибонни нега биродарларим, дейди?
Афғонистон собиқ президенти билан Би-би-си мухбири Ялда Ҳаким суҳбати:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳомид Карзай: Бу бизнинг юртимиз, бу мамлакат бизга тегишли. Демак, биз ушбу тупроқнинг фарзандларимиз.
Биз кетмаслигимиз керак. Биз шу ерда қолиб, уни яхшилашимиз керак. Ва мен, чиқиб кетган барча афғонлардан ортга қайтиб, мамлакатни барпо этишни сўрайман.
Қудратда пайтим мен Толибонни биродарларимиз, деб атар эдим.
Айнан шу мақсадда мен уларни биродарлар, дегандим.
Бу сизнинг мамлакатингиз. Келинг, бирга ишлайлик. Келинг, бирлашайлик.
Ялда Ҳаким: Сизнингча, Толибон бунга қодирми?
Ҳомид Карзай: Менинг учрашувларим ўзаро фикр алмашувлар билан жуда яхши ўтди.
Кўплаб муаммолар кўтарилди: аёлларнинг ишга қайтиши, мактаблар.
Мамлакат байроғи. Миллий байроқ ва сиёсий жараёнга зарурат борлиги, барча афғонларга тегишли бўлган ҳукумат ва бутун афғонлар бизни ўзлариники деб кўришлари...
Ялда Ҳаким: Демак, сиз аёлларнинг жамиятдаги роли борасида очиқ мулоқот қилаяпсиз экан. Биз эса, мамлакатдаги аксар ўсмир қизларнинг мактабга боришларига йўл берилмаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ҳомид Карзай: Биз нафақат уларнинг мактабга қайтишларини, балки олий ўқув юртлари, ишларига қайтишларини ҳам истаймиз.
Ҳа, биз бу ҳақда Толибон билан музокаралар олиб бордик. Улар бунга рози бўлишди, тушунишди ва бу иш бўлади, деб айтишди.
Биз эса, бу иш ҳозироқ амалга ошиши керак деяпмиз.
Ялда Ҳаким: Сиз бир пайтлар бу давлатнинг раҳбари бўлгансиз. Афғонлар курашмади, афғонлар давлатни ҳимоя қилмади, деган гапларни эшитганингизда, қандай жавоб берасиз? Чунки, 66 минг афғон аскари қурбон бўлди.
Ҳомид Карзай: Афғонлар барчаси жасур одамлар. Аскарларимиз ҳам, толиблар ҳам.
Икки томон ҳам афғонлар. Гап мана шу ерда.
Мен узоқ вақтдан бери шуни айтиб келяпман, биз оға-инимиз.
Мамлакатимиз учун бирга ишлашимиз, бирлашишимиз керак. Бу биз учун яхши бўлади.
Ялда Ҳаким: Аммо ҳамма ҳам уларни биродар деб кўрмайди...
Ҳомид Карзай: Мен шундай деб кўраман.
Мен Толибонни ҳам ва барча афғонларни ҳам биродаримиз деб биламан.
Биз ҳаммамиз халқмиз, давлатмиз.
Ҳамма афғонлар азоб тортишди.
Толибонга қарши курашда Афғонистон хориж кучлари тарафидан бомбаланди.
Қишлоқларимизга бомба ташланди, болалар ўлдирилди. Оилалар пароканда бўлди.
Барча томонлар азият чекишди.
Ниҳояда бу - афғонларнинг уқубати.
Ялда Ҳаким: Америка Қўшма Штатларига, хусусан, Жо Байденга нима деган бўлардингиз. Чунки, сиз уни жуда яхши танийсиз...
Ҳомид Карзай: Улар яхшиси келиб афғон халқига ёрдам беришсин.
АҚШ ва иттифоқчилари, халқаро ҳамжамият Афғонистон ўзини қайта тиклашига кўмаклашишлари керак.
Барча томондан берилган жароҳатлар битишига ёрдамлашишсин.
Бугун Толибон ва уларнинг ҳукумати билан ҳамкорлик қилишлари керак.
Вазият ўнгланиши учун, яхшироқ Афғонистонни қуриш учун ишлашлари керак.
Ялда Ҳаким: Америкаликлар чегараоша амалиётлари ҳақида гапиришмоқда. Сиз бундан қанчалар хавотирдасиз?
Ҳомид Карзай: Мен бунга қатъиян қўшилмайман.
Агар сиз учоқларни Афғонистонга йўллаш ва ё ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун бошқа ҳудудлардан фойдаланар экансиз, бу нотўғри.
Биз Қўшма Штатлар билан дўст, иттифоқчи бўлишни хоҳлаймиз.
Лекин дўстлик билан бизнинг мамлакатимиз узра қирувчи учоқларнинг учишида фарқ бор.
Йўқ.
Ялда Ҳаким: Уйда қолиб кетаётган, синфхоналарига етолмаётган ёш ўсмир қизларга қандай гапингиз бор?
Ҳомид Карзай: Оҳ, ҳа. Ҳа
Ялда Ҳаким: Уларга нима деган бўлардингиз?
Ҳомид Карзай: Гўзал бир мужда! Ташқарига чиқинг ва ўқинг, жасур бўлинг.
Чунки шундай одамлар борки, сизнинг жасурлигингиз ва ўқишга чанқоқлигингизни билишса, бунга кўмак беришади ва бу амалга ошади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














