Дунё ўзларини тан олмаса, Толибон Афғонистонни нима қилмоқчи? Толибон, дунё ва Афғонистон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон муваққат Ташқи ишлар вазири Би-би-сига эксклюзив интервью берди.
Ўзларининг кейинги қадам ва режаларини очиқлади.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
Амир Хон Муттақий билан суҳбат Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига уч ой тўлган, эълон қилган муваффақ ҳукуматини ҳали ҳеч ким расман тан олмаган, мамлакат иқтисодий таназзул, инсоний ҳалокат ва очарчиликка юз тутишига оид хавотирлар жиддий кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди.
Ҳаракат шу йилнинг 15 август куни пойтахт Кобулни эгаллаган, 7 сентябрь куни ўзининг муваққат ҳукуматини дунёга таништирган ва Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилганди.
Аммо уларнинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман қонуний, деб эътироф этилмаган.
Халқаро ҳамжамият Афғонистонни қуролли йўл билан эгаллаган тақдирда, Толибонни яккалаб қўйиш билан таҳдид қилган.
Инклюзив бўлмаса, ҳукуматини ҳам қабул қилмаслигини айтган.
Афғонистоннинг четда сақланаётган миллиардлаб долларлик пулларини ҳам толибларга беришга ҳали-ҳануз мойиллик кўрсатмаган.
Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:
Амир Хон Муттақий билан суҳбат:

Сурат манбаси, Reuters/Afghan Islamic Press collage
Амир Хон Муттақий суҳбат аввалида ўз муваққат ҳукуматларининг инклюзив эканини яна бир бор таъкидлаган. Суҳбат чоғида ўзларига яхшигина бошоғриқ бўлиши айтилаётган ИШИДнинг бугунги қудратига ҳам атрофлича тўхталиб ўтган:
Жавоб: Янги ҳукумат таркибига президент Ашраф Ғани ҳукумати даврида ишлаган 500 мингга яқин одам киритилган. Уларнинг орасида оддий ходимлардан тортиб, юқори мартабали мулозимларгача бор. Агар инклюзив дегани турфа миллатлиликни назарда тутса, ҳукуматимиз худди шундай. Таркибида Афғонистондаги ҳар бир миллатдан вакил бор. Афғонистоннинг ҳар бир бурчагидан намоянда кирган. Панжшир, Бадахшон, Фарёб, Қандаҳор, Нангарҳор ва Кобулдан вазирларимиз бор. Кенг қамровли ҳукумат ҳар бир давлатда ўзича талқин қилинади. Аммо, бундан қатъиназар, биз янада инклюзив ҳукумат тузишга ҳаракат қиламиз.
Савол: Агар муваққат ҳукуматингизни ҳеч ким тан олмаса, нима қиласиз? Афғонистон тўқнаш келиб турган муаммоларни ҳал қилишга якка ўзингизнинг қурбингиз, қудратингиз етадими?
Жавоб: Афғонистоннинг тупроғи жуда унумдор. Қишлоқ хўжалиги ҳам яхши. Ўзининг сув манбалари ва йирик конлари бор. Умид қиламизки, давлат оёққа тура олади. Афғонистоннинг энг катта муаммолари ишғол ва урушлар эди. Энди бу икки масала ҳам ҳал қилинди. Шундай экан, биз келажакда Афғонистон ўнгланиб кетади, деган фикрдамиз. Ўтган уч ойнинг ўзида жуда катта ютуқларга эришдик. Афғонистонда кўплаб ўзгаришлар юз берди. Биз ҳатто давлат ходимларининг маошларини тўлашга имконли бўлдик.
Савол: Сизнинг муваққат ҳукуматингиз энди расмий Исломобод ва Покистон Толибон ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокараларига ҳам воситачилик қилмоқда. Бу ташаббус қандай шартлар асосида амалга ошаётир?
Жавоб: Афғонистон Исломий Амирлиги икки томоннинг талаби асосида бу музокараларга воситачилик қилаётир. Алҳамдилиллаҳ, натижаси ёмон эмас. Воситачилигимиз иш бераётир. Биз музокарачи икки томоннинг янада яқинлашишига умид қиламиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Савол: Минтақада ИШИД хавфи қанчалик катта? Уларга қарши якка ўзингиз кураша оласизми ёки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам кўмаги лозим бўладими?
Жавоб: Афғонистон ҳудудининг 70 фоизи Исломий Амирлик назорати остида бўлганида, бу минтақаларда ИШИД йўқ қилинган. ИШИД фақат расмий Кобул назорати остидаги ерларда фаолият юритган. Ҳозир ҳам биз гуруҳ фаол бўлган ерларда уларга қарши самарали чоралар кўраяпмиз. Ютуқларга ҳам эришганмиз. Бугун ИШИД кўп жойда ҳозир эмас. Баъзан кичик ҳудудлар, дейлик, масжидлар каби тинч аҳоли тўпланувчи жойларда ўз ҳужумларини уюштиришга муваффақ бўлаяпти. Лекин бунга ўхшаш ҳолат дунёнинг бошқа давлатларида ҳам юз бериши мумкин. Алҳамдилиллаҳ, бу масалада курашимиз иш бераяпти.
Савол: Дунёга бир неча маротаба Толибон ўзгаргани ҳақида айтилди. Агар шундай бўлса, у ҳолда нега ҳукуматингиз хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласида бунчалик оқсаяпти?
Жавоб: Ҳеч бир соҳада хотин-қизлар йўқ, дейиш тўғри эмас. Дейлик, соғлиқни сақлаш соҳасида аёлларнинг юз фоизи ишлайди. Кейин таълим соҳаси ҳам бунга бир мисол. Биз бу масалада муваффақиятга эришганмиз. Аёллар эҳтиёж бўлган соҳаларда меҳнат қилишга қодир. Бизда хотин-қизларни ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилиш сиёсати йўқ.
Савол: Афғон қизлари қачон тўлиқ ўрта таълим олишга имконли бўлишади?
Жавоб: Афғонистондаги вилоятларнинг ҳеч бирида маориф идоралари ёпилмаган. Барча вилоятлардаги таълим бўлимлари ҳам очиқ ва фаолиятда. Фақат биз уларни учтага ажратдик. Ўғил болалар бутун мамлакат бўйлаб бемалол таҳсил олишаяпти. Қизлар учун асосан бошланғич мактаблар очиқ. Қизларга мўлжалланган ўрта мактаблар ҳам босқичма-босқич очилмоқда. Баъзи вилоятларда очилган, баъзиларида ҳалича йўқ. Айрим мактаблар эса, коронавирус боис, ойларки, ёпиқлигича қолаётир. Биз бу ишни нолдан бошладик ва ҳозиргача 75 фоиз натижага эришдик. Бу соҳада ҳануз иш олиб бораяпмиз, ҳаракатдан тўхтаганимиз йўқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














