ИШИД Толибондан кучлими? Ўзбекистон ва дунё O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Афғонистондаги ИШИДдан хавотирда. Гуруҳ келаси олти ойнинг ичидаёқ ўзларига ҳужум қилиши мумкинлигини айтмоқда. ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўлиғича байъат келтирган сўнгги жангари гуруҳ бўлади. Ўзбекистон эса, Афғонистонга чегарадош учта Марказий Осиё давлатининг биттаси.
ИШИДнинг Афғонистондаги бугунги қудратини АҚШ Сенатининг Разведка қўмитаси ўрганган.
Қўмита ИШИД бор-йўғи келаси олти ойнинг ўзидаёқ АҚШни нишонга олиши мумкин ва гуруҳ худди шундай қилиш ниятида, деган хулосага келган.
Ўз хулосаларини Пентагоннинг юқори мартабали мулозими шу ҳафта сешанба куни АҚШ Конгрессига баён қилган.
Колин Калнинг чиқиши Афғонистон бугун ҳам АҚШ миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин, деган талқинларга сабаб бўлган.
Колин Кал АҚШ Мудофаа вазирининг Сиёсий масалалар бўйича ўринбосари бўлади.
Толибон, Афғонистон ва ИШИД

Сурат манбаси, AFP
Расмий Пентагоннинг бу баёноти Афғонистонда Толибон қайта қудратга келишидан бор-йўғи уч ойча ўтиб янграган.
ИШИДнинг Толибонга билвосита алоқаси бор, аммо бу икки гуруҳ Афғонистонда ашаддий рақиблар саналишади.
ИШИД минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлган Толибонни "жиҳоддан юз ўгирган муртадлар", деб билади.
Ҳозир Афғонистонда бирор бир хориж ҳарбийси йўқ, расмий Вашингтон ва толиблар ўртасида ўтган йили имзоланган битимга мувофиқ, сўнггиси 31 август куни мамлакатни тарк этган.
Бунинг ортидан Афғонистон бир қанча қонли ҳужумларга гувоҳ бўлган, ғарбликлар эвакуация жараёнининг ўзи ҳам нишонга олинган.
Уларнинг барчасига масъулиятни айнан ИШИДнинг Жанубий Осиёдаги Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
Колин Кал Сенат Қуролли қўмитасида берган кўрсатмасида бугун Толибоннинг ИШИДни жиловлай олиши-олмаслиги ҳануз ноаён қолаётганини айтган.
Ваъдалар

Сурат манбаси, Screenshot
АҚШ сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда Толибон баробарида ИШИД ва ал-Қоидага ҳам қарши жанг қилган.
Уларнинг мавқеъларини, айниқса, сўнгги йилларда ҳаводан ҳужумга тутиб келган.
"Бизнингча ҳам, Толибон ва ИШИД ашаддий рақиблардир. Шу боис, ҳаракат гуруҳнинг ортидан тушишга жуда иштиёқманд. Аммо толибларнинг бунга қанчалик қатъияти бор-йўқлиги маълум эмас", - деб айтган Пентагон вакили.
Колин Кал Афғонистондаги ИШИД жангари гуруҳи аъзолари сонини бир неча мингтага нисбат берган.
Толибоннинг муваққат Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ИШИД хавфи муаммосига эътибор қаратишларини айтган.
Афғонистон бошқа давлатларга қаратилган ҳужумлар учун таянч нуқтасига айланмаслигига оид ваъдаларини яна бир бор такрорлаган.
Ал-Қоида хавфи

Кал айнан Толибон билан алоқасини назарда тутиб, Афғонистонда ал-Қоида бундан-да жиддий бошоғриққа айланиши мумкин, деган фаразни ҳам илгари сурган.
АҚШ томонидан Афғонистоннинг 2001 йилги ишғолига ҳам айнан икки жангари гуруҳ ўртасидаги муносабатлар асос бўлган.
Толибон худди ўша йилнинг 11 сентябрь куни Нью-Йорк ва Вашингтонга қаратилган ҳужумларни уюштиргани ишонилган ал-Қоида лидерларига бошпана берган.
Расмий Вашингтоннинг уларни ўзларига топшириш сўровини рад қилган.
Калнинг айтишича, ал-Қоида келаси бир-икки йилнинг ичида яна ўша даражага ўсиб етиши мумкин.

Сурат манбаси, COURTESY
Афғонистондан қанчалик шоша-пиша чиқиб кетишгани анча обрўсини тўккан президент Жо Байден бу каби таҳдид қаршисида ўзларининг ҳушёр туришлари ва бўлишларини айтган.
АҚШ президенти Афғонистон ичкарисида разведка ишларини олиб боришда давом этишларини ҳам таъкидлаган.
Пентагон вакили ҳам ҳозирги мақсадлари ИШИД ва ал-Қоиданинг аввалгидек кучайишига йўл қўймаслик, бунинг олдини олиш эканини баён қилган.
Аммо АҚШ мулозимлари ўзаро суҳбатларида бунинг қанчалик қийин иш эканини ўзлари ҳам эътироф этишган.
Чунки Афғонистонда ҳозир бирор бир ҳарбийлари йўқ.
ИШИД ва ал-Қоидага зарба беришга қодир дронларини ҳам фақат Форс Кўрфазидан учира олишади, холос.
Колин Калнинг маълум қилишича, чегараоша аксилтеррор операцияларини амалга ошириш учун ўз қўшинларини жойлаштириш масаласида ҳозирча бирор бир Афғонистонга қўшни давлат билан келиша олишмаган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистонда, қарийб ўн йилдирки, фаолиятда.
Унга 2014 йилда Покистонда, ИШИД жангари гуруҳи Яқин Шарқда куч-қудратга тўлган бир пайтда асос солинган.
Афғонистон сўнгги йилларда бу икки жангари гуруҳ ўртасидаги қақшатқич жангларга ҳам саҳна бўлган.
Толибон ўзи етакчи жангари гуруҳ бўлган Афғонистонда бошқа бир рақибининг ўсиб, кучайиб, ўз ўрнини эгаллашини истамай келади.
Экспертларга кўра, ИШИД ҳозир рақибининг ютуғидан ғазабланган.
Толибоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини чиппакка чиқариш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилиши мумкин.
Толибон ва чет эллик жангарилар

Сурат манбаси, official
Афғонистоннинг сўнгги Ташқи ишлар вазири шу йил июль ойида Толибон аъзоларининг чорак фоизини "ал-Қоида" ва ИШИД аъзолари ҳам бўлган чет эллик жангарилар ташкил этишини айтган.
Аммо Ҳаниф Атмар уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.
У ҳам Толибон хорижий жангарилар ва халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини узмаганлигини баён қилган.
Буни минтақавий хавфсизликка эҳтимолий таҳдид дейиш баробарида, террорчи гуруҳлар учун ўз асосларини яна мустаҳкамлаш учун бир имконият эканини ҳам айтган.
Худди шу каби таҳдид манзарасида террорчи гуруҳларга қарши биргаликда кураш ва давлатларнинг ўзаро амалий ҳамкорликлари муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаганди.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистон ва Покистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ўзбеклардан ташқари, айрим Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, чеченлар ва уйғурлар ҳам жанг қилишгани айтилган.
Ҳаракат 2015 йил августида Толибондан юз ўгириб, тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.
Айнан Толибон билан 2019 йилги қақшатқич жанглар ортидан ҳаракатнинг Афғонистон шимолидаги таянч нуқтаси вайрон этилиб, фаолияти деярли барҳам топгани айтилган.
Аммо орада ҳаракат парчаланиб, унинг сафларидан яна Толибонга мойил, ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Афғонистон шимолидаги маҳаллий қўмондонлардан бири эса, яқинда Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида толиблар сафида бошқа хорижий жангарилар қаторида ўзбекистонликлари ҳам борлигини иддао қилган.
Қўмондон бунга жангариларнинг ўзлари тутиб, тинглашга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувлари далолат қилишини айтганди.
Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар Покистондан Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларига ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар оилаларининг келиб, ўрнашаётганликларидан хавотир билдириб келишгани ҳам кўрилган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчилари ва омон қолган аъзолари узоқ йиллар давомида айнан Покистондан бошпана топиб келишган.
Минтақада ўз манфаатларини парваришлаш қайғусида бўлган геосиёсий қудратларнинг жангари гуруҳлар таҳдидидан ўзларининг сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиб келишаётганига оид қарашлар эса, минтақавий ва халқаро таҳлилчилар орасида кенг тарқалган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













