Ўзбекистон Исломий ҳаракати, ИШИД ва бошқа жиҳодий гуруҳлар Толибоннинг ютуғига нима дейишмоқда? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Толибон Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги энг яқин иттифоқчиси бўлган.
Ҳаракат илк бор байъат келтирган дунёдаги биринчи жангари гуруҳ саналади.
Улар сўнгги ойларда яна Толибон сафларида жанг қилишганига оид хавотирлар яқинда халқаро миқёсда янграган.
Толибон эса, худди шу вақт оралиғида Афғонистонни қайта босиб олган.
Исломий Амирлиги қулатилишидан 20 йил ўтиб, яна пойтахт Кобулга кирган, қудратга қайтган.
Шу кунларда ўзининг янги ҳукуматини эълон қилиш режасида эканини ҳам маълум қилган.
Ҳаракат бунга ҳали хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонда бўлган пайтда муваффақ бўлган.
Толибларнинг яшин тезлигидаги бу каби муваффақияти алоҳида таҳлилталаб воқеъликка айланган, бунинг дунёнинг аксарият таҳлилчилари бирдек эътироф этишган.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлади.
Сўнгги икки ўн йилликда афғон тупроғида жанг қилган, бошпана топган ва жон сақлаётган гуруҳлар эса, биргина толиблар билан чекланмайди.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Getty Images
BBC Monitoring нинг жиҳодчи медиа бўйича эксперти Мина Ал-Ламийнинг айтишича, ИШИДдан бошқа жиҳодий гуруҳлар ҳозир Толибоннинг "тарихий ғалабаси"ни олқишлашмоқда.
Улар буни "бутун дунёдаги жиҳодчилар ва исломий ҳаракатларнинг бирдек ютуғи" сифатида кўришаётир.
Экспертга кўра, ҳозир жиҳодий гуруҳлар Толибон Афғонистонда яна Шариатга асосланган исломий давлат қурармикан ёки йўқми деб, қараб, кузатиб туришибди.
Агар, барпо этадиган бўлса, бу каби бир тузумда Шариат қонунларининг қаттиқми ёки юмшоқ - қандай амал қилишига ҳам қизиқишаяпти.
Кулдан қад ростлаган кичик бир гуруҳ сифатида АҚШ ва Нато томонидан дастакланган бир мамлакатни саноқли ҳафталарнинг ичида босиб олиши Толибонни уларнинг кўз ўнгида афсонага айлантирган, дейди эксперт.
Толибоннинг Афғонистонда яна қудратга қайтишига Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва улар сафларидан ажралиб чиққан Исломий Жиҳод Иттифоқи гуруҳининг муносабати қандай бўлгани ҳозирча маълум эмас.
Ҳар икки жангари гуруҳнинг ҳам бу хусусда бирор бир баёнот ёки мурожаат билан чиқишгани кўзга ташланмайди.
Аммо...

Сурат манбаси, AFP
Толибоннинг йирик шаҳарларга қарши қаратилган ҳужумлари манзарасида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтган ой бошида ўша пайтда қудратда бўлган афғон ҳукуматининг сўрови билан Афғонистон масаласини кўриб чиққан.
Худди шу йиғин чоғида толиблар Афғонистонда ёлғиз ҳаракат қилишмаётганига оид баёнотлар янграган.
Афғонистоннинг БМТ қошидаги элчиси Хавфсизлик Кенгашига мамлакатда 10 мингдан зиёд чет эллик жангари фаолият юритаётганини айтган.
Элчи Ғулом М.Исакзай улар намоён этган 20 та жангари гуруҳ сирасида Ал-Қоида тармоғи ва ИШИДни ҳам тилга олиб ўтган.
У ўз чиқишида, "Туркистон Исломий ҳаракати ва ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибон назорати остида ўз оилалари билан бошпана топиб келаётган Фарёб, Жаузжон ва Бадахшонда толиблар сафида жанг қилишганининг далолати тобора ортиб бораётгани"ни айтган.
Аммо Ўзбекистон Исломий ҳаракати назарда тутилганда ҳам, уларнинг аниқ сонини очиқламаган, ўзи тилга олиб ўтган 10 мингдан зиёд чет эллик жангарининг қанчаси уларнинг ҳисобига тўғри келиши ноаён қолган.
Афғон элчиси буларнинг барчаси ҳақида Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги номидан баён қилган.
Элчи Ғулом М.Исакзай "Толибон ва трансмиллий террорчи гуруҳлар ўртасидаги алоқа ҳозир бу яқин йилларда кўрилмаган даражада кучли" эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Жиҳодий медиа бўйича эксперт Мина ал-Ламийнинг айтишича, Толибоннинг бугунги ташқи сиёсати - қўшни давлатлар ва Хитой каби минтақавий ўйинчилар билан илиқ муносабатларга интилаётгани ал-Қоида тарафдорлари ҳамда бошқа ашаддий жангари гуруҳларга маъқул келаётгани йўқ.
Улар Толибоннинг Афғонистондаги барчани намоён этувчи инклюзив ҳукумат тузиш режасидан ҳам хуш эмас, дейди эксперт.
Толибон ва ИШИД

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистонда, қарийб ўн йилдирки, ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳам амал қилади.
ИШИДнинг Хуросон қанотига 2014 йилда Покистонда, ИШИД жангари гуруҳи Яқин Шарқда куч-қудратга тўлган бир пайтда асос солинган.
Афғонистон сўнгги йилларда бу икки жангари гуруҳ ўртасидаги қақшатқич жангларга ҳам саҳна бўлган.
Толибон ўзи етакчи жангари гуруҳ бўлган Афғонистонда бошқа бир рақибининг ўсиб, кучайиб, ўз ўрнини эгаллашини истамай келади.
Толибларнинг қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда уюштирилган илк қонли ҳужумга масъулиятни ҳам айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган.
Ўтган ҳафта Кобул халқаро аэропорти ташқарисида амалга оширилган худкушлик ҳужуми 200 га яқин одамнинг умрига зомин бўлган.
Қурбонлар орасида АҚШ фуқаролари ва Толибон аъзоларининг борликлари ҳам хабар берилган.
ИШИД ҳануз Толибонни ўзининг ашаддий рақиби сифатида кўради.
Гуруҳ толибларни "жиҳоддан юз ўгирган муртад жангарилар", деб атайди.
Экспертнинг айтишича, ИШИД ҳозир рақибининг ютуғидан ғазабланган.
Толибоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини чиппакка чиқариш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилиши мумкин.
Бу икки жангари гуруҳнинг ҳамкорлик қилиши даргумон, Толибонга ИШИДга ўхшаш Афғонистонда имкониятлари, заҳиралари чекланган кичик гуруҳ керак эмас, дейди у.
Мина ал-Ламийнинг ўз кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, Толибоннинг сўнгги ютуғи ИШИД тарафдорлари томонидан кенг шарҳланмоқда.
Экспертга кўра, улар томонидан билдирилаётган фикрлар орасида Толибон АҚШнинг жосуси ва Америка сиёсий битим орқали Афғонистонни уларга топширди, деган қараш устун.
Толибон ва чет эллик жангарилар

Сурат манбаси, official
Афғонистоннинг сўнгги Ташқи ишлар вазири шу йил июль ойида Толибон аъзоларининг чорак фоизини "ал-Қоида" ва ИШИД аъзолари ҳам бўлган чет эллик жангарилар ташкил этишини айтган.
Аммо Ҳаниф Атмар уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.
У ҳам Толибон хорижий жангарилар ва халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини узмаганлигини баён қилган.
Буни минтақавий хавфсизликка эҳтимолий таҳдид дейиш баробарида, террорчи гуруҳлар учун ўз асосларини яна мустаҳкамлаш учун бир имконият эканини ҳам айтган.
Худди шу каби таҳдид манзарасида террорчи гуруҳларга қарши биргаликда кураш ва давлатларнинг ўзаро амалий ҳамкорликлари муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаганди.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, COURTESY
Афғонистон ва Покистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ўзбеклардан ташқари, айрим Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, чеченлар ва уйғурлар ҳам жанг қилишгани айтилган.
Ҳаракат 2015 йил августида Толибондан юз ўгириб, тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.
Айнан Толибон билан 2019 йилги қақшатқич жанглар ортидан ҳаракатнинг Афғонистон шимолидаги таянч нуқтаси вайрон этилиб, фаолияти деярли барҳам топгани айтилган.
Аммо орада ҳаракат парчаланиб, унинг сафларидан яна Толибонга мойил, ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Афғонистон шимолидаги маҳаллий қўмондонлардан бири эса, куни-кеча Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида толиблар сафида бошқа хорижий жангарилар қаторида ўзбекистонликлари ҳам борлигини иддао қилган.
Қўмондон бунга жангариларнинг ўзлари тутиб, тинглашга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувлари далолат қилишини айтган.
Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар Покистондан Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларига ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар оилаларининг келиб, ўрнашаётганликларидан хавотир билдириб келишгани ҳам кўрилган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчилари ва омон қолган аъзолари узоқ йиллар давомида айнан Покистондан бошпана топиб келишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













