Америка Афғонистонда нега уруш очган эди - бунинг 10 та сабаби Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, BBC/Getty Images
20 йил ўтиб, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқмоқда. Нега ўзи АҚШ у ерда уруш олиб борди ва энди мамлакатда нималар рўй беряпти? Толибон Афғонистонда ҳеч қачон йўқ бўлмаганми?
20 йил ўтиб, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқмоқда.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун Баграм ҳарбий базаси Толибон ва ал-Қоидага қарши урушда эпицентр вазифасини ўтади.
2001 йил декабрида АҚШ етакчилигидаги кучлар базага жойлашди ва у 10 000 аскарни сиғдирадиган йирик базага айланди.
Президент Жо Байден 11 сентябрга қадар АҚШ кучларини олиб чиқиб кетишга ваъда бергани ортидан улар базани ташлаб кетишди.
Бу орада Толибон Афғонистон бўйлаб туманларни босиб олиб, қудратини орттириб боряпти.
Бу урушнинг зарари жуда улкан бўлди - инсонлар ўлди, катта маблағ кетди.
Аммо буларнинг бари нима учун, АҚШ аввал бошда қўйган мақсадига етдими?
АҚШ нега Афғонистонни истило қилди?
2001 йил 11 сентябрда АҚШдаги ҳужум қарийб 3000 одамни ўлдирди. Ўшанда йўловчи учоқлари ўғирланиб, Нью Йокдаги Жаҳон Савдо маркази ва Виржиниядаги Пентагонга бориб урилган эди. Яна бир учоқ Пенсильванияда далага қулаган.
Исломчи террор гуруҳи ал-Қоида етакчиси Усома бин Лоден тезда асосий айбдор, деб топилди.
Ўша пайтда Афғонистонни бошқараётган радикал исломчилар - Толибон Бин Лоденни ҳимоя қилиб, уни топширишдан бош тортди. Шундай қилиб, 11 сентябрь воқеаларидан бир ой ўтиб, АҚШ ҳар икки гуруҳни йўқ қилиш учун Афғонистонга ҳаводан зарба бера бошлади.
Кейин нима бўлди?
АҚШ ва унинг халқаро ва афғон иттифоқчилари ҳужум бошлаганидан икки ой ўтиб, Толибон режими қулади ва унинг жангарилари Покистонга қочди.
Аммо улар шунчаки йўқ бўлиб кетмади, уларнинг таъсири тағин ўса бошлади. Гуруҳ наркотик савдоси, кончилик ва солиқлардан миллионлаб доллар қозонар эди.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ дастагидаги янги ҳукумат 2004 йилда ҳокимиятни қўлга олди, аммо Толибоннинг қонли ҳужумлари келгуси йилларда давом этди. Афғон ҳукумати кучлари билан ҳамкорлик қилган халқаро кучлар яна ғайрати ошиб қолган Толибонга қарши кураш олиб борди.
Бу урушлар афғонларга қимматга тушди - ҳам инсоний талафот, ҳам ҳарбий.
Афғонистоннинг муаммоси 2001 йили бошланганмиди?
Қисқа жавоб: йўқ.
Афғонистон АҚШ истилосидан аввал ҳам ўн йиллар давомида деярли барқарор уруш ҳолатида бўлиб келган.
1970-йиллар сўнгида Совет армияси у ердаги коммунист режимни қўллаш учун мамлакатга бостириб кирди. Сўнг мужоҳидлар деб аталган, АҚШ, Покистон, Хитой ва Саудия Арабистони ва яна бир қанча давлат дастагидаги қаршилик ҳаракати билан уришди.
Совет қўшинлари 1989 йили олиб чиқиб кетилди, аммо фуқаровий уруш давом этди. Кейинги тартибсизликлар асносида Толибон ўртага чиқди.
Толибон қандай қилиб бунча таъсирга эга бўлди?
Толибон таъсири 1990-йиллар бошида Покистон шимоли ва Афғонистон жануби ғарбидаги чегара ҳудудларда кучайди. Улар коррупцияга қарши курашга, вайронкор фуқаровий уруш асоратлари билан курашаётган афғонлар хавфсизлигини таъминлашга ваъда бердилар.

Улар тезликда ўз таъсирларини кенгайтириб, исломий жазо тизимини - жумладан, қотиллик ва зинода айбдор топилганларни омма олдида қатл қилиш, ўғирликда айбланганларнинг қўлини кесишни амалга киритдилар ва қўллаб қувватладилар. Эркаклар соқол ўстириш, аёллар бурқа кийишга мажбурланди.
Толибон телевизор, мусиқа ва кинони тақиқлади, 10 ва ундан катта ёшдаги қизларнинг мактабда ўқишини чеклади.
Шундай қилиб, Толибон ҳеч қачон йўқ бўлмаганми?
Ўтган йигирма йил ичида Толибон баъзида чекинди, аммо ҳеч қачон йўқ бўлмади.
Афғонистонда 2001 йилдан бери энг қонли 2014 йил сўнггида мамлакатда доимий қолиб кетишдан хавотирдаги халқаро кучлар ўз уруш миссияларини тугаллаб, Толибон билан курашни афғон армиясига қолдирди.
Аммо бу Толибон ҳаракатини жонлантирди. Улар ҳудудларни қўлга киритар, ҳукумат ва фуқаровий обьектларни портлатарди.
2018 йилда Би-би-си Толибон Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудида очиқча фаол эканини аниқлаган эди.
Можаро қанчага тушди?
2300 дан ортиқ АҚШ ҳарбий хизматчиси ўлди, 20000дан ортиғи жароҳат олди. 450 британиялик ва яна юзлаб бошқа мамлакатлардан келганлар ўлди.

Сурат манбаси, Reuters
Аммо энг катта инсоний талафот афғон халқи елкасига тушди. Тадқиқотда аниқланишича, 60000дан ортиқ афғон ҳукумати хавфсизлик кучлари аъзолари ўлган.
БМТ 2009 йили оддий фуқаролар орасидаги қурбонликларни рўйхатга олишни бошлагандан бери қарийб 111 000 одам ўлган ёки жароҳатланган.
Бир ўрганишга кўра, бу уруш АҚШ солиқ тўловчиларига 1 триллион долларга тушган.
Толибон билан битим
2020 йил февралида АҚШ ва Толибон Афғонистонга "тинчлик келтириш учун битим" имзолади.
Битимга кўра, Толибон ўз назоратидаги ҳудудларда ал-Қоида ёки бошқа экстремист гуруҳлар фаолиятига чек қўйиши эвазига АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетади.
Ўтган йилги музокаралар бир қисми сифатида Толибон ва афғон ҳукумати маҳбусларни озод қилишда қатнашди.
Битим имзоланганидан сўнг бир неча ой ичида деярли 5000 Толибон жангариси озод қилинди.
АҚШ, шунингдек, Толибонга қарши санкциялар ва яна айрим муайян жазо чораларини бекор қилиш учун БМТ билан ишлашга ваъда берди.
АҚШ бевосита, афғон ҳукумати ҳозирлигисиз Толибон билан музокара қилди. Шунча йилдан кейин одамларимизни уйларига қайтариш вақти келди", деди АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Дональд Трамп.
АҚШнинг барча кучлари чиқиб кетадими?
Баграм ҳарбий ҳаво базасидан охирги АҚШ ва НАТО кучлари олиб кетилиб, база Афғонистон ҳукуматига топширилди.
"Associated Press"га кўра тахминан 650 нафар АҚШ аскари мамлакатда қолади. Улар дипломатларни қўриқлайди ва Афғонистондаги асосий транспорт маркази Кобул халқаро аэропортини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Ҳозир аҳвол қандай?
Битим имзоланганидан бери Толибон ҳужум тактикасини ўзгартириб, шаҳарлар ва ҳарбий постларга ҳужумдан оддий фуқароларни қўрқитувчи аниқ мўлжалли суиқасдларга ўтди.
Улар жуда катта ҳудудларни эгалламоқда, хорижий кучлар чиқиб кетгач, ҳукуматни ағдариш билан ҳам таҳдид солмоқда.
Ал-Қоида ҳам Афғонистонда фаолиятини давом эттирмоқда, ИШИД гуруҳи ҳам ҳужумлар содир этмоқда.
Кобул келажаги бўйича ҳам хавотирлар ўсиб бормоқда, аммо Афғонистон президенти Ашраф Ғани таъкидлашича, мамлакат хавфсизлик кучлари исёнчиларни жиловлаб туришга тўлиқ қудрати етади.
Афғонистонда 20 йил. Арзийдими?

Сурат манбаси, Reuters
"Буни нима билан ўлчашингизга боғлиқ", дейди Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Фрэнк Гарднер.
Асосий хавфсизлик манбаларининг Би-би-сига айтишича, уруш бошланганидан бери Афғонистонда фақат битта халқаро террор ҳужуми режаланган.
"Халқаро аксилтерроризмни назарда тутсак, Ғарб ҳарбийлари ва хавфсизлик кучларининг у ерда бўлиши мақсадига етган", дейди Фрэнк Гарднер.
Аммо йигирма йил ўтиб, Толиблар умуман енгилгани йўқ ва ҳамон асосий жангари гуруҳ бўлиб турибди.
Айрим хабарларга кўра, июнь ойида коалиция кучлари келгандан бери энг ёмон зўравонликлар амалга оширилган, юзлаб одам ўлган. Қийинчилик билан эришилган ривожланиш ҳам хавф остида турибди, кўплаб мактаблар, ҳукумат бинолари, энергия тизимлари зарар кўрмоқда ёки йўқ қилинмоқда.
"Ал-Қоида, ИШИД ва бошқа жангари гуруҳлар йўқотилгани йўқ, улар қайта хуруж қилмоқда, охирги Ғарб кучлари чиқиб кетишидан руҳланмоқда", дейди Гарднер.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














