Туркманистон-Толибон Афғонистони чегарасида тўқнашув: 'Ўт очилган' Turkmaniston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хабарларга кўра, туркман ҳарбийлари толиблар билан тўқнашишган. Томонлар бир-бирларини ўққа тутишган. Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади. Толибон қудратга қайтган сўнгги беш ойча вақт ичида қолган минтақа давлатларидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.
Туркман-афғон чегарасидаги отишма ҳақида кеча, душанба куни Афғонистоннинг айрим интернет нашрлари хабар беришган.
Улар ўз хабарларида Толибон муваққат ҳукуматининг маҳаллий масъулларига таянишган.
Расмий Ашхобод ва Толибон воизлари эса, ҳозирча жим, икковлон ҳам бу хусусда бирор бир расмий муносабат билан чиқишмаган.
Алоқадор мавзулар:

- Толиблар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга ҳам таҳдид солиши мумкинми? Афғонистон ва хавфсизлик
- Толибон Афғонистони Ўзбекистонга таҳдидми ёки янги имконият
- Мирзиёев Толибон билан мулоқотда бўлишлари 'табиий' эканини айтди, Ўзбекистон Ҳайратон кўпригини очди
- Афғонистон-Ўзбекистон: Толибон Ўзбекистонни шеригимиз деб атади
Тафсилот ўрнида
Хабарларга кўра, ҳодиса 3 январь куни ўзаро чегаранинг Афғонистоннинг Хамоб туманидан ўтувчи қисмида юз берган.
Хамоб Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош тўртта вилоятидан биттаси бўлган шимолий Жаузжонга қарайди.
Жаузжон Афғонистоннинг этник туркманлар баробарида ўзбеклар ҳам кўп ва зич яшовчи вилоятларидан бири бўлади.
Ҳар икки қўшни давлат чегарасида нега ўт очилгани сабаби маълум эмас.
Маҳаллий афғон нашрлари эса, бу хусусда Толибон муваққат ҳукуматининг Жаузжондаги масъулининг сўзларидан иқтибос келтиришган.
Ҳилол Балхийнинг айтишича, "бундан бир неча кун бурун туркман чегарачилари бир афғон фуқаросини ўлдириб, яна уч нафарини ўлдиришган".
"Юз берган ҳодисани ўрганиш учун борган пайтларида эса, Толибон кучларининг ўзлари ҳам улар томонидан ҳужумга тутилишган".

Сурат манбаси, BBC/ARXIV
Ўзаро отишмада қурбон бўлганлар ёки яраланганларнинг бор-йўқлиги маълум эмас.
Ҳилол Балхийнинг айтишича, Толибон кучлари туркман чегарачиларига эмас, ҳавога қарата ўт очишган.
У Толибоннинг Жаузжон вилоятидаги Ахборот ва маданият бошқармасининг муваққат бошлиғи бўлади.
Аммо Толибон масъулининг сўзларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи ва имкони йўқ.
Қарийб беш ойдирки, Афғонистон яна толибларнинг назорати остида.
Нейтрал Туркманистон эса, дунёнинг энг ёпиқ, иҳоталанган давлатларидан бири бўлади.
Толибоннинг Афғонистонни қайта забт этиши билан якун топган ютуқлари манзарасида қатор минтақавий нашрлар Туркманистон ҳукумати Афғонистон билан чегарасига ҳарбийлар ва кўплаб оғир ҳарбий техника ташлаётгани ҳақида ҳам ёзишган.
Орада уларга таяниб, бу ҳақда айрим етакчи Ғарб ва Ўзбекистондаги нашрларнинг ҳам хабар беришгани кўрилган.
Аммо бунинг ортидан Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги расман раддия билан чиққан. Вазирлик бу хабарларни тасдиқламаган.
Вазирлик "Россиянинг бир қатор оммавий-ахборот воситаларини туркман-афғон чегарасидаги вазият ҳақида текширилмаган ва очиқдан-очиқ нохолис ахборот тарқатаётганлик"да айблаган.
"Икки қўшни давлат ва уларнинг халқлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари туфайли туркман-афғон чегараси - дўстлик ва ҳамкорлик чегараси" эканини баён қилганди.
Афғонистон ва Туркманистон

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан бири саналади.
Тожикистондан кейин Афғонистон билан чегараси узун иккинчи Марказий Осиё давлати ҳисобланади.
Бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг узунлигини қарийб 1 минг қилометрни ташкил этади.
Туркманистон ҳам минтақанинг Афғонистондаги қайта тиклаш ишлари фаол бош қўйган ва ўзининг йирик иқтисодий манфаатларига эга давлати.
Улкан табиий энергия захираларига эга бўлган мамлакат, йилларки, ўз газини Афғонистон орқали четга янада кўпроқ экспорт қилишни ҳам истайди.
ТАPI газ қувурининг қуриб битказилишидан манфаатдор, бу лойиҳага катта эътибор ва қизиқиш билдириб келади.
Халқаро миқёсда иҳоталаниб келинаётган ва муваққат ҳукумати ҳалича дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган Толибон ҳам, ўз навбатида, ўзларига қўшни минтақа мамлакатларининг Афғонистонга сармоя киритишлари илинжида.
Исломий Амирлик ўзининг бу истагини сўнгги ойларда ошкора баён қилиб келади.
Афғонистоннинг стратегик аҳамиятга эга энг йирик портларидан бири Оқина ҳам Туркманистон билан икки ўртада жойлашган.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон Марказий Осиёнинг ягона нейтрал давлати.
Ўзбекистон билан бирга Афғонистон билан боғлиқ тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш истагини билдириб келаётган иккита давлатдан биттаси.
Толибоннинг юқори мартабали ҳайъати ўтган йил расмий Ашхободнинг таклифи билан икки бор Туркманистонда ҳам бўлиб қайтишган.
Туркманистон толиблар музокаралар учун борган саноқли минтақа давлатларидан бири бўлган.
Аммо ҳар икки гал ҳам пойтахт Ашхободда кечган музокаралар тафсилотлари ноаён қолган.
Июль ойида кечган сўнггиси ортидан эса, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакили Озодлик радиосининг Туркман хизматига берган интервьюсида музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ва сиёсий алоқалар қаторида хавфсизлик ва чегара масалалари ҳам айтганди.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар глобал коронавирус пандемияси фонида Туркманистоннинг ўзини ташқи дунёдан қанчалик иҳоталагани фонида амалга ошгани Толибон ҳайъатининг Ашхободга ташрифининг аҳамиятини алоҳида урғулашини ҳам таъкидлашганди.
Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар бошларида ҳам Туркманистоннинг Толибон билан ўзаро муносабатларига жиддий раҳна етмаган, мўътадил ушлаган.
Икки қўшни давлат чегарасидаги қуролли тўқнашувларга оид хабарлар бундан аввал ҳам олинган.
Аммо ўша пайтда Туркманистон чегарасини бузиб ўтишга уринган шахсларнинг асосан гиёҳванд моддалар контрабандчилари экани айтилган.
Ўзаро чегара

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистон билани энг қисқа ташқи чегараси бўлган ва йилларки кучли қўриқланиб келиши айтилган Ўзбекистонникидан фарқли тарзда, Тожикистон ва Туркманистонникининг ҳимояси ҳар доим жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган.
Бундай хавотирларга сабаб бўлаётган асосий омиллар ўлароқ бу икки давлат чегарасининг узунлиги, ноқулай жўғрофий жойлашуви баробарида, айнан Тожикистон назарда тутилганда, иқтисодий имкониятларининг пастлиги ҳам тилга олинади.
Орада Туркманистон Қуролли Кучларида озиқ-овқат тақчиллиги юзга келгани ёки ҳарбийларининг тайёргарликлари билан боғлиқ муаммолар борлигига оид хабарлар ҳам олинган.
2015 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан туркман-афғон чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраганига оид гап-сўзлар ҳам юзага чиққанди.
Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини ҳали Толибон қудратга қайтмасидан аввал, ўтган июнь ойида бир томонлама ёпган.
Расмий Тошкент бунинг сабабини Афғонистондаги "коронавирус билан боғлиқ кескин ёмонлашиб бораётган вазият" билан изоҳлаган.
Бунинг ортидан ўзаро чегаранинг қайта очилганига оид расмий хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.
Ўтган йил сентябрь ойида наманганлик сайловчилари билан учрашуви чоғида Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан "чегарадаги вазият ҳар куни диққат марказларида" эканини айтган.
"Ҳеч кимнинг сарҳадларига дахл қилишига йўл қўймасликлари", "чунки Ўзбекистонда қонун устувор ва жазо муқаррар" эканини таъкидлаган.
"Дахлсизлик масаласида позициялари қатъий экани", аммо, "керак бўлса, чегараларини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатишлари"ни баён қилганди.
Шавкат Мирзиёев худди шу учрашуви чоғида Афғонистон билан чегараларида бир Ўзбекистон аскари қурбон бўлганини ҳам маълум қилган.
Аммо ўшанда Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга уринган шахснинг наркобарон эканини айтганди.
Яқиндан Исломий Амирлик кучларининг Покистон ва Эрон чегарачилари билан ҳам зиддиятга бориб қолишганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Афғонистон Толибон ҳаракати бунгача ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














