Аэропортдаги экспресс-тест: қайта жорий қилинган "янги тартиб". Дайжест. Ўзбекистон, коронавирус Dunyo Yangiliklar O'zbekiston Koronavirus

- Ковид антирекорди ва саросимадаги аҳоли
- Зангиота шифохонасига нега бормаслик керак?
- Аэропортлардаги экспресс-тестга норозиликлар кучаймоқда
- Чегарадаги чекловлар кимларга тааллуқли эмас?
- Тошкентда Германияга меҳнат муҳожирлигига тайёрланади
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон аэропортларида йўловчиларнинг ПЗР тести бўлишига қарамай, қўшимча тўловли ва қисқа дақиқаларда тайёр бўладиган «экспресс антиген тести» 2020 йилнинг 25 декабрида ҳам жорий этилган ва бир ой ичида катта норозиликларга сабаб бўлгани ортидан бекор қилинган эди.
Ўзбекистонга оид матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги асосий хабарлар тафсилотлари кунлик дайжестимизда.
Аҳоли саросимада
"Кеча коронавирус билан касалланиш бўйича кунлик кўрсаткич 1000дан ошиб, пандемия бошидан буён рекорд даражага етди", дея хабар берди Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги ўзининг Телеграмдаги расмий каналида.

Сурат манбаси, SSVUZ
Маълумотга кўра, 2022 йил 16 январь ҳолатида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 206122 (+1037) нафарни ташкил этган.
Расмий хабар иловасидаги жадвалда коронавирусга чалинган беморлар қайд этилиши сони борасида Тошкент шаҳри ва вилояти етакчилик қилмоқда. Бу борада Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳам кўрсатгичлар юқори.
Соғликни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалиниш ҳоллари ортиши баробарида аҳоли орасида саросима кўтарилаётганини билдириб, ўзбекистонликларни ҳавотирга тушмаслик, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш ва коронавирусга қарши тўлиқ эмланишларини сўраган.
"Касалхонага келманг!"
Тошкент вилоятидаги Зангиота-2 ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов Зангиота-1 ва Зангиота-2 муассасаларига мурожаатлар кескин кўпайганини таъкидлаб, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисига мурожаат билан чиққан.
"Шифохонамизга ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) билан оғриб келишингиз оқибатида омикрон штаммини юқтириб олишингиз мумкин. Баъзи кишилар ҳамроҳлари билан келишади. Улар нафақат ўзини, балки яқинларини ҳам хавф остига қўйишади", - дейди шифокор Дониёр Миразимов.
Касалхона бош директори аҳолини COVID-19 асорати билан оғриган беморларни даволаш учун ташкил этилган касалхоналарга алоҳида эҳтиёж бўлмаган вазиятларда ташриф буюрмасликка чақирган.
Шунингдек, Дониёр Миразимов шифохоналарга мурожаатларнинг асосий қисми коронавирусга экспресс-тест топширишга алоқадорлигини таъкидлаган.
Қайта тикланган "янги тартиб"
Сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг маҳаллий аэропортлардаги қайта жорий этилган экспресс-тестидан норозиликлари ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда акс этмоқда.
"Республика махсус комиссиясининг 9 январ ва 11 январдаги қарорларига асосан, коронавируснинг омикрон штамми туфайли 15 мартдан бошлаб Ўзбекистонга киришда янги тартиб ўрнатилган.
Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга манфий тест натижасини тақдим этишлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига киришда коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шарт", дея эълон қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати.
Ўзбекистон аэропортларида йўловчиларнинг ПЗР тести бўлишига қарамай, қўшимча тўловли ва қисқа дақиқаларда тайёр бўладиган «экспресс антиген тести» 2020 йилнинг 25 декабрида ҳам жорий этилган ва бир ой ичида катта норозиликларга сабаб бўлгани ортидан бекор қилинган эди.
Аэропортларда «экспресс-тест»нинг яна тикланиши эътирозлар билан бирга баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлмоқда.
«Кун.уз» нашри ээропортларда белгиланган экспресс-тест нархи қонунга зид эканини эълон қилди.
"Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун тарифлар, нархлар фақат Ўзбекистон валютасида белгиланади. Махсус комиссия қарорида қонуннинг бу нормаси инобатга олинмаган", деб ёзди нашр.
Ижтимоий медиада айланаётган видеотасвирларда эса Ўзбекистон аэропортларидаги тирбандлик, йўловчиларнинг норозиликлари, тўлов шаклларидаги муаммолар, йўловчи ва ходимлар орасидаги низолар акс этмоқда.
Қозоғистонга чеклов
15 январдан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқаролари кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилган эди.
Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги мазкур чекловлар Қозоғистонда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошиши билан боғлиқлигини билдирди ва Ўзбекистон — Қозоғистон чегарасидан ўтиш вақтинча тўхтатилгани билан ҳаво йўллари очиқлигини эълон қилди.
Шунингдек, вазирлик маълумотида икки давлат чегарасидан ўтишда чекловлар тадбиқ этилмайдиган шахслар рўйхатини эълон қилган. Унда ваатанига қайтаётган фуқаролар, ҳукуматлараро курьерлик алоқаси ва халқаро юк ташиш билан боғлиқ соҳалар вакиллари, бир қатор расмий шахслар ва чегарадан ўтиш учун муайян асослари бўлган фуқаролар рўйхатлари келтирилган.
Германияга меҳнат муҳожирлигига

Сурат манбаси, TMMA
Тошкент шаҳрида ўзбекистонликларни Германияга ишга кетишдан олдин тайёрлаш маркази очилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар вазирликлари, Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Швейцариянинг "Globogate Recruiting GmbH" ташкилоти вакиллари иштирокида очилган.
«Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида фуқаролар ушбу марказда 10 ойлик дастур асосида тайёрланиб, Германиядаги тиббиёт муассасаларига ишга жалб этилади», дейилади агентлик хабарида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















