Омикрон: Нега эмланган одамлар ҳамон коронавирус юқтирмоқда? - Coronavirus Covid-19 Dunyo

Вакциналар Ковиднинг ўртача, енгил ёки асимптоматик шаклларидан кўра янада жиддий шаклларидан анча яхши ҳимоя қилади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вакциналар Ковиднинг ўртача, енгил ёки асимптоматик шаклларидан кўра янада жиддий шаклларидан анча яхши ҳимоя қилади.

Эмлаш дастурларига қарамай, дунёда коронавирус билан касалланиш сезиларли даражада ошган, аммо мутахассислар Ковид-19 вакциналарининг муҳимлигини таъкидлашда давом этмоқдалар.

Дунё Ковид-19 пандемиясининг янги авж палласини бошдан кечирмоқда.

АҚШ, Франция, Буюк Британия, Аргентина, Бразилия ва бошқа кўплаб мамлакатлар дельта ва омикрон вариантлари комбинацияси туфайли рекорд даражада касалланиш ҳолатларини бошдан кечирмоқда.

Бироқ, олимлар, шифокорлар ва соғлиқни сақлаш муассасалари инфекциядан ҳимоя қилиш учун бутун дунё бўйлаб синовдан ўтган ва тасдиқланган турли хил вакциналарга ишонишда давом этмоқда.

Қуйида биз вакциналар пандемияни жиловлаб туришга қанчалик ёрдам бераётганини таҳлил қиламиз.

Аслида мавжуд бўлмаган баҳслар

АҚШ, Франция ва Буюк Британия каби мамлакатларда янги Ковид-19 ҳолатларининг кунлик қайд этилиши билан вакцина самарадорлиги масаласи яна ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланди.

Баъзи фойдаланувчилар вакцинацияни оммалаштириш учун ҳукумат томонидан қўлланган чора-тадбирларни танқид қилсалар, бошқалари вакциналарнинг эҳтимолий ножўя таъсири ҳақида гапиради.

Ҳозиргача кузатилган асосий ножўя таъсирлар енгил бўлиб, бир неча кундан кейин табиий равишда йўқолади. Асосий шикоятларга инъекция жойида оғриқ ва қизариш, иситма, бош оғриғи, чарчоқ, мушак оғриғи, титроқ ва кўнгил айниш киради.

Соғлиқни сақлаш органлари анафилаксия, тромбоз, перикардит ва миокардит (юрак яллиғланиши) каби жиддийроқ таъсирларни жуда кам учрайди деб ҳисоблайди ва вакцинани қабул қилишнинг фойдаси кузатилган хавфлардан анча юқори эканлигини айтишади.

Би-би-си педиатр ва юқумли касалликлар бўйича мутахассис Ренато Кфури билан мавжуд вакциналарнинг самарадорлиги ва эмланган одамларга қандай қилиб коронавирус юқиши ва юқтириши ҳақида суҳбатлашди.

Сўнгги пайтларда эмланганлар орасида қайта юқтириш ёки мусбат ташхис қўйиш ҳолатлари кўпайганини инкор этиб бўлмайди ва буни учта омил билан изоҳлаш мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги пайтларда эмланганлар орасида қайта юқтириш ёки мусбат ташхис қўйиш ҳолатлари кўпайганини инкор этиб бўлмайди ва буни учта омил билан изоҳлаш мумкин

Унинг сўзларига кўра, "Pfizer", "AstraZeneca" ва "Janssen" томонидан ишлаб чиқилган Ковид-19 вакциналарининг биринчи тўлқини касалхонага ётқизиш ва ўлим билан боғлиқ касалликнинг энг жиддий шакллари ривожланиш хавфини камайтиришга қаратилган.

"Вакциналар Ковиднинг ўртача, енгил ёки асимптоматик шаклларидан кўра янада жиддий шаклларидан анча яхши ҳимоя қилади. Натижа қанчалик оғир бўлса, вакцина шунчалик самарали ҳимоя қилади", дея хулоса қилди Кфури, Бразилия Иммунизация жамияти директори.

Шундай қилиб, ушбу иммунизаторларнинг асосий мақсади инфекциянинг ўзини тўхтатиш эмас, балки коронавируснинг танага оғир зарар бериши олдини олиш эди.

Айни шу фикр ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган гриппга қарши эмлаш масаласида ҳам айтилади.

Ҳар йили таклиф қилинадиган доза грипп вируси инфекцияси юқмаслиги олдини олиши шарт эмас, лекин у болалар, ҳомиладор аёллар ва қариялар каби энг заиф гуруҳларда асоратлар олдини олади.

Кенгроқ маънода, касалликнинг энг оғир шаклларидан ҳимояланиш бутун соғлиқни сақлаш тизимига бевосита таъсир қилади: респиратор инфекциялар оғирлигини пасайтириш тез ёрдам бўлимларида навбатни камайтиради, тез тиббий ёрдам бўлимларида ётоқлар сонини кўпайтиради ва тиббий ёрдамга келтирилган беморнинг аҳволи даволаш учун яроқли ҳолатда бўлади.

Маълумотлар шуни кўрсатадики, вакциналар бу ролни жуда яхши ўйнайди: Ҳамдўстлик жамғармаси маълумотларига кўра, 2021 йил ноябрь ҳолатига кўра, коронавирус дозаси АҚШда жами 1.1 миллион ўлим ва 10.3 миллион касалхонага ётқизилиш олдини олди.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича Европа маркази (ECDC) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европанинг 33 давлатида ушбу касалликка қарши эмланганидан кейин 60 ёшдан ошган 470 минг кишининг ҳаёти сақлаб қолинганини тахмин қилмоқда.

Коронавирусга қарши вакцина олганларда олмаганларга қараганда Ковид билан боғлиқ ҳолатлар, касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари камроқ бўлганини кузатишимиз мумкин

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Коронавирусга қарши вакцина олганларда олмаганларга қараганда Ковид билан боғлиқ ҳолатлар, касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари камроқ бўлганини кузатишимиз мумкин

Ҳозирги вазиятдан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Сўнгги пайтларда эмланганлар орасида қайта юқтириш ёки мусбат ташхис қўйиш ҳолатлари кўпайганини инкор этиб бўлмайди ва буни учта омил билан изоҳлаш мумкин.

Биринчиси оддий: одамлар анъанавий равишда йиғилиб, Янги йил ва Мавлудни нишонлайди. Бу ўз-ўзидан коронавируснинг юқиш хавфини оширади.

Иккинчидан, дунёнинг баъзи қисмларида вакциналар қўллана бошлаганидан деярли бир йил ўтгач, мутахассислар Ковидга қарши иммунитет эмлашдан кейин ҳам абадий қолмаслигини билиб олдилар.

"Вақт ўтиши билан ҳимоя даражаси пасайиб бораётганини кузатдик. Бу пасайиш вакцина турига ва ҳар бир инсоннинг ёшига қараб кўпроқ ёки камроқ бўлади", деб тушунтиради Кфури.

"Бу аввало кексалар ва иммунитети заиф одамлар учун, кейин эса бутун катталар учун учинчи доза зарурлигини кўрсатди", дея қўшимча қилади шифокор.

Учинчи омил омикрон вариантининг пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлиб, у кўпроқ юқумлидир ва унга қарши вакциналар ёрдамида ёки аввал юқтирилган Ковид сабабли шаклланган иммунитет унчалик самарали эмас.

Ковид шу пайтгача 200та давлатда 5 миллиондан ошиқ ўлимга сабаб бўлди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ковид шу пайтгача 200та давлатда 5 миллиондан ошиқ ўлимга сабаб бўлди

"Шуни ёдда тутган ҳолда, эмланган одамларнинг касаллик юқтиришини ҳақиқатан ҳам оддий нарса деб қараш керак ва биз шу аҳволда яшашни ўрганишимиз керак", дейди Кфури.

"Яхшиямки, сўнгги пайтларда Ковид билан касалланганлар сонининг кўпайиши касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатларининг камайишига олиб келди, айниқса, эмланганлар орасида", дейди у.

"Вакцина, кутилганидек, касалликнинг жиддий асоратларидан ҳимоя қилишда давом этмоқда", дея хулоса қилади у.

Нью-Йорк шаҳридаги соғлиқни сақлаш тизими жадваллари амалда вакциналар қанчалик самарадорлигини, Ковид инфекцияси, касалхонага ётқизиш ва ўлим даражаси эмланган ва эмланмаган одамлар ўртасида қандай фарқ қилишини кўрсатади.

Декабрь ойи бошида шаҳарда касалланиш, касалхонага ётқизиш ва ўлим эгри чизиғи эмланмаганлар орасида кескин кўтарилди ва эмланганлар орасида нисбатан барқарор бўлиб қолди.

Умуман олганда, биз коронавирусга қарши вакцина олганларда олмаганларга қараганда Ковид билан боғлиқ ҳолатлар, касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатлари камроқ бўлганини кузатишимиз мумкин.

Миллий миқёсда, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг (CDC) ушбу жадваллари амалда вакциналарнинг самарадорлигини худди шундай кўрсатади.

Яқинда эълон қилинган ҳисоботда Буюк Британия соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик агентлиги ҳам худди шундай хулосага келди.

Мақолага киритилган ва Буюк Британиянинг Кембриж университетида ўтказилган таҳлилнинг бир парчаси агар одам омикрон билан касалланган бўлса, аммо вакцинанинг барча уч дозасини олган бўлса, унинг касалхонага тушиш хавфи 81 фоизга камайишини кўрсатади.

Агентликнинг ўзи томонидан ўтказилган иккинчи тадқиқот шуни кўрсатадики, вакцинанинг учта қўлланилиши 88 фоиз самарали, аммо бу ҳимоя қанча давом этиши ёки келгуси ойларда бустерларга эҳтиёж бор-йўқлиги ҳали номаълум.

Кфури учун бу маълумотларнинг барчаси фақат омикрон вариантига қарши эмлашнинг аҳамиятини кучайтиради.

"Вакцина олишдан фойда йўқ деб ўйлаш мутлақо нотўғри, чунки ҳамма барибир касал бўлиб қолади. Вакцина вирусни кўпинча уйда даволаш мумкин бўлган оддийроқ касалликка айлантириб қўяди", дейди у.

"Биз пандемиядан аҳолини, жумладан, болаларни юқори даражада эмлаш орқали ҳамда эҳтиёткорликнинг асосий қоидаларига, яъни ниқоблардан фойдаланиш, қўл ювиш ва бир жойга тўпланмаслик орқали чиқиб кета оламиз", дея хулоса қилди мутахассис.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek