Ўзбекистон: Тошкентда нега Украина байроғи намойиш этилди ва дарёга отилган банкоматнинг баҳоси қанча? – янгиликлар, O'zbekiston, Dunyo, yangiliklar

ukraine

Сурат манбаси, Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси

  • Ўзбекистон меҳмонхонаси фасадида Украина байроғи пайдо бўлди;
  • Чегарани бузиб ўтган хорижликлар энди депортация қилинмайдими?
  • Ўртачирчиқда ўғирланган банкомат дарёга ташлаб юборилди;
  • Ўтган йил йўлларда икки мингдан зиёд инсон ҳалок бўлган;
  • 1-синф ўқувчиларига қўшимча таътил берилмайди;

Бирлик куни

16 февраль куни кечга яқин пойтахтдаги Ўзбекистон меҳмонхонаси фасадида "Бирлик куни муборак бўлсин, Украина" ёзуви пайдо бўлди.

Украина байроғи фонидаги ёзув украин ва ўзбек тилларида битилган.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчилиги ташаббуси билан акс эттирилган ушбу ёзув Президент Зеленский эълон қилган янги миллий байрамга бағишланган.

Алоқадор мавзулар:

Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб матбуоти томонидан Россиянинг мамлакатга бостириб кириши тахмин этилган сана - 16 феврални Бирлик куни дея белгилашни таклиф қилган.

"16 февраль куни бизга ҳужум қилишлари ҳақида гапирмоқдалар. Биз бу санани Бирлик кунига айлантирамиз… Шу куни миллий байроғимизни баланд кўтарамиз, мовий-сариқ ленталарни тақамиз ва дунёга бирлигимизни намоён этамиз", дея таъкидлаган Зеленский 14 февраль куни халққа мурожаатида.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур санани нишонлашда мамлакатдаги украинлар ҳам пешқадам эканини билдирган.

"Бу кун сиёсат, қудрат ҳақида эмас, фақат ва фақат ҳар бир украин Украина озодлиги ва мустақиллиги , шунингдек, халқимиз бирлиги биз учун энг қадрли неъмат эканини намойиш этадиган давлат ҳақидадир", дея ёзган элчихона ўзининг Facebook саҳифасида.

Жарима ва депортация

border

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Эндиликда, Ўзбекистон давлат чегараси режимини бузган ва тегишли жарима тўлаган хорижлик шахслар мамлакатдан чиқариб юборилмайди.

Адлия вазирлиги бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш киритилганини хабар қилган.

Вазирлик, шунингдек, маъмурий тарзда мамлакатдан чиқариб юборилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланиш муддатига аниқлик киритилганини ҳам билдирган.

"Шунга кўра, давлат чегараси режимини биринчи марта бузиб ўтганда 1 йил муддат, иккинчи марта содир этилганда 3 йил муддат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланади", дейилади вазирлик хабарида.

Дарёга отилган банкомат

atm

Сурат манбаси, Тергов департаменти

Ўртачирчиқда уч нафар шахс "Капиталбанк"га тегишли банкоматни ўғирлаб кетиб, дарёга ташлаб юборган.

Тергов департаментининг хабар қилишича, ўғирлик 26 январга ўтар кечаси содир этилган.

24, 23 ва 22 ёшда бўлган шахслар банкоматни бузиб очгани, аммо ичидан ҳеч қандай пул тополмагандан сўнг уни Чирчиқ дарёсига ташлаб юборгани маълум қилинган.

Расмий хабарда айтилишича, банкоматнинг қиймати 145 миллион сўм бўлган.

2021 йилда ЙТҲларида 2426 инсон ҳаётдан кўз юмди

crash

Сурат манбаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

2021 йил давомида йўлларда содир этилган аварияларда 2426 инсон ҳалок бўлган.

ИИВ ўтган йилда юз берган 10 минг йўл-транспорт ҳодисасида яна тўққиз мингдан зиёд инсон жароҳат олганини маълум қилган.

Авариялар содир этган ҳайдовчиларнинг 9733 нафари эркаклар бўлса, 268 нафари аёллар бўлган.

ЙТҲларнинг катта қисми - 4698 таси пиёдалар билан содир бўлган.

Аварияларга сабаблар учлигидан ҳаракатни ташкил этишдаги муаммолар (20,1 фоиз), белгиланган тезликка риоя қилмаслик (20,1 фоиз) ва пиёдалар ўтиш жойи белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш (13,8 фоиз) ўрин олган.

Бекор қилинган таътил

school

Сурат манбаси, Халқ таълими вазирлиги

1-синф ўқувчилари учун февраль ойида белгиланган қўшимча бир ҳафталик таътил берилмайдиган бўлган.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилган.

Ушбу қарорга сабаб ўлароқ қишки таътил кунлари 24 январга қадар узайтирилгани кўрсатилган.

Аввалроқ, мавсумий грипп тарқалиши олдини олиш мақсадида қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek