Ўзбекистон: Блэкоут сабаби коррупциядами? – эксперт билан суҳбат, O'zbekiston, svet

blackout

Сурат манбаси, BBC O'zbek

25 январь куни Марказий Осиё тарихида кузатилмаган блэкоут, яъни йирик электр энергияси инқирози юз берди.

Блэкоут бирданига Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги электр энергияси таъминотига дахл қилди.

Деярли бутун Ўзбекистон бир неча соатга чироқсиз қолди.

Электрга боғлиқ кўплаб тизимлар - ичимлик сув, иссиқлик ва газ таъминоти, канализация тизими, метрополитен, ёқилғи қуйиш шохобчалари, аэропортлар фаолияти маълум вақтга фалажланди.

Мамлакатдаги ҳаётнинг одатий ўзанга қайтишига икки суткадан кўпроқ вақт кетди.

Энергетика вазирлиги 27 январь куни соат 16.00 дан бутун республикада электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини хабар қилди.

Би-би-си бу фавқулодда ҳолатнинг сабаблари, оқибатлари ва ечимлари борасидаги саволлар билан энергетика соҳасида катта тажрибага эга эксперт Сарвар Қурбоновга мурожаат қилди.

Авария сабаби нимада?

blackout

Сурат манбаси, BBC O'zbek

25 январь кунининг биринчи ярмида пойтахт Тошкентнинг бир неча туманларида чироқ ўчиб қолди.

Саноқли дақиқалар ичида ижтимоий тармоқлар орқали тарқала бошлаган хабарлардан ҳолат кўлами анчайин кенглиги - электр таъминоти узилиши бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётгани ойдинлашди.

Энергетика вазирлиги қисқа вақт ичида ушбу хабарни тасдиқлаб, ҳолатга Қозоғистон электр тармоғидаги йирик авария сабаб бўлганини билдирди.

Аммо Қозоғистон томони ушбу иддаони рад этиши ортидан вазирлик ўз хабарини таҳрирлади.

"Бугун соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди", дейилади Энергетика вазирлигининг 25 январь кунги таҳрирланган хабарида.

26 январь куни Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдумалик Назиров Халқаро Пресс-клубдаги чиқишида авария Ўзбекистонда бўлганини тан олди.

Унинг сўзларига кўра, Сирдарё ИЭСда кузатилган носозлик ортидан катта қувват йўқотилган ва мамлакатдаги барча электр станцияларида авариядан ҳимоя ишлаб кетиб, улар тармоқдан узиб қўйилган.

"Агар бундай қилинмаганда эди, генераторларимиз шикастланиб, ушбу аварияни бартараф этиш яна ҳам чўзилиб кетар эди", деган у.

Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) Ўзбекистонда юз берган бу ҳолат ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон энерготизимларига параллель уланган Қозоғистон электр тармоқларида ҳам қувват йўқолганини билдирди.

Ягона тизим нима ўзи?

power plant

Сурат манбаси, Energetika vazirligi

Расмий хабарларда тилга олинаётган Марказий Осиё ягона электр тармоғига Совет даврида - ўтган аср охирларида асос солинган.

Мамлакатлар мустақилликка эришганларидан кейин ягона тизимдан чиқиб кетиш бошланган.

2018 йилга келиб Ўзбекистон, Қозоғистон жануби ва Қирғизистонни ўз ичига олган ягона электр тармоғи қайта ишлай бошлаган.

Экспертлар бундай электр халқалари унга қўшилган давлатларга электр энергиясини айирбошлаш, зарур пайтда бир-биридан электр олиб, барқарорликни сақлашга имкон беришини айтадилар.

Электр тармоғи халқалари тармоқ инфратузилмасини қуриш ва уни эксплуатация қилишга кетадиган харажатларни сезиларли қисқартиради.

Иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлсада, агар тизим етарли даражада замонавийлаштирилмаган ва носозликлар ўз вақтида бартараф этиб борилмаган бўлса, тизимдаги бирор энергия тугуни ўчиб қолса, бошқа ердаги таъминотда узилишлар юзага келиши мумкин.

Экспертларнинг тахмин қилишича, 25 январь куни ҳам тармоқда авария юзага келиб, минтақавий қувват халқасида частота, яъни тўлқин даражаси тушиб кетган.

expert

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Sarvar Qurbonov

"Агар қувват йўқолиб, частота ўзгариб кетса, бу бутун тармоққа таъсир қилади. Натижада тармоққа уланган станцияларда ҳимоя воситалари ишга тушади. Агар улар ишга тушиб улгурмаса, электр станциядаги турли ускуналар куйиб кетади", тушунтиради Сарвар Қурбонов Би-би-си билан суҳбатда.

"Кейин биласиз, биздаги иссиқлик электр станциялари газ ёқиб, пар ҳосил қилинади ва пар билан генератор парраклари айлантирилади. Пар босими ҳам ошиб кетиб, айрим станцияларда авария бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирча бизда кўп нарса сир сақланяпти", қўшимча қилади у.

Икки кунда тикланган ҳаёт

blackout

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Ўзбекистондаги электр таъминоти қайта тикланишига 2 суткадан кўпроқ вақт кетди.

Сарвар Қурбонов жараён нега бунча кўп вақт олганини шундай изоҳлайди:

"Оммавий узиб қўйишдан сўнг қайтадан синхрон иш режимини тиклашнинг ўз шартлари бор. Авария оқибатлари таҳлил қилинади, частота ўзгариб кетганда генераторларга зарар етган-етмагани текширилади. Бундай назорат ишларига кўп вақт кетиб қолади".

Халқаро Пресс-клубдаги чиқишида Абдумалик Назиров авария оқибатида Ўзбекистондаги ИЭС тизими ўчирилгач, мамлакатдаги электр таъминоти Қозоғистон ва Қирғизистон орқали қайта тиклана бошланган.

Назиров қўшни давлатлар кўмагисиз таъминотни қайта тиклаш анча узоқ вақтга чўзилиб кетган бўлиши ҳақида гапирган.

25 январь кунги авария нафақат электр балки газ таъминотини ҳам издан чиқариб юборди.

Расмийлар мамлакатдаги 60 дан зиёд газ конлари тўхтаб қолганини маълум қилган.

"Бизда кўп нарса электрга боғланган. Масалан, газ босими ростлаб бериш учун компрессорлар ишлатилади. Улар тўхтаб қолиши оқибатида катта трассаларда газ босими тушиб кетган.

Ўз навбатида газ босими пастлиги ортидан иссиқлик электр станциялари ишлай олмайди, ягона тизимга қувват беролмайди".

Сарвар Қурбонов электр таъминоти икки суткада тикланган бўлсада, унинг оқибатлари ҳали узоқ чўзилиши мумкинлигини тахмин қилади.

"Жараён, менимча, 10-15 кун давом этса керак. Чунки станцияларни ишга тушириб, синхронлаш анча машаққатли иш. Айниқса, ҳамма иссиқлик электр станциялари тенгдан ўчирилган бўлса.

Яхши ҳам бизда гидро электр станциялар бор. Шулар кўп жойларни таъминлаб турибди".

Блэкоутнинг зарари қанча?

blackout

Сурат манбаси, Namangan HETK

Электр таъминоти узилиши фақат ёруғлик ва иссиқлик, маиший техникалардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қиладими ёки унинг зарар кўлами бунданда каттароқми?

Ҳозирча, блэкоутнинг мамлакат иқтисодиётига келтирган зарари бўйича расмий рақамлар ошкор этилмаган.

Иқтисодчилар блэкоут каби фавқулодда ҳолатлар, биринчи навбатда, бирламчи эҳтиёж товарлари нархига салбий таъсир қилишини айтадилар.

Ҳақиқатан, 25 январь куни, айниқса, Тошкент шаҳрида ичимлик суви, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шамга талаб ошиб кетиб, бу товарлар нархи сезиларли ошиб кетган.

Сарвар Қурбонов блэкоутлар нафақат аҳолини ўта мушкул вазиятга солиб қўйиши, балки салбий оқибатлар кўлами анчайин кенгайиб кетишини таъкидлайди.

"Блэкоутлар ишлаб чиқариш, кимёвий жараёнлар кечадиган корхоналар жуда катта зарар кўради.

Масалан, оддий бир металл қуйиш цехига етарли қувват берилмаса, бор электр металл қуйиш қозонлари қотиб қолиши олдини олиш учун сарфланади, бошқа маҳсулот чиқарилмайди. Адашмасам, ўтган кунлар давомида жуда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари зарарга кирган. Бу эса, албатта, маҳсулотнинг таннархига қўшилади».

Эскирган ускуналар

Энергетикаси соҳаси бўйича эксперт Сарвар Қурбонов Би-би-си билан суҳбатда блэкоутлар олдини олиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш йўллари ҳақида ҳам гапирди.

Унинг сўзларига кўра, блэкоутлардан келадиган зарарни иккиламчи энергия ресурслари тизимини шакллантирган ҳолда камайтириш мумкин.

"Қоидаси бўйича барча бино, иншоот, корхоналарда вақтинча энергия билан таъминлайдиган тизимлар ўрнатилиши керак. Ҳатто, шаҳарларнинг ўзида ҳам бўлиши зарур.

Мисол учун, Америкада шундай ҳолат юзага келса, биздагига ўхшаб хаос бошланмайдида, иккиламчи энергия ресурсларига ўтиб кетади".

Қурбонов Ўзбекистондаги аксар биноларда ҳам шундай резерв генераторлар борлиги, аммо улар эскириб кетганини тилга олади.

"Болницаларда отам замонидан қолиб кетган, хизмат кўрсатилмаган, ток ўчса, ҳам ишга туширилмайдиган генераторлар бор. Кеча ҳам мажбурлаб, тўполон қилгандан кейин ишга туширди. Шундай нарсалар доим нормада бўлиши керак».

Шунингдек, экспертнинг сўзлашича, энергетика тизимидаги кўп муаммолар илдизи коррупцияга бориб тақалади.

"Тасдиқланмаган маълумотларку, лекин ҳозир қурилаётган, ишлаб турган электр станцияларимизда эски ускуналарни янги, деб ўрнатишаётганини эшитяпмиз. Буни давлат ҳам билади.

Шу нарсаларни йўқотиш керак", фикрини якунлайди эксперт.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek