Ўзбекистон: Украина полицияси энди Cobalt минади ва Деновда нега оммавий муштлашув бўлди? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

blackout

Сурат манбаси, Farg'ona HETK

  • Қозоғистон минтақавий блэкоут сабаби юзасидан баёнот берди;
  • Украина полицияси Cobalt машиналарини сотиб олди;
  • Январь ойида қанча инсон ис газидан ҳалок бўлгани айтилди;
  • Деновдаги оммавий муштлашув сабаби изоҳланди;
  • Кучли шамол Қаршида светни ўчириб қўйди;
  • Аэропортларда суратга олишга рухсат берилди;

Муаммо Ўзбекистондами?

Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) 25 январь куни кузатилган минтақавий блэкоут сабаби Ўзбекистонда бўлганини яна бир бор маълум қилган.

Компаниянинг билдиришича, шу куни қисқа туташув туфайли Ўзбекистоннинг Сирдарё ИЭСидаги 6 та энергоблок ўчиб қолган.

"Ўзбекистон энерготизимида юзага келган электр тақчиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон энерготизимларига параллель уланган Қозоғистон энерготизимларидан қувватнинг рухсатсиз узилишига олиб келган", дейилади компания баёнотида.

KEGOC, оқибатда, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги электр энергияси таъминоти буткул тўхтаб қолганини қўшимча қилган.

Компания, шунингдек, минтақавий блэкоут криптомайнерлар фаолияти билан боғлиқлигига оид бундан аввал чиққан хабарларни рад этган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 27 январь куни соат 16.00 дан республиканинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини хабар қилган эди.

Алоқадор мавзулар:

Украинага борган Cobalt

police car

Сурат манбаси, UzAuto Motors

Украина полицияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Cobalt автомобилларидан фойдаланишга киришди.

UzAuto Motors Киев вилояти полиция департаменти Cobalt автомобилларини харид қилгани тўғрисида хабар берган.

Расмий хабарда Украинага сотилган автомобиллар сони очиқланмаган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қозоғистоннинг икки вилояти полицияси UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқарилган Cobalt автомашиналарини сотиб олган эди.

4 ҳафтада 28 ўлим

carbon

Сурат манбаси, FVV

Январь ойининг тўрт ҳафтаси давомида 28 ўзбекистонлик ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги таҳлиллардан келиб чиқиб, бундай фожиали ҳолатларга, асосан, қўлбола печкалардан фойдаланиш, газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш сабаб бўлаётганини маълум қилган.

Вазирлик 2021 йил давомида ис газидан 128 инсон ҳалок бўлиб, 67 инсон заҳарланганини қўшимча қилган.

Деновда оммавий муштлашув

brawl

Сурат манбаси, Videograb/social media

Сурхондарё вилоят ИИБ ижтимоий тармоқда тарқалган оммавий муштлашув видеоси юзасидан баёнот тарқатган.

27 январь куни ижтимоий тармоқда 20 чоғли шахс бир-бирини дўппослаётгани тасвирланган видео тарқалган.

Видеода жанжал иштирокчилари таёқ ва ёғоч бўлакларини ҳам ишга солаётгани кўринади.

Вилоят ИИБнинг ойдинлик киритишича, оммавий муштлашув ўтган йилнинг декабрь ойида Денов туманида содир бўлган.

ИИБ жанжалга қариндош бўлган фуқаролар ўртасида олдиндан давом этиб келаётган ер масаласидаги низо сабаб бўлганини қўшимча қилган.

"Ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, 2022 йил 11 январь куни ҳуқуқбузарларга тегишли чора кўриш учун маъмурий тартибда Денов туман судига юборилган", дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Қаршида кучли шамол

wind

Сурат манбаси, Daryo.uz

28 январь куни Қашқадарёнинг бир қанча ҳудудларида кучли шамол кузатилган.

Хусусан, Қарши шаҳрида шамол туфайли реклама монитори қулаб тушиб, кўплаб симёғочларга зарар етгани хабар қилинган.

Энергетика вазирлиги шамол ортидан вилоятнинг айрим қисмларида электр энергияси узилиб қолгани, хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр тармоқлари вақтинча тармоқдан узиб қўйилганини маълум қилган.

Вазирлик шамол пасайгандан сўнг таъминот қайта тикланишини билдириб, келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Авиаспоттингга рухсат берилди

aviaspotting

Сурат манбаси, Uzbekistan Airports

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан узоқ вақт ҳаваскор ва профессионал фотосуратчилар учун ёпиқ қолаётган Ўзбекистон аэропортларида авиаспоттингга рухсат берилди.

Қарорга кўра, 1 майдан бошлаб белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олиш амалга оширишга имкон яратилади.

Аэропортларда авиаспоттерлар махсус жойлар босқичма-босқич ажратилади.

Бундан ташқари маҳаллий ва хорижий ҳаваскорлар ҳамда профессионал авиаспоттерлар учун ҳар чораклик мавсумий танловлар ўтказилади.

Қарор Ўзбекистоннинг ижобий имижи, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мамлакат аэропортлари ва авиакомпанияларини дунё жамоатчилигига танитиш мақсадида қабул қилингани маълум қилинган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент аэропортига авиаспоттерлар киришига илк бор имкон берилган эди.

Ўшанда Uzbekistan Airports компанияси бу орқали ўзининг очиқлиги ва ҳамкорликка тайёрлигини намойиш этишни мақсад қилганини билдирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek