Ўзбекистон: Депутат Қодиров электр муаммоси айбдорлари ҳақида гапирди ва яна қаерда ноутбук муаммоси бўлди? Янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Синхуа Мирзиёевнинг Хитойга бориши эҳтимоли ҳақида ёзди. Алишер Қодиров электр муаммоси айбдорлари жазоланишига умид билдирди. Метан заправкалар фаолияти вақтинча тўхтатилади. Ўқувчининг ноутбуки тортиб олинган мактаб директори ишдан бўшатилди - bbcuzbek.com дайжести.

Алоқадор мавзулар:

Мирзиёев Хитойга борадими?

"Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Пекинда ўтувчи қишки Олимпия ўйинлари очилиши маросимида иштирок этиш имкониятини сабрсизлик билан кутмоқда".

Хитойнинг Синхуа агентлиги минтақанинг беш давлат раҳбари ХХР Раиси Си Сзинпин билан видеомулоқот чоғида бундай истакни илгари сургани ҳақида ёзган.

25 январь куни президент Шавкат Мирзиёев дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида иштирок этган эди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эълон қилган Мирзиёевнинг учрашувдаги нутқи матнида давлат раҳбари "Хитой халқига Пекин шаҳридаги қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилагани" билдирилган, аммо унинг очилиш маросимига бориши эҳтимоли тилга олинмаган.

Пекин 4 февралдан 20 февралга қадар қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади.

"Айбдорлар жазоланишига ишонамиз"

Алишер Қодиров

Сурат манбаси, official

Депутат Алишер Қодиров 25 январь куни мамлакат содир бўлган электр таъминоти тизимидаги авариявий ҳолат айбдорлари аниқланиши ва жазоланишига ишониши ҳақида ёзган.

У фавқулодда ҳолат мобайнида барча масъул вазирлик ва идоралар фидойилик кўрсатганини билдирган.

Шунингдек, ўзбекистонликлар вазиятдан манфаат излайдиган турли ғаламис провокацияларни совуққонлик билан рад этгани»ни таъкидлаган.

25 январь куни президент Мирзиёев юзага келган носозлик сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузишга топшириқ берган эди.

"…ваколатли Ҳукумат комиссияси бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айбдорларни аниқлашига ва жиддий жазолашига ишонамиз", фикр билдирган депутат Қодиров ўз Телеграм каналида қолдирган постида.

Тўхтатилаётган заправкалар

Метан заправкаси

Сурат манбаси, xabar.uz

26 январдан бошлаб республикадаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари вақтинча ишламайди.

Энергетика вазирлиги газ таъминотидаги муаммолар сабаб заправкаларга газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилаётганини хабар қилган.

Вазирлик эрта тонгда электр узатиш тизимидаги носозликлар сабаб газ конлари ва уни қайта ишлаш заводларида муаммолар юзага келиб, газ ишлаб чиқариш ҳажми камайганини маълум қилган эди.

"Ҳудудгазтаъминот" ҳам айни шу сабаб туфайли Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газни етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилаётганини билдирган эди.

Эндиликда, маълум қилинишича, ишлаб чиқарилаётган газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига йўналтирилади.

Энергетика вазирлиги 26 январь соат 09.30 ҳолатига кўра, республикада электр энергияси таъминоти 70 фоизга тикланганини қўшимча қилган.

Тортиб олинган ноутбук

1-сонли мактаб

Сурат манбаси, facebook/official

Фан олимпиадасида биринчиликни олган наманганлик ўқувчига берилган ноутбукнинг тортиб олиниши ортидан мактаб директори ва синф раҳбари ишдан бўшатилган.

22 январь куни Норин туманидаги 1-мактабнинг 11-синф ўқувчиси математика фани бўйича республика миқёсидаги онлайн олимпиадада ғолиб бўлгани, аммо унга берилган ноутбукни ўқитувчилар тортиб олганини айтиб, видеомурожаат тарқатган.

"Сабабини сўраганимда бу мукофот сеники эмас, чунки сенинг номингдан биз ишлаганмиз, биз меҳнат қилганмиз, деди", сўзлаган ўқувчи видеомурожаатда.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси шундан сўнг ҳолат ўрганилганини хабар қилган.

Бошқарма ноутбук шу куннинг ўзида ўқувчига қайтариб берилгани ҳамда мактаб директори ва синф раҳбари лавозимидан озод этилганини маълум қилган.

Расмий баёнотда Норин тумани халқ таълими бўлими мудирига нисбатан тегишли интизомий жазо қўллаш бўйича халқ таълими вазирига хат киритилгани ҳам қўшимча қилинган.

Бундан аввал Самарқандда юз берган ўхшаш ҳолат ижтимоий тармоқда кенг акс садо берган эди.

IT танлов иштирокчиси бўлган ўқувчига соврин ўлароқ эски ноутбук берилгани ортидан бир қатор масъуллар ишдан бўшатилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek