Ўзбекистон қўшни Қозоғистондаги вазиятдан хавотирда, АҚШ ҳам ўз сўзини айтди Qozog‘iston O'zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон Қозоғистондаги воқеаларга ўзининг муносабатини билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Бундан аввал Россия ҳам шундай қилган. Расмий Москва Тоқаевни дастаклаган. Аммо намойишчиларни ҳам қораламаганди. Қозоғистон Россия каби Ўзбекистонга ҳам чегарадош. Қозоғистон ҳануз намойишлар ва тўқнашувлар ичида.
АҚШ томонларни оғир-босиқликка чақирди. Оқ Уй матбуот котиби Қозоғистондаги намойишларга оид хабарларни кузатиб бораётганликларини айтди.
Жен Псаки, шунингдек, Қўшма Штатлар Қозоғистондаги норозилик намойишларига алоқадор деган тахминларни бемаънилик, деб атади.
Суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланиб кетган намойишлар ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилиш қадар сиёсий тус олиб кетган.
Минтақада бунга ўхшаш оммавий намойишлар сўнгги бор 2020 йилнинг октябрь ойида Қирғизистонда кузатилган, аммо унга зиддиятли парламент сайлови натижалари сабаб бўлган.
Қирғизистондаги намойишлар, алал-оқибат, амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков ва ҳукуматнинг истеъфоси билан якун топганди.
Шавкат Мирзиёев ўшанда Қирғизистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратган.
Бир куннинг ўзида Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан мулоқотда бўлиб, минтақадаги вазиятни муҳокама этиб олган, фикр алмашган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари, "Қирғизистондаги вазиятнинг ўз Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашига умид қилиб" қолишган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот билан чиққан. Қирғизистондаги вазиятдан жиддий ташвишда эканликларини билдирганди.
Алоқадор мавзулар:
Расмий баёнот
Расмий Тошкент ўзининг баёнотини шу соатларда эълон қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти Қозоғистондаги намойишларнинг тўртинчи кунига тўғри келди.
Президент Тоқаев амалдаги Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқарган, Олма-ота ва Мангистауда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, комендантлик соати жорий этган бир манзарада бўй кўрсатди.
Вазирликнинг баёнотида айтилишича, "Қардош Қозоғистонда кечаётган сўнгги воқеалар Ўзбекистонда хавотир билан қабул қилинган".
Ўзбекистон Қозоғистондаги вазиятнинг ривожини диққат билан кузатиб бормоқда.
Ҳозирга келиб, Қозоғистондаги намойишлар зўравон тус олган, аксарият ҳолларда полиция ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетган, тартиббузарликларга қўл урилган.
Олма-отада намойишчилар ҳокимият биносига бостириб киришган, йўлларни тўсиб, автомобилларга ўт қўйишган, президент Тоқаевнинг шаҳардаги резиденциясини босиб олишга ҳам уринишган.
Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаган, портлашлар ва отишмалар садоларига оид хабарлар олинган.
Масъуллар тўқнашувлар ва зўравонликлар натижасида яраланганлар борлиги, ўнлаб дўкон ва овқатланиш шохобчаларига зиён етганини ҳам айтишган.
Расмий Тошкент, "донишманд Қозоғистон халқи мамлакатда беқарорлик авж олишининг олдини олишга, зўравонлик ва инсонлар орасида қурбонлар юзага келишига йўл қўймасликнинг уддасидан чиқишига ишончи комиллиги"ни айтган.
Қозоғистон халқи "юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишониши"ни билдирган.

Сурат манбаси, official
Расмий Тошкент, "Ўзбекистон Қозоғистон халқи ва раҳбариятининг мамлакат барқарорлиги ҳамда равнақи, миллат фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини чексиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаши"ни баён қилган.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг минтақадаги стратегик шериги ва иттифоқчиларидан бири бўлади.
Ўзбекистон Қозоғистондаги сўнгги воқеаларга ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Ўзбекистон президенти қайта сайланиши ортидан ўзининг илк хорижий давлат ташрифини ҳам Қозоғистонга амалга оширган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифи билан ўтган ой бошида Нур-Султонга борган.
Қозоғистон президенти ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда бу давлат ташрифининг жуда муҳимлигини таъкидлаган.
Расмий хабарларда Шавкат Мирзиёев ҳам икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этгани айтилган.
Ўзбекистон президенти ўшанда, "Ўзбекистон ва Қозоғистон - табиий иқтисодий ҳамкорлар" эканини урғуларкан, "иқтисодиётлари рақобат қилмаслиги, бир-бирини тўлдириб туриши"ни таъкидлаганди.
Шавкат Мирзиёв ҳозир қисқа муддатли меҳнат таътилида.
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби бу ҳақда кеча, 4 январь куни расман хабар берган. Аммо муҳлатини аниқ очиқламаган.
Қозоғистон президенти эса, бироз аввал телевизион мурожаат билан чиққан.
Нима бўлса бўлсин, пойтахтни тарк этмаслигини айтган. Намойишчиларни фитначилар, деб атаган. Уларга қарши ўта қаттиқ йўл тутишга ваъда берган. Аммо нима қилишини айтмаган.
Қасим-Жомарт Тоқаев телемурожаатида бундан буён Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашига Нурсултон Назарбоев эмас, ўзи раҳбарлик қилишини маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














