Ўзбекистонда носвой тақиқланадими ва ҳокимликка берилган қимматбаҳо машина масаласи текширилади – янгиликлар video O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/video
- Қонунчилик палатаси мажлиси илк бор жонли эфирга узатилди;
- ИИВ туманларда блок-постлар ўрнатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди;
- Антикоррупция агентлиги ҳокимликка берилган қимматбаҳо машина ҳолатини ўрганмоқчи;
- Маҳаллабай ишлаш агентлиги тузилади;
Алоқадор мавзулар:
"Носвой тақиқлашимиз керак, лекин…"
3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилиши илк бор жонли эфирга узатилган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Депутатлар қатор масалалар, жумладан, коррупцияга оид жиноятларга нисбатан жазони кескин кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиққанлар.
Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, бундай жиноятларни содир этган шахсларга енгиллаштирувчи нормаларни қўллашни чеклаш белгиланган ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган.
Шунингдек, "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамаси депутатлар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган.
Халқ вакиллари, айниқса, ўзбекистонликлар орасида кенг истеъмолда бўлган носвой масаласида бир-бирлари билан тортишувлар қилганлар.
Айрим депутатлар носвойнинг тамаки маҳсулоти ўлароқ расман тан олинишига эътироз билдирганлар.
Октябрда ўтган сайловда президентликка номзод бўлган депутат Мақсуда Ворисова носвой истеъмолининг тақиқланиши жамиятда норозилик уйғотиши ҳақида гапирган.
"Носвойни тақиқлашимиз керак, лекин носвойни тақиқлаш жамиятда катта норозиликни туғдиради", таъкидлаган депутат.
Баҳслардан сўнг қонун лойиҳасини яна такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб топилган.
Эслатиб ўтиш жоиз, президентнинг июнь ойидаги фармонида 1 декабрдан бошлаб Қонунчилик палатаси йиғилишлари жонли эфирга узатиб борилиши белгиланган эди.
"Блок-постлар ўрнатилмайди"

Сурат манбаси, official
Ижтимоий тармоқда 2022 йил 1 мартига қадар мамлакатнинг барча туманларида камида биттадан блок-постлар ўрнатилиши ҳақида хабар тарқалган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ушбу хабарларни "ёлғон маълумот" дея атаган.
Президент 30 ноябрь куни "Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди.
Ғиёсовнинг эслатиб ўтишича, бу фармонга асосан 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост хизматининг бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.
Бироқ блок-постлар ташкил этиш чора тадбирлари келтирилмаган.
"Ижтимоий тармоқ фаолларидан ахборотни бузиб талқин этмасликларини ва расмий маълумот олиш учун ички ишлар органлари ахборот хизматларига мурожаат этишларини сўраймиз", ёзган ИИВ матбуот котиби.
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тузилади

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тузилади.
2 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган видеоселекторда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масаласига тўхталиб ўтилган.
Қайд этилишича, тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари 1 январдан барча маҳаллаларда ўз ишини бошлайди.
Ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилади.
Улар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
Ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади.
Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман-шаҳарларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади.
"Ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул", деган давлат раҳбари.
Ҳокимликка берилган совға текширилади

Сурат манбаси, official
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро томонидан қимматбаҳо автомобиль совға қилиниши ҳолати юзасидан текширув ўтказади.
Podrobno.uz нашрининг агентлик маълумотига таяниб ёзишича, текширув натижалари ҳақида 15-30 кун ичида расман хабар қилинади.
30 ноябрь куни тармоқда фуқаро ўзига тегишли қимматбаҳо Mercedes-Benz S500 Hybrid автомобилини беғараз тарзда Тошкент шаҳар ҳокимлигига бергани ҳақида хабарлар тарқалган.
Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг "ихтиёрий равишда беғараз (текинга)" берилаётган автомашинани ҳокимлик тасарруфига ўтказишга оид қарори ижтимоий тармоқда турли муҳокама ва мубоҳасаларга сабаб бўлган.
Автомашина шинавандалари бу турдаги автотранспорт нархи, ҳолатига қараб, $250 мингдан $300 мингга қадар экани ҳақида ёзганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













