Ўзбекистон: Толибонга қўшилган минглаб инсонлар, наркотрафик ва одам савдоси – БМТ нимадан хавотирда? O'zbekiston, mintaqa

UNODC

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Тошкентдаги маросим

Ўзбекистон ва минтақага борасида янграган хавотирлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси - UNODC'нинг минтақага оид янги дастурида ўз аксини топган.

24 ноябрь куни Тошкентда UNODC ва минтақанинг беш давлати ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Марказий Осиёда 2022-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги дастури имзоланди.

Алоқадор мавзулар:

$90 миллионлик дастур

Signing ceremony

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Беш мамлакат вакиллари Тошкентда йиғилдилар

Афғонистондаги жангларга бориб қўшилган минглаб марказий осиёликлар, етиштирилаётган минглаб тонна опиум, ёшлар орасида тобора кенг тарқалаётган синтетик наркотиклар, одам савдоси қурбонига айланаётган меҳнат муҳожирлари…

БМТ минтақага бу ва бошқа хатарлар таҳдид солаётганидан хавотирда.

Умумий бюджети 90 миллион доллар бўлган дастурдан БМТ Марказий Осиёдаги барқарорликка қандай хатарлар таҳдид солишидан хавотирда экани ҳамда бу хатарларга қарши курашишда ташкилот минтақа давлатларига қай тарзда кўмак қўлини чўзиши мумкинлиги ўрин олган.

Тошкентда имзоланган UNODC дастурига бағишланган йиғилишда сўз олган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мавжуд таҳликали вазиятда трансмиллий таҳдидларга қарши минтақавий ўзаро ҳаракатлар Марказий Осиё давлатлари учун бирламчи вазифалардан эканини таъкидлаган.

Шунингдек, у дастурнинг аввалги босқичи гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашда ўз самарасини берганини қайд этган.

БМТ хавотири

Дастурни имзолаш маросимида қатнашган БМТ расмийлари, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ва дипломатлар, асосан, Афғонистондаги ноаниқ вазият минтақага хавф солиши эҳтимолидан хавотир билдирганлар.

БМТ маълумотларига кўра, 8 мингдан 10 минг нафарга қадар инсон Толибон сафида жанг қилиш ёки бошқа террорчи ташкилотларга қўшилиш мақсадида Марказий Осиё давлатларидан Афғонистонга борган.

Termez

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Афғонистон томон элтувчи йўл - Термиз-Ҳайратон кўприги яқинида.

Минтақанинг Афғонистон билан 2,300 километрдан зиёдроқ чегарасининг маълум қисмлари эса террорчилар кириб келиши хавфи остида қолмоқда, дейилади.

БМТ, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг 60 фоизини 29 ёшдан кичик инсонлар ташкил қилиши, бу эса Афғонистондаги тез эврилишга юз тутаётган вазият билан боғлиқ равишда, айниқса, интернет орқали ёшларнинг радикал ғояларга берилиши олдини олишга жиддий эътибор қаратишни талаб қилишини ҳам таъкидлайди.

Бир вақтнинг ўзида, БМТ Толибон Исломий Давлатнинг Афғонистондаги фаоллигига қарши туришда заифлик қилаётганини ҳам айтади.

17 ноябрь куни БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лёнс Толибон қудратга келгандан сўнг Исломий Давлат жангарилари мамлакатнинг деярли барча вилоятларида фаоллашгани, гуруҳ амалга оширган террорчилик амаллари 2020 йилдаги 60 тадан жорий йилда 334 тага етганини тилга олган.

БМТ, шунингдек, мамлакат ҳамон гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришда пешқадамликни қўлдан бой бермаётганидан хавотирда.

Ташкилотнинг маълум қилишича, жорий йилда Афғонистонда опиум етиштириш 8 фоизга ўсиб, унинг ҳосили 6,8 минг тоннага етган.

Афғонистон ягона муаммо эмас

Бундай бир вазиятда БМТ Марказий Осиё давлатлари терроризм, радикаллашув, наркотрафикка қарши курашда қўшимча кўмакка муҳтож эканини таъкидлайди.

Бироқ БМТни фақат Афғонистондаги вазият ташвишга солмаётир.

Taliban

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон назоратидаги Афғонистон БМТни хавотирга солган ягона муаммо эмас.

Минтақа аҳолиси орасида синтетик наркотикка қарамлик ҳам ошиб бормоқда, дейди ташкилот.

Маълум қилинишича, ўтган беш йил давомида минтақа мамлакатларида мусодара қилинган бу турдаги наркотиклар ҳажми 74 баробарга ошган.

UNODC дастурида қанча инсон синтетик наркотиклар қарамига тушиб қолгани бўйича эса аниқ маълумотлар мавжуд эмаслиги тилга олинади.

Марказий Осиёдан чиққан меҳнат муҳожирлари тақдири БМТни ташвишга солаётган яна бир муҳим масала.

Ташкилот, айниқса, вояга етмаган меҳнат муҳожирларининг одам савдоси қурбонига айланиши ҳолатлари тобора кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган.

БМТ маълумотларида биргина 2017 йилнинг ўзида 600 га Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбонига айлангани ҳақида сўз боради.

Зўравонлик ва кибержиноят

БМТ Марказий Осиё минтақасида аёлларга нисбатан зўравонлик ортаётганини ҳам қайд этган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақа аёллари қатор сабаблар туфайли зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилишдан тийилмоқда.

ATM

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, БМТ минтақа давлатлари иқтисодий муаммоларга ҳам юз тутаётганини айтади.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари орасида кенг тарқалган гендер стереотиплар бу муаммодаги энг муҳим омиллардан биридир", таъкидлайди дастур муаллифлари.

БМТнинг билдиришича, минтақадаги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг катта қисми зўравонлик қурбонлари билан мулоқотга киришишда етарлича уқувга эга эмас.

Оқибатда, жамиятларнинг зўравонлик ҳолатларида адолатни қарор топтириш йўлида ҳуқуқ-тартибот органларига бўлган ишончи тушиб бормоқда.

Марказий Осиё давлатлари, БМТнинг таъбирича, қатор иқтисодий хатарларга ҳам юз тутмоқда.

Қонун устуворлигининг етарлича таъминланмаганлиги, коррупция, солиқ, божхона тизимларининг нооқилона бошқарилиши оқибатида бу мамлакатларга хориждан инвестиция келиши қийинлашмоқда, мавжуд капиталлар эса соядаги иқтисодиётга ўтиб кетмоқда, қайд этилади UNODC дастурида.

Бундан ташқари, интернет орқали амалга оширилаётган кибержиноятлар ҳам Марказий Осиё давлатларида кўпайиб борилаётгани билдирилади.

БМТ бундай жиноятларда булут технологиялари, ижтимоий тармоқлар, мобил иловалардан кўплаб фойдаланилаётганини қайд этган.

Сўнгги вақтларда ўзбекистонлик тармоқ фойдаланувчилари, айниқса, савдо платформаларида киберфирибгарлар фаоллашгани, янги технологияларни у қадар яхши тушунмайдиган инсонлар бундай жиноятчилар қурбонига айланаётгани ҳақида кўпроқ хабар бера бошлаганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek