Ўзбекистон: Қулоқсиз ҳайдовчилар тонировкани рухсат билан ўрнатса бўлмайдими? – ҳуқуқшунос тонировка ҳақида, O'zbekiston, tonirovka

blogger

Сурат манбаси, Daryo.uz

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев яна тонировка масаласини кўтарган

Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев йиллардан бери жамоатчилик эътиборидаги бош мавзулардан бири - тонировка масаласига эътибор қаратган.

Бу сафар ҳуқуқшунос тонировка тўғрисидаги қонунни мантиқсиз, дея атаган.

Худойбердиев чироқчилик ҳайдовчи билан юз берган воқеа ортидан тонировка ҳақидаги фикрларини ўқувчилари билан улашган.

Алоқадор мавзулар:

Қуршовдаги Lacetti

police

Сурат манбаси, Videograb/social media

Сурат тагсўзи, Чироқчидаги воқеа қизғин "тонировка муҳокамалари" сабаб бўлган

28 ноябрь куни Телеграм каналларида тарқалган бир видео мамлакатдаги тармоқ фойдаланувчилари ўртасида тонировка - автомашина ойналарининг тусини ўзгартириш мавзуси яна муҳокама қилинишига туртки берган.

Бу видеода ЙПХ ва махсус гуруҳ ходимлари ойналари қорайтирилган Lacetti автомашинасини қуршаб тургани кўзга ташланади.

Ходимлар ҳайдовчидан машина эшигини очишни талаб қилади, атрофдаги одамлар эса уни воқеа жойидан кетишга ундайди.

Бир неча сониялардан сўнг ҳайдовчи ходимлар устига ҳайдаб, қочишга қарор қилади.

Ҳайдовчининг кутилмаган қароридан бироз эсанкираган ходимлар машина ойналарини уриб синдира бошлайдилар, аммо бу ҳаракатлар ҳайдовчини тўхтата олмайди.

Кейинроқ, расмийлар ушбу ҳолат 27 ноябрь куни Чироқчи туманида юз берганини маълум қилганлар.

Билдирилишича, Lacetti автомашинаси "Хавфсиз ҳудуд" профилактик тадбири доирасида тўхтатилган ва хатти-ҳаракатлари ортидан автомашина ҳайдовчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай тарқатилган ҳайдовчининг "иқрорномаси"да 23 яшар йигит машинасининг олд ён ойналари рухсатсиз тонировка қилингани учун "қўрққанидан" ходимларга бўйсунмагани ҳақида гапиради.

Айб фақат фуқародами?

IIBB

Сурат манбаси, Тошкент шаҳар ИИББ

Сурат тагсўзи, Тонировка нархи ва жаримаси миқдори йиллар давомида танқид қилиб келинади

Ушбу видео нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фуқаролар билан муносабатда ўзини тутиши, балки тонировка масаласи қизғин муҳокама қилинишига туртки берган.

Расмийлар, табиий равишда, ҳайдовчи йигитни ички ишлар органи ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаганликда айблаб чиққан бўлса, аксар тармоқ фойдаланувчилари ИИО ходимларининг фуқароларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлишда қоралаган.

Шунингдек, айримлар, хусусан, блогер Хушнудбек воқеанинг асосий сабабчиси - тонировка масаласига эътибор қаратган.

Ўзининг Телеграм каналида эълон қилган постида ҳуқуқшунос-блогер фуқароларни ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига риоя қилишга чақирган ҳолда масаланинг сабабларини кўриб чиқишни таклиф этади.

"Айб фақат фуқаролардами? Балки мантиқсиз қонунларни ўзгартириш пайти келгандир?" деган саволни қўяди у.

"Хўш, ўша Lacetti ҳайдовчиси нега бунчалик қўрқиб кетди? Масалан, оддий камар тақмаганида ёки суғуртаси бўлмаганда бунчаликка бормасдику, тўғрими?" савол беришда давом этади Худойбердиев.

Ўз саволига ўзи жавоб берган Худойбердиевнинг фикрича, бунинг сабаби Ўзбекистонда рухсатсиз тонировка ўрнатганларга ўта юқори жарима қўлланилишидадир.

"Ҳатто қизил чироқда ўтган ёки 70 км/соат белгиланган жойда 180 тезликда юрган қоидабузарларга ҳам бунчалик жазо йўқ", аниқлик киритади ҳуқуқшунос.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига кўра, автомашинаси ойнасини тегишли рухсатномасиз тонировка қилдирган ҳайдовчиларга нисбатан БҲМнинг 25 баравари (6 миллион 750 минг сўм)дан 40 баравари (10 миллион 800 минг сўм)гача жарима қўлланилади.

Худойбердиевнинг эслатиб ўтишича, мамлакатда йўл ҳаракати қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар қаторида тонировкадан ташқари фақат транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс маст ҳолда машина ҳайдаганда бундай юқори жарима қўлланилади.

Август ойида "Адолат" СДПдан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳам ижтимоий хавфлилик нуқтаи назаридан солиштирганда, рухсатсиз тонировкага нисбатан жарима миқдори "адолатсиз ўрнатилгани"ни таъкидлаган эди.

"Шу ўринда савол туғилади. Автомобиль ойналарини қорайтириш орқали офтоб нуридан ҳимояланиш кундалик зарурат экан, нега бу ҳаракат катта миқдорда жарима билан жазоланмоқда?" ёзган Абдуҳалимов.

Шунингдек, президентликка номзод "пулини тўласа, бу ҳуқуқбузарлик қонуний бўлиб қолиши"ни савол остига олган.

"Қулоқсиз ва маданиятсиз ҳайдовчилар"

Ўз постида ҳуқуқшунос ҳайдовчилар нега автомашинаси ойналарини белгиланган тартибда қорайтиришга ошиқмаслиги сабабларини савол остига олади.

"Хўп, бу қулоқсиз ва маданиятсиз ҳайдовчилар тонировкани тегишли рухсат билан ўрнатса бўлмайдими? Нега улар тонировка учун қонунни бузади? Қонунларга ҳурмат қани?"

Жавоб: чунки тонировка нархи мантиқсиз даражада ўта қиммат, давом этади у.

Мамлакатда тонировка нархининг қимматлиги масаласи бир неча йиллардан буён жамоатчилик томонидан танқидга тутиб келинади.

Енгил автомобиллар ойналарини пуллик асосда қорайтиришга 2018 йил 1 августдан рухсат берилган.

Ўшанда, қорайтиришга рухсатнома учун тўлов жисмоний шахслар учун 16,5 миллион сўм, юридик шахслар учун эса 22,1 миллион сўм этиб белгиланган эди.

tonirovka

Сурат манбаси, Uz24.uz

Сурат тагсўзи, Мамлакатда рухсат билан тонировка қилинган илк автомобиль. Масала нархи - 16,5 миллион сўм

Ўтган йиллар давомида жамоатчилик фаоллари ёз кунларида жазирама иссиқ одатий ҳол бўлган мамлакат учун тонировка нархининг бунчалик юқори қўйилганини танқид қилиб келганлар.

Натижада, шу вақтга қадар тонировка нархи бир неча бор арзонлаштирилган.

Тонировка нархи сўнгги бор шу йилнинг июль ойидаги ҳукумат қарори билан ўзгарган.

1 октябрдан бошлаб ўзбекистонликлар автомашина орқа ён ойналари тусини ўзгартириш учун БҲМнинг 4,5 баробари (1,2 миллион сўм), барча ён ойналарни қорайтириш учун БҲМнинг 45 баробари (12,1 миллион сўм) тўлашларига тўғри келади.

Бироқ фаоллар нархлар ҳали ҳам юқори эканини таъкидлайдилар.

"Оддий соя учун бунчалар баланд нарх белгилагандан кейин, аксарият ҳайдовчилар рухсатсиз ўрнатишга ҳаракат қилиши табиий. Майли, кимдир зарурият учун, кимдир мақтаниш учун қилар, аммо факт шуки, мантиқсиз қонунларнинг ўзи фуқароларни қоида бузишга провокация қилади", ёзади ҳуқуқшунос Худойбердиев.

Манфаатдор вазирлик

Худойбердиев, шунингдек, нега тонировка ўрнатиш нархи ва рухсатсиз тонировка учун ўрнатилган жарима миқдори пасайтирилмаётгани масаласини ҳам тилга олган.

"…чунки бундан Ички ишлар вазирлиги манфаатдор, улар ҳар йили бир неча юз миллиард сўм бундан даромад олади. Шу сабабли ҳалигача нарх ва жаримани тушириш варианти кўриб чиқилмаяпти".

Бундан аввал, Ўзбекистонда 2019 йил 5 августидан 2020 йил 31 декабрига қадар 82,125 та тонировка рухсатномаси берилиб, жами 302 миллиард 635 миллион сўм ундирилгани хабар қилинган эди.

"Ушбу пулларнинг бир тийини ҳам республика бюджетига ўтказилмайди, бунинг барчаси ИИВнинг махсус жамғармасига бориб тушади", ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Унинг фикрича, бундай катта маблағ тушиб турган бир пайтда расмийлар жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб келаётган масалани қайта кўриб чиқишга рўйхушлик бермайди.

"Кўряпсизми, барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Айб фақат фуқароларда эмас, мантиқсиз қонунларга ҳам бир қараб қўяйлик. ИМҲО", фикрини тугади ҳуқуқшунос.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek