Ўзбекистон: “Истиқлол”га қарши петиция, онлайн “тонировка” ва коронавирус кураши учун 4 триллион сўм – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Telegram/zashitimnashparkkosmonavtov
Ўзбекистон: "Истиқлол"га қарши петиция, онлайн "тонировка" ва коронавирус кураши учун 4 триллион сўм - Тошкентдаги фаоллар нимадан норози, энди тонировка қилдириш осонлашадими, ўғри масжиддан нимани ўмарди? bbcuzbek.com дайжести.
Бир гуруҳ фаоллар Тошкент шаҳридаги "Мовий гумбазлар" хиёбонининг сақлаб қолинишини талаб этиб, онлайн петиция бошлаганлар.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 4 февраль куни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган "Истиқлол" мажмуаси концепцияси лойиҳасини яратиш учун танлов эълон қилган эди.
Расмий хабарда қурилишнинг аниқ жойи белгиланмаган бўлсада, мажмуани қуриш учун таниқли "ЦУМ" (Марказий универмаг) қаршисидаги ҳудуд танлангани тилга олинади.Универмаг қаршисида эса "Мовий гумбазлар" хиёбони жойлашган.
Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиши эҳтимолидан хавотирланиб, кескин норозилик билдирганлар.
Онлайн петицияга эса 8 февраль соат 16.00 ҳолатига кўра, 4,300 дан зиёд инсон имзо чеккан.
"Биз ушбу масканни ўз ҳолатида қолдирилиши учун овоз берамиз. Биз ушбу жойни қайта қурилишига ва дарахтлар кесилишига қаршимиз. Биз шаҳар ҳокимияти ва тегишли ташкилотларга ушбу мажмуанинг қурилишини бошқа ерга, масалан пойтахтнинг бузилаётган маҳаллаларидан бўш қолган жойларга кўчирилишини сўраймиз. Бизнинг овозларимизни эшитиб қолишади деган умиддамиз!" дейилади петицияда.
Шунингдек, хиёбоннинг ўзида ҳам петиция учун имзолар йиғилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Бундан аввал Тошкент шаҳар ҳокимлиги "Истиқлол" мажмуаси қуриладиган ҳудуддаги барча дарахтлар муҳофазага олинишини маълум қилган эди.
Вазиятга президент қизи Саида Мирзиёева ҳам аралашган.
У аҳолининг фикрини эътиборга олмасдан туриб, "боғ ҳудудларини ўзгартириш мумкин эмаслиги" ҳақида ёзган.
"Шаҳар жамоат жойлари, айниқса, яшил боғ ҳудудлари муҳофаза қилиниши, асралиши ва кенгайтирилиши лозим", билдирган Мирзиёева.
4 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги мажмуа барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилиши ва муҳофазага олинишини маълум қилган.
"Тонировка" автоматлаштирилади

Сурат манбаси, BBCUZBEK
1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатномалар Ягона интерактив давлат хизматлари портал орқали ҳам берилиши мумкин.
Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Шунингдек, қарор билан 1 апрелга қадар "тонировка"га рухсат бериш жараёнини автоматлаштириш белгилаб қўйилган.
2020 йил октябрь ойидан Ўзбекистонда "тонировка" нархи туширилиб, ҳозирда шахсий автомобиллар орқа ён ойналарини қорайтириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари ёки 1,225,000 сўмни ташкил этмоқда.
Сўхда аэродром қурила бошланди

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Фарғона вилояти ҳокимлиги Сўх туманида аэродром қурилиши бошлангани ҳақида хабар тарқатган.
Маълум этилишича, аэродром учун 4,5 гектар ер майдони ажратилган.
Лойиҳанинг қиймати эса 12 миллиард сўмга баҳоланган.
Қурилиш май ойига қадар якунланиши хабар қилинган.
Ўтган йилнинг май ойида юз берган воқеалар ортидан ҳукумат Сўхга алоҳида эътибор қарата бошлаган, узилиб қолган туманни мамлакатнинг асосий қисми билан боғлаш масаласи ўртага чиққан эди.
Коронавирус ва 4 триллион сўм

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш йўлида жами 3 триллион 962 миллиард сўм сарфланган.
Бу рақам Сенатда тингланган ҳукумат ҳисоботида очиқланган.
Бундан аввалроқ Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатлари бўйича маълумотлар тақдим этган эди.
Унга кўра, дорилар, тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари, тест тизимлари учун 1,5 триллион сўм;
Тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, санитария-эпидемиология хизмати фаолияти учун 2,4 триллион сўм;
Карантин зоналари, коронавирус шифохоналари қуриш, уларни жиҳозлаш учун 1 триллион сўм сарф этилган.
Масжиддаги ўғри

Сурат манбаси, official
Наманган шаҳрида ҳожатхонадан телефон ва масжиддан пойабзал ўғирлаб кетган шахс қўлга олинган.
Вилоят ИИБнинг хабар беришича, 40 ёшдаги Тўрақўрғон тумани яшовчиси Наманган шаҳарда жойлашган Чорсу деҳқон бозори ҳожатхонасида қаровсиз қолдирилган курткадан қиймати $160 бўлган телефонни ўғирлаб кетган.
Тезкор ҳаракатлар билан ушланган бу шахс шаҳардаги Хўжа Амин жоме масжидидан ҳам қиймати 600 минг сўмлик эркаклар оёқ кийимини ўғирлаб кетгани аниқланган.
Наманган вилоят ИИБ гумондорга нисбатан тегишли моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилганини қўшимча қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















