Хитой Толибонга ёрдам бермоқчи, Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни ҳам шунга ундади Afg‘oniston Xitoy O‘zbekiston AQSh dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий Пекин Толибонга $31 миллион долларлик фавқулодда ёрдамини таклиф қилди. Ҳаракатнинг муваққат ҳукуматига бу каби таклиф билан чиққан биринчи дунё давлати бўлди. Хитой Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги уч қўшнисини ҳам шунга ундади.
Хитойнинг фавқулодда кўмак таклифига оид хабар Толибон ўзининг муваққат ҳукумати ва Вазирлар Маҳкамасини таништириши, Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилишидан кун ўтиб олинди.
Хабарларга кўра, Хитойнинг таклифи ва даъвати Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг кеча, 8 сентябрь кунги видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган учрашуви чоғида янграган.
Ўзбекистон томони унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам иштирок этганини расман хабар берган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.
Ўзбекистон ва Хитой Толибон Афғонистонда тузган муваққат ҳукуматга аллақачон ўз муносабатларини билдириб чиқишган.
Расмий Тошкент буни олқишлаган, Пекин Толибон ҳукумати билан мулоқотларини давом эттиришини баён қилган.
Ўзбекистон Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.
Икковлоннинг бу хусусдаги расмий баёнотлари ташқи ишлар вазирларининг ана шу учрашувлари арафасида бўй кўрсатган.
Ёрдам таклифи

Сурат манбаси, official
Хитой янги муваққат ҳукумат Афғонистонда "тартиб ўрнатиш учун лозим қадам" бўлганини айтган.
Афғонистонга озиқ-овқат ва коронавирусга қарши 3 миллион доза вакцина бериш истагида эканини маълум қилган.
Толибоннинг қайта қудратга келиши манзарасида Афғонистондаги ковид билан боғлиқ аҳвол ва аҳолини унга қарши оммавий эмлаш ишларининг кейинги тақдири Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг устма-уст хавотирларига сабаб мавзулардан бири бўлади.
Хитой эса, дунёнинг коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцинасини ишлаб чиқа олган саноқли давлатидан биттасидир.
Хабарларга кўра, Хитой томони биргина ўзининг фавқулодда ёрдамга оид нияти ва аҳдини изҳор этиш билан чекланмаган.
Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон ва Эронни ҳам Афғонистонга ёрдам беришда ҳамкорлик қилишга чақирган.
Хитойнинг геосиёсий ва геоиқтисодий рақобатчиси бўлган АҚШ эса, Толибоннинг ҳукуматини бу яқин ўртада тан олиш истаги йўқлигини баён қилган.
Расмий Пекиннинг фурсатни бой бермаслик йўлидаги саъй-ҳаракатлари Афғонистонда бирор бир АҚШ ёки Ғарб ҳарбийси қолмаган бир пайтга тўғри келмоқда.
20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни 31 август куни тарк этган.
Уларнинг Афғонистондан қай йўсин чиқиб кетишганини ҳам Хитой кескин танқид қилган.
Бу ишнинг "шоша-пиша" амалга оширилгани "жиддий оқибатларга сабаб бўлгани"ни айтган.
АҚШ қўшинлари Афғонистонга "вайронагарчилик келтиришгани"ни баён қилган.
Устма-уст йиғилиш

Сурат манбаси, official
Аммо, расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири худди шу куннинг ўзида АҚШ Давлат департаменти ва Германия ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан сиртдан ташкил этилган яна бир йиғилишда қатнашган.
Маълум бўлишича, унда дунёнинг 20 дан ортиқ давлати, БМТ, Европа Иттифоқи ва Нато вакиллари бугунги Афғонистон масаласини гаплашиб олишган.
Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган.
Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишини олдини олиш борасидаги Толибоннинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг эса, ўз нутқида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатнинг минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратгани айтилган.
Хитой ниманинг ҳаракатида?

Сурат манбаси, Screenshot
Хитойнинг фавқулодда ёрдамга оид таклифига Толибон ҳаракатининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ҳаракат 7 сентябрь куни тузилганини расман эълон қилган муваққат ҳукумати эса, ҳалича қасамёд келтирмаган, инаугурацияси санаси очиқланмаган.
Хитой жорий пайтда АҚШ билан бирга дунёнинг энг йирик иккита иқтисодий қудратидан биттаси бўлади.
Жаҳондаги энг қудратли геоиқтисодий ўйинчилардан бири саналади.
Минтақадаги аксарият давлатларнинг энг йирик иқтисодий ҳамкори, сармоячиси ва кредитори экани кўрилади.
Қайта қудратга келиши ортидан Толибон ҳам Хитойни Афғонистоннинг энг муҳим ҳамкори, деб таърифлаган.
Иқтисоди абгор Афғонистонни қайта оёққа қўйиш учун Хитойнинг сармояси ва дастагига ошкора кўз тиккан.
Афғонистон минтақанинг минерал захираларга бой ва муҳим транзит йўлида жойлашган давлатларидан бири бўлади.
Хитой сўнгги 20 йил ичида Афғонистондаги айрим йирик конларни ўзлаштириш имкониятини ҳам қўлга киритган, аммо хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли бир неча миллиард долларлик битимлар ижроси ниҳоясига етмай қолиб кетган.
Тўлиқ ўзлаштирилган тақдирда, Хитой 2007 йилда афғон ҳукуматидан 30 йилга ижарага олган Мис Ойнак конининг ўзиёқ Афғонистонга 1 триллион доллар фойда келтириши мумкинлиги айтилади.
Расмий Пекин ҳам Толибон билан яхши бўлишга жиддий бел боғлаган.
Ҳаракат ҳатто ҳали Афғонистонни эгалламай туриб ҳам уларнинг ҳайъатини Хитойга таклиф қилган.
"Илиқ" қарши олган ва ўзининг иқтисодий қўлловини таклиф қилган.
Толибонни яна бир бор "дўстимиз" дейиш баробарида, Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атаган.
Бу томонларнинг 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва Нато кучлари Афғонистонни тарк этиши фонидаги илк учрашуви бўлган.
Музокарачилар ўшанда биргина хавфсизлик масаласи билан чекланишмаган, Афғонистондаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳам муҳокама этишган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиши айнан Марказий ва Жанубий Осиё атрофидаги геосиёсий курашнинг янада кучайишига оид жиддий хавотирларни пайдо қилиб бўлган.
Толибон ҳайъати Хитойгача ҳам Эрон, Россия ва Туркманистонда бўлиш, бу уч давлат пойтахтларининг Ташқи ишлар вазирлигида расман музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.
Бу ташрифлар барчасининг ҳам мезбон давлат ҳукуматларининг расмий таклифлари билан амалга ошгани айтилган.
Толибон ва дипломатия

Сурат манбаси, official
Толибон ҳаракати дунёнинг кўплаб давлатларида расман "террорчи ташкилот", деб тан олинган, фаолияти ҳам қонунан тақиқланган.
Аммо аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида минтақадаги етакчи ўйинчи давлатларнинг бу каби сиёсати унинг легитимлигини ҳам кучайтиришга хизмат қилмай қолмаган.
Айрим Ғарб нашрлари эса, сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг, айниқса, Хитойга қилган сўнгги ташрифини Толибоннинг том маънодаги дипломатик ютуғига йўйишган.
Расмий Пекин сўнгги уч йил ичида Толибон ҳаракати билан музокаралар олиб бориб келаётган эса-да, бундан аввалгиларининг ҳеч бири сўнггисидек бўлмагани ҳақида ёзишган.
Толибон ҳайъати раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахундни шахсан Хитой Ташқи ишлар вазирининг ўзи қарши олган, етакчи Ғарб нашрлари эса, худди шу ўринда икковлоннинг кўришишлари "илиқ" бўлганига ўз эътиборларини қаратишган.
Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Толибон вакиллари ўртасида туриб суратга ҳам тушиб берган.
Бунга Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи ва мамлакат давлат оммавий ахборот воситаларидаги тасвирлар далолат қилган.
Ғарбнинг айрим етакчи нашрларига кўра, буларнинг барчаси Афғонистондаги Исломий Амирлигининг ағдарилишидан 20 йил ўтиб, Толибон дунёнинг энг етакчи қудратларини ҳам ўзлари билан ҳисоблаштириш даражасига етганига далолат қилмай қолмаган.
Хитой ва Афғонистон

Сурат манбаси, .
Хитой Афғонистон билан 76 километрга узанган ўзаро чегарага эга.
Икки давлат ўртасидаги чегара, бошқа томондан, Хитойнинг беқарор шимолий-ғарбий Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидан ўтади.
Хитой эса, ўзининг айнан Шинжондаги "қаттиққўл" сиёсати туфайли, айниқса, сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидлари остида қолган.
Расмий Пекин Шинжондаги лагерь-ҳибсхоналарида аксарияти уйғур бўлган бир миллионга яқин мусулмонни ушлаб тургани ишонилади.
Хитой ҳукуматининг ўзи эса, уларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари", деб атайди.
Худди шу манзарада Афғонистондан бошпана топган Туркистон Исломий партияси, йилларки, Хитой ҳукуматининг жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.
Туркистон Исломий партияси айнан уйғур жангари гуруҳи саналади. Унга Хитойнинг Шинжон Уйғуристонида асос солинган.
Гуруҳнинг орада Яқин Шарқда ҳам қайта уюшиш, ўз тармоғини тузишга муваффақ бўлгани айтилган.
Бундан икки йил аввал эса, Туркистон Исломий партиясининг яна Афғонистонда қайта фаоллашганига оид хабарлар ҳам олинган.
Хитой билан алоқалари кескин совуқлашиши фонида орада Дональд Трамп маъмурияти гуруҳни террорчи ташкилотларнинг "қора рўйхати"дан ҳам чиқарган.
Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида эса, Хитой ҳукумати, айниқса, АҚШ, Ғарб билан алоқаларига жиддий дарз етаётган сўнгги йилларда ўзининг жўғрофий яхлитлиги ташвишига тушиб қолган.
Хабарларга кўра, Хитой томони Афғонистонни қайта тиклашга кўмак бериш эвазига Толибон ҳайъатидан Туркистон Исломий партияси билан алоқаларини узиши, унга қарши курашишини сўраган.
"Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликлари, аммо мамлакатнинг муаммоларини ечиш ва тинчликни қарор топтиришга кўмакчи бўлишлари"ни айтган.
Маълум бўлишича, Толибон ҳайъати расмий Пекинни ҳам "бирор бир хорижий жангари гуруҳининг Афғонистон тупроғидан фойдаланишига изн бермасликлари"га ишонтирган.
Ҳарбий ва иқтисодий қудрат

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой АҚШ ва Россия билан бирга минтақадаги учта йирик геосиёсий ўйинчи ва ядровий қудратдан биттаси саналади.
Афғонистонда ўзининг йирик иқтисодий манфаатларига эга давлатлардан бири.
Орада Афғонистонга миллиардлаб доллар сармоя киритиш ва Афғонистонни ўзининг йирик геоиқтисодий лойиҳаларига ҳам жалб қилиш ҳаракатида экани кўрилган.
Энергияга чанқоқ Хитой ҳам Афғонистоннинг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган улкан табиий захираларига кўз тиккан.
Хитой жорий пайтда АҚШ билан бирга дунёнинг иккита йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Хитой Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга ягона давлат сифатида кўрилувчи Покистоннинг ҳам энг йирик ҳарбий ва иқтисодий ҳамкори.
Аммо Америка Қўшма Штатларининг "террорга қарши уруши"га бош қўшган дунёнинг аксарият етакчи давлатларидан фарқли тарзда жанговар амалиётлар учун Афғонистонга қўшин киритмаган.
Оз сондаги ҳарбийлари Афғонистонда фақат афғон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ишларида машғул бўлишган.
Лекин худди шунинг баробарида ўзларига чегарадош Афғонистонда АҚШнинг узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигидан беҳузур эканини ҳам яширмаган.
Толибоннинг ташрифига оид хабарлар ортидан, АҚШ давлат котиби ҳам Хитойнинг Афғонистондаги вазиятга аралашувига салбий баҳо бермаган.
Агар расмий Пекин ҳақиқатан ҳам афғон можаросига тинч ечим топиш ва Афғонистонда кенг қамровли ҳукумат тузилиши илинжида бўлса, бу "ижобий нарса" эканини айтган.
Аммо Толибон Афғонистонни куч билан босиб қолган, мамлакатда яна ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса, Толибон ҳайъати билан музокаралари ортидан эълон қилган расмий баёнотида, "шоша-пиша чиқиб кетаётгани АҚШнинг Афғонистонга оид сиёсатининг барбод бўлганини англатиши"ни иддао қилган.
Энди "афғон халқи ўз мамлакатини барқарорлаштириш ва ривожлантириш учун муҳим имкониятга эга эканлиги"ни таъкидлаган.
Яқинда Толибон воизи The Wall Street Journal билан суҳбатида уйғурлар масаласида Хитойни қоралашдан бош тортган.
Афғонистоннинг эҳтимолий Толибон ҳукумати Шинжондаги инсон ҳукукларини қоралашда Ғарб давлатларига қўшиладими, деб сўралганида, "ҳар қандай қарор ўша вақтнинг воқеъликларига асосланиши"ни айтиб, жавоб берган.
Бунинг эртасига ҳам South China Morning Post нашридаги мақолада Толибон Хитойни "ўз дўсти", деб атагани маълум бўлганди.
Толибон ҳаракатининг 2019 йилда Ўзбекистон қилган сўнгги амалий ташрифи эса, "илиқ" экани мазмунида Афғонистон томонининг эътирозига сабаб бўлгани ҳам кўрилган.
Афғонистонда ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам бошпана топиб келади.
Марказий Осиёда аҳолиси энг каттаси ва Жанубий Осиё орқали денгиз йўлларига чиқиш илинжидаги Ўзбекистон ҳам Афғонистонда ўзининг жиддий иқтисодий манфаатларига эга.
Ўзбекистон ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бир неча бор бўлиб қайтган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Расмий Тошкент халқаро миқёсдаги тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келади.
Орада Толибон Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларини расман ва ошкора эътироф этишгача боргани ҳам кўрилган.
Ўзбекистон "кўмакчи" бўлади, аммо...

Сурат манбаси, .
Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталган.
Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Навоий вилоятида экан, 27 август куни Афғонистонни "жонажон қўшнилари", деб атаган.
"Ўзини худди шу нарса ўйлантириши, улар ҳам, ўзлари ҳам кўчиб кета олмасликлари"ни айтган.
Ўзбекистон раҳбари худди шу чиқиши чоғида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширганликларига кун бўлганини ҳам маълум қилган.
Шавкат Мирзиёев бунинг сабабини "жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсади" билан изоҳлаган.
Бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатларни поездлар орқали Афғонистонга етказиб беришлари, ўзлари ҳам бунга ҳисса қўшишлари мумкинлигини айтган.
Бунинг сабабини, "Мозори Шариф шаҳрига ягона темир йўл Ўзбекистон орқали ўтиши" билан изоҳлаган.
"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни таъкидлаган.
Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати сўнгги бор 2019 йилда Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб қайтган.
Тошкентда музокаралар олиб борган, Ҳайит намозини ўқиган, қадим Самарқандни зиёрат ҳам қилган.
Уларнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи "қалин" кечгани мазмунида ўшанда расмий Кобулнинг ошкора эътирозига ҳам сабаб бўлгани кўрилган.
Афғонистон Толибон ҳаракати Ўзбекистонда расман "террорчи ташкилот", деб тан олинмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













