Толибон Мирзиёев ташаббуслари йўлида тўғаноқ бўлиши мумкинми? Ўзбекистон ва Жанубий Осиё O‘zbekiston Afg‘oniston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни энди Жанубий Осиё билан боғламоқчи. Бунинг мавжуд хавф ва имкониятларини баҳолаб кўрмоқчи. Тошкентда йирик халқаро анжуман ўтмоқда. Аммо Толибон фактори ҳозир бунинг учун бир имкониятми ёки таҳдид? Таҳлил.
Табиий захираларга бой Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.
Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳануз чуқур илдиз отган, мавжуд фактор ўз вақтида айрим экспертлар томонидан мамлакатда радикализмни кучайтириши мумкин бўлган омил сифатида ҳам баҳо топган.
Ўзбекистон меҳнатга қобилиятли аҳолиси салмоқли қисмининг тирикчилиги ҳали ҳам четдаги меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтади.
90-йиллар бошларида Ўзбекистонда асос солинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам дастлаб Афғонистондан бошпана топган, илк бор айнан Толибон ҳаракатига байъат келтирган, ҳаракатнинг яқин иттифоқчиси бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев эса, Ўзбекистонни дунёга очмоқчи, минтақавий интеграцияни кучайтириб, мамлакатнинг йилларки асосан қишлоқ хўжалигига таяниб келган иқтисоди асослари ва анъанавий бозорларини турфалаштирмоқчи.
Янги иш ўринларини яратиб, камбағалликни аритмоқчи.
Ўзбекистон сўнгги уч йилнинг ўзида учинчи бор минтақавий интеграция ва хавфсизлик масаласига бағишланган юқори даражадаги халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда.
Ҳар уч нуфузли халқаро конференциянинг ҳам президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан уюштирилгани ва уюштирилаётгани айтилади.
Аммо аксарият таҳлилчилар бу режаларнинг амалий ижроси айнан Ўзбекистон, аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида Жанубий Осиёнинг айрим иқтисодий гигантларига бевосита чегарадош ва узоқ йиллик урушлар ичидаги Афғонистондаги вазиятга боғлиқ эканини таъкидлаб келишади.

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари эса, 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига қарамай, Афғонистонда барқарорликни таъминлай олмади.
Энди шу йилдан қолмай, Афғонистондаги сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетишмоқчи, мамлакатни деярли буткул тарк этишмоқчи.
Афғонистонни бундан кейин ҳам ҳар томонлама дастаклашлари, ёрдамсиз қолдирмасликларини расман ваъда қилишган, аммо бунинг аниқ режасини ҳалича очиқлашмаган.
Афғонистондаги чегараоша ҳарбий амалиётларини қандай уюштиришлари саволи ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда, минтақа давлатлари билан бу хусусдаги музокаралар қандай кечаётгани тафсилотлари ҳали-ҳануз кенг матбуотга имконли эмас.
Толибон эса, саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёга чегарадош аксарият ҳудудлари назоратини қўлга киритиб бўлган, бу мамлакатларни бир-бирига боғловчи энг муҳим ва асосий ўтиш нуқталари, савдо йўллари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик аксарият портларни ҳам босиб олиб бўлган.
Тожикистон ва Афғонистон томони расман тасдиқламаётган эса-да, халқаро аҳамиятга молик Шерхон бандар портини аллақачон юритиб, тожикистонлик ҳайдовчиларга виза тартибини бекор қилганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Толибоннинг сўнгги ютуқлари аллақачон олти ойнинг ўзидаёқ амалдаги қонуний ҳукуматнинг қулаши, Афғонистонда воқеалар даҳшатли тус олиши, мамлакатнинг фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башорат ва жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.
Айнан Афғонистон жўғрофий жойлашуви назарда тутилганда, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаши мумкин бўлган оралиқ давлат сифатида кўрилади.
Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Марказий Осиё минтақаси учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат ўлароқ эътироф этилади.
Ўзбекистонга Афғонистонда ҳали АҚШ ва Нато кучлари ҳозир бўлган 2019 йилги сўнгги амалий ташрифи чоғида эса, Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъати расмий Тошкентни мамлакатда бошлаган лойиҳаларини ниҳоясига етказишга чақирган.
Улар сирасида Ўзбекистоннинг Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларини тилга олиб ўтган.

Сурат манбаси, courtesy
Толибон ҳайъати ўшанда бу ишлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.
Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашларини ҳам айтган.
Ҳаракат юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг амалий ташрифлари манзарасида сўнгги ҳафталарда айрим минтақа давлатлари пойтахтларида ҳам худди шунга ўхшаш ваъдалар янграган.
Толибон ва расмий Вашингтон ўртасидаги 2020 йилги "тарихий битим"га мувофиқ ҳаракатнинг Афғонистон ҳукумати билан мулоқотлари ҳануз ўз поёнига етмаган.
Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи қонуний коалицион ҳукуматнинг қудратга келиши ва мамлакатда доимий тинчликнинг қарор топишига йўл очишига умид қилинаётган бу мулоқотларнинг тақдирини ҳам катта савол остига қўйиб улгурган.
Бошқа томондан, мазкур битим шартларига мувофиқ, Толибон фақат Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларини ҳужумга тутмасликка кўнган.
Расмий Кобулнинг иштирокисиз эришилган келишув толибларнинг Афғонистон хавфсизлик кучларига қаратилган ҳужумларини кўзда тутмаган.
Афғонистондаги сўнгги ютуқлари манзарасида кеча, пайшанба куни эса, уч ойлик сулҳ эвазига Толибон афғон ҳукуматидан яна 10 мингга яқин жангарисини озод этишини сўраган.
Афғонистон Толибон ҳаракати шундоқ ҳам минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади, ҳарбий доираларда аъзоларининг сони бир неча ўн мингга нисбат берилади.
Ҳаракат расмий Вашингтон билан ўз тарихида илк бор имзолаган ўтган йилги битимга мувофиқ, Афғонистон ҳукумати қамоқхоналаридаги беш мингга яқин аъзосининг ҳам озод этилишига эришган.

Сурат манбаси, official
Аммо, мамлакатидаги мавжуд вазиятга қарамай, пойтахт Тошкентдаги анжуманда шахсан иштирок этаётган Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашда мамлакатининг тутган ўрни ва унинг аҳамияти борасида сўз юритган.
Ўзбекистонга расмий ташрифи Тошкентдаги нуфузли халқаро анжуман билан бир пайтга тўғри келган Покистон Бош вазири эса, Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешавор темир йўли лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтгани хабар берилган.
Айрим Покистон нашрларининг ёзишларича, пойтахт Тошкентда томонлар янги темир йўл лойиҳасини айнан Марказий Осиёни Афғонистон ва Покистон орқали денгиз йўлларига боғловчи муҳим ташаббус сифатида баҳолаб, яна бир бор уни қўллаб-қувватлашларини билдиришган.
Имрон Хон бу лойиҳа ортида нафақат ҳукумати, балки "ўзи" туриши, "кўмакчи" бўлишини айтган.
Шавкат Мирзиёев орада бу лойиҳани "аср лойиҳаси", деб атагани ҳам кўрилган. Ўзбекистоннинг бу лойиҳа ижросига ўта иштиёқманд экани ҳам англашилган.

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, Покистон Бош вазири яна Ўзбекистон билан савдо алоқаларини кучайтириш тарафдори экани ҳам маълум бўлган.
Исломий Покистон дунёнинг иккинчи йирик мусулмон давлати бўлади.
Ҳарбий ва дипломатик доираларда Толибон ҳаракатига таъсири катта экани ҳам ишонилади.
Афғонистондаги сўнгги воқеалар ривожи манзарасида Толибон ҳаракати вакилларининг Тошкентдаги анжуманга таклиф этилишгани ёки йўқлиги маълум эмас. Расмий хабарларда бу ҳақда айтилмаган.
Аммо Ўзбекистон минтақанинг Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан тўғридан-тўғри расман ва фаол музокаралар олиб бораётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Расмий Тошкент Шавкат Мирзиёев қудратга келган сўнгги тўрт йилнинг ўзида Толибон юқори мартабали ҳайъатининг икки бор амалий ташриф билан Ўзбекистонга келишига ҳам эришган.
АҚШ ва Нато қўшинларининг Афғонистондан буткул чиқиб кетиши, бошқа томондан, Марказий ва Жанубий Осиё атрофида геосиёсий тангликни янада кучайтириши мумкинлигига оид жиддий хавотирлар ҳам бор.
АҚШ, Россия баробарида Афғонистондаги вазиятга бефарқ бўлмаган энергия захираларига ўта чанқоқ ядровий Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳам минтақада ўзаро рақобатда бўлган геосиёсий ва минтақавий ўйинчилар саналишади.
Шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон маслаҳатлар платформасини ташкил этиш борасида келишиб олишган.
Бундан мақсад Афғонистон тинчлик жараёни ва можародан кейинги даврда тартибга солишни қўллаб-қувватлаш экани билдирилган.
Томонларга кўра, Афғонистондаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик минтақавий боғлиқлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.
Англашилишича, янги тўрт томонлама дипломатик платформа худди шу йўл билан минтақавий боғлиқликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шундай экан, Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи ва толибларнинг қандай йўл билан бўлмасин, яна қудратга қайтиши эҳтимоли Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни Жанубийсига боғлаш ташаббуслари учун нимани англатиши мумкин?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Камолиддин Раббимов: Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик нафақат Ўзбекистоннинг стратегик ривожланиши учун ўта муҳим масала ҳисобланади. Менинг назаримда, Афғонистонда барқарорлик бўлишидан, жумладан, Хитой Халқ Республикаси ўта юқори бир даражада манфаатдор.
Бугун дунёда АҚШ ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида шиддатли геоиқтисодий, геосиёсий, геостратегик рақобат кучайиб бормоқда. Расмий Пекин ўз иқтисодиётини парваришлар экан, экспорт салоҳиятини ошириб бориш мақсадида нафақат денгиз йўллари, балки шу пайтгача ишга солинмаган қуруқлик йўллари орқали ҳам янги транспорт коридорлари изламоқда.
Афғонистондан АҚШ кучларининг чиқиб кетишини расмий Пекин ҳали яқинда ҳам қисман хавотир билан қарши олган бўлса-да, лекин кейинги пайтларда буни янги лойиҳалари учун қулай имконият сифатида кўраётган бўлиши ҳам мумкин.
Маълумки, толибларга Покистоннинг таъсири бошқа давлатларникига қараганда доим анча юқори бўлгани айтиб келинган.
Покистон эса, Хитойнинг энг ишончли ва барқарор иттифоқчиси сифатида танилган.
Толибларнинг кейинги ҳафталардаги баёнотлари, назаримда, жуда ҳайратланарли бўлди.
Уларнинг қўшни давлатлар ишларига аралашиш нияти йўқлиги, давлат чегараларининг дахлсизлигини сўзсиз тан олиши ва энг қизиғи, Шарқий Туркистон ва уйғурлар борасида "улар сепаратистлар" деб, салбий муносабат билдиришлари толиблар ва расмий Пекин ўртасида маълум келишувлар борлигига ҳам ишора қилади.
Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё, энг аввало, Афғонистон ва Покистон билан савдо-иқтисодий, транспорт коридорлари, иқтисодий интеграцион лойиҳалар масаласидаги ташаббуси минтақада шаклланаётган вазиятда ниҳоятда муҳим бўлди.
Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкентда нафақат Афғонистон ва Покистон расмийлари, балки Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, қолаверса, Эрон, Туркия ва минтақа давлатлари расмийлари фикр алмашишади.
Кун тартибида "Қандай қилиб толибларни тинч йўл билан Афғонистон сиёсий ҳаётига интеграция қилиш мумкин?", "Нима қилсак, Афғонистонда тезроқ барқарор вазият шаклланади?", "Толиблар билан реал келишувга эришиш учун ким нима қила олади?", "Афғонистон орқали савдо-транспорт коридорларини парваришлаш учун яна қандай таҳдидлар ва имкониятлар бор?" каби саволлар, ўзаро мулоқотларнинг бош мавзулари бўлиши аниқ.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга, толибларга таъсири, табиийки, жиддий чекланган.
Лекин Тошкентда Марказий Осиё минтақаси давлатлари, Хитой Халқ Республикаси, Покистон, Эрон, Россия Федерацияси, Туркия ва қолаверса, Европа Иттифоқи манфаатлари учун жозибали лойиҳаларни моделлаштириш борасида кўп тарафлама таклифлар бўлиши, бу таклифлар ва лойиҳалар эса, кўпчиликни қизиқтириши аниқ.
Савол: Агар, Марказий Осиё мисолида биргина Ўзбекистон назарда тутилса, геосиёсий, геостратегик, геоиқтисодий ва минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан Жанубий Осиё билан интеграция нимаси билан бунчалар муҳим? Бу каби интеграция Ўзбекистонга айнан нима беради?
Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон сайёрамиздаги энг катта қитьа - ЕврОсиё қитъасининг қоқ марказида жойлашган давлат. Дунёдаги деярли ягона давлатки, денгиз сарҳадларига чиқиш учун камида икки ёки ундан ортиқ давлатни босиб ўтиши керак бўлади.
Бу ҳолат Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, геоиқтисодий, натижада геосиёсий тараққиёти ва имкониятлари учун жиддий кемтиклик ёки муаммоли ҳолат бўлиб келди.
Мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг узоқ муддатли геоиқтисодий, геосиёсий орзуларидан бири - дунё денгиз портларига осон, арзон ва барқарор чиқиш йўлларига эга бўлиш эди.
Ўзбекистоннинг дунё денгиз портлари, жаҳон сув йўлларига чиқишининг энг яқин йўли бу - Афғонистон ва Покистон орқали йўл ҳисобланади. Кавказ, Туркия ёки Эрон орқали йўл эса, анча узоқ ва серхарж, қимматга тушади.
Халқаро логистика тамойилларига кўра, иқтисодий самарадорлик юк контейнерларининг бир қитъадан бошқасига қанчалик арзон ва тез бориши билан ўлчанади.
Мисол учун, Хитой Халқ Республикаси ўз маҳсулотларининг ғарбий Европага қуруқлик, яъни "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси орқали бир контейнер юк ташиш таннархини тахминан $4500 доллардан $1500 долларга туширишни мақсад қилиб қўяди.
Бу лойиҳа Ўзбекистон ҳудудидан ҳам ўтади. Кўплаб давлатларда йўл-транспорт, темир йўлларини ривожлантиришни назарда тутади.
Худди шу каби Ўзбекистон учун ҳам ўз маҳсулотларини ташқи дунёга арзон ва тез экспорт қилиш, қолаверса, ўзига зарур маҳсулотларнинг қиммат бўлиб кетишига йўл қўймаслик - иқтисодий ўсишнинг ўта муҳим шарти ҳисобланади.
Лекин шу пайтгача Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океанига чиқишидаги асосий тўсиқ бу - Афғонистондаги вазият эди.
Қолаверса, Хитой, Марказий Осиёнинг транспорт коридорлари, темир йўлларини Жанубий Осиёга, Ҳинд океанига уланишига имконият бермасдан, узилиш нуқтаси бўлган давлат ҳам айнан Афғонистон эди.
Шу сабаб, Ўзбекистон узоқ вақт ўзини "жабҳабўйи" давлат, деб эълон қилди, қўшни Афғонистонда бўлаётган фуқаролик уруши, қолаверса, "террорга қарши ҳалқаро кураш" сиёсатининг оқибатларини бевосита ва билвосита ўзида ҳис қилиб келди.
АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондан тезликда чиқиб кетишни бошлаши эса, бу давлатда ўрнатилган кучлар нисбати, Ғарб коалицияси қўллови остида яратилган "сиёсий консенсусни" қайта кўриб чиқиш учун имконият бераяпти.
Толиблар даъво қилишича, улар Афғонистоннинг 85% ҳудудини назорат қилмоқда.
Демак, Ғарб коалицияси тўлиқ чиқиб кетгач, расмий Кобулнинг вазияти янада заифлашади, толиблар Афғонистон олий ҳокимиятига эришишига реал тўсқинлик қилувчи омил деярли йўқолади.
Ўзбекистон эса, худди мана шу фонда Марказий Осиёни Жанубий Осиё, энг аввало, Афғонистон ва Покистон билан иқтисодий боғлиқлигини парваришлаш масаласи, транспорт воситалари, хусусан, темир йўл лойиҳалари тақдирини кун тартибига қўймоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













