Туркманистон Афғонистон билан чегарасига қўшин ташладими? Расмий Ашхобод илк бор баёнот берди ва маршал Дўстумнинг соғлиги яхши O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP/ARXIV
Толибон Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош вилоятларида ҳам деярли барча туманларни эгаллаб бўлди. Афғонистон ва Туркманистон ўртасидаги иккита ўтиш нуқтасидан биттасини ҳам босиб олганини иддао қилди. Туркманистон чегарадаги вазият юзасидан илк бор расмий баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқларда маршал Дўстумнинг янги сурати бўй кўрсатди.
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Толибон энди асосий эътиборини бу вилоятлар марказларини олишга қаратган.
Шимолий-ғарбий Бодғиз вилояти маркази Қалъаи Нав ортидан кеча, якшанба куни яна бир бор Маймана шаҳрига ҳужум уюштирган.
Аммо, минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, афғон ҳукумат кучлари бу гал ҳам уларнинг шаҳарга ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.
Маймана Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош ва мамлакат шимолидаги стратегик жиҳатдан энг муҳим Фарёб вилояти маркази бўлади.
Айнан Фарёбда Афғонистон ва Туркманистон ўртасида иккита йирик портдан биттаси жойлашган.
Оқина Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик бешта йирик портидан бири бўлади.
Янги иддаолар

Сурат манбаси, Reuters
Толибон ўтган жума куни куни Афғонистон ва Туркманистон орасидаги яна бир порт - Турғундини ҳам босиб олганини иддао қилган.
Порт баробарида Фароҳ вилоятининг Афғонистонни Туркманистон билан боғловчи Турғундидаги назорат-ўтиш нуқтаси ҳам ўз тасарруфлари остига ўтганини баён қилган.
Афғонистон ҳукумати Турғундининг толиблар қўлига ўтганини рад этган, ҳаракатнинг бу иддаосини ҳали-ҳануз расман тасдиқламаган.
Толибон бунгача Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги икки порт ва назорат-ўтиш нуқтасини босиб олган.
Оқина портига яқинлашишга уринган, Ўзбекистоннинг Термези яқинидаги Ҳайратон бандаргоҳига ҳам ҳужум қилган, аммо уни босиб олишга муваффақ бўлмаган.
Афғонистон хавфсизлик кучлари устма-уст ҳарбий амалиётлар ортидан, Ҳайратон портига толиблар таҳдидини аритишга муваффақ бўлишганини айтишган.
Толибоннинг жума кунги ютуқлари манзарасида қатор минтақавий нашрларда Туркманистон ҳукумати Афғонистон билан чегарасига ҳарбийлар ва ҳарбий техника ташлаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Орада уларга таяниб, бу ҳақда айрим етакчи Ғарб ва Ўзбекистондаги нашрларнинг ҳам хабар беришгани кўрилган.
Аммо бунинг ортидан Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги расман раддия билан чиққан.
Вазирлик бу хабарларни тасдиқламаган.
Илк расмий баёнот

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёноти аввалида "Сўнгги кунларда қатор Россия оммавий-ахборот воситалари томонидан туркман-афғон чегарасидаги вазият ҳақида текширилмаган ва очиқдан-очиқ нохолис ахборот тарқатилаётгани"га тўхталган.
Хоссатан Россиянинг РБК телеканалини тилга олган.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур телеканал Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарасига ҳарбий техника ва артиллерия сафарбар этилаётганига оид ҳақиқатдан йироқ хабар тарқатгани, бунинг ёлғон сенсация ортидан қувиб берилган ёлғон маълумотдан бошқа нарса эмаслигини баён қилган.
Шу муносабат билан "икки қўшни давлат ва уларнинг халқлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари туфайли туркман-афғон чегараси - дўстлик ва ҳамкорлик чегараси" эканини маълум қилган.
Расмий баёнот сўнггида Туркманистон Мудофаа вазирлигига таяниб хабар қилинишича, унинг тасарруфидаги барча ҳарбий қисмлар, уларнинг шахсий таркиби ва ҳарбий техникаси доимий мавқеъида, режалаштирилган дастурга мувофиқ машғулотларини давом этдирмоқда.
Бу Толибон ҳаракати Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини кучайтириб, аксарият туманларини ўз назорати остига олган сўнгги ҳафталар ичида Туркманистон томонининг илк бор расмий баёнот билан чиқиши бўлади.
Толибоннинг юқори мартабали сиёсий ҳайъати сўнгги икки ҳафта ичида Эрон ва Россияда бўлиш, Теҳрон ва Москвада ҳам музокаралар олиб боришга улгурган.
Ҳар икки давлат пойтахтидан олинган хабарларда толиблар улар ҳукуматларини Афғонистонни "қуролли йўл билан олиш истаклари йўқ"лигига ишонтиришгани маълум бўлган.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг расмий баёнотида Толибон ҳайъатининг пойтахт Ашхободга ташрифи баробарида Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош минтақаларида кузатилаётган воқеалар ривожи хусусида ҳам бир сўз демаган.
Туркманистон ва Афғонистон

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан бири саналади.
Тожикистондан кейин Афғонистон билан чегараси узун иккинчи Марказий Осиё давлати ҳисобланади.
Бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг узунлигини қарийб 1 минг қилометрни ташкил этади.
Туркманистон ҳам минтақанинг Афғонистондаги қайта тиклаш ишлари фаол бош қўйган ва ўзининг йирик иқтисодий манфаатларига эга давлати.
Улкан табиий энергия захираларига эга бўлган мамлакат, йилларки, ўз газини Афғонистон орқали четга янада кўпроқ экспорт қилишни ҳам истайди.
Худди шу манзарада айрим Ғарб нашрларида Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг яна Туркманистонга сафар қилгани ва пойтахт Ашхободда музокаралар ўтказганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Туркманистон томони ҳалича бу ҳақда расман хабар бермаган.
Толибон ҳайъати ташрифи

Сурат манбаси, AFP/ARXIV
Озодлик радиоси Туркман хизматининг ёзишича, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакили ўзлари билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлаган.
Унинг сўзларидан маълум бўлишича, томонлар музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ва сиёсий алоқалар қаторида хавфсизлик ва чегара масалаларини муҳокама этишган.
Нашрнинг Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбаларига таяниб ёзишича, Толибон ҳайъати 10 июль куни Ашхободга келган, унга ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзайнинг ўзи бошчилик қилган.
Манбалар ташриф Туркманистон томонининг таклифи билан амалга ошгани, толиблар Ашхободда мамлакат Ташқи ишлар вазири муовини билан музокаралар олиб боришганига ҳам тўхталиб ўтганликлари кўрилган.
Аммо Туркманистон дунёнинг энг иҳоталанган давлатларидан бири саналади, худди шу боис ҳам, бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи йўқ.
Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг шу йил февраль ойида ҳам Туркманистонга боргани хабар қилинган.
Унда ҳам икки томон ўртасида пойтахт Ашхободда кечган музокаралар тафсилотлари ноаён қолган.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар глобал коронавирус пандемияси фонида Туркманистоннинг ўзини ташқи дунёдан қанчалик иҳоталагани фонида амалга ошгани Толибон ҳайъатининг Ашхободга ташрифининг аҳамиятини алоҳида урғулашини ҳам таъкидлашганди.
Туркманистон Марказий Осиёнинг ягона нейтрал давлати.
Ўзбекистон билан бирга Афғонистон билан боғлиқ тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш истагини билдириб келаётган иккита давлатдан биттаси.
Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган пайтида ҳам Толибон билан ўзаро муносабатларига жиддий раҳна етмаган, мўътадил ушлаган.
Толибон ва шимол, шимолий-шарқ

Сурат манбаси, official
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, Толибон сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарасини деярли бутунлай эгаллаб бўлган.
Ўзбекистон коронавирус билан кескинлашиб бораётган вазият изоҳи билан Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.
Толибоннинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги фаоллашуви фонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги режага мувофиқ эканини айтиб, чегараси яқинида ҳам қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синашни ҳам бошлаганди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Армияси энг йирик ва жанговар давлати сифатида кўрилади.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Тожикистон эса, Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш учун заҳирадан 20 минг аскар ташлашга қарор қилган.
Бунинг ортидан, мазкур масалада ёрдам беришини сўраб ўзи раислик қилаётган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам расман мурожаат қилган.
Орада ташкилот Бирлашган штаби бошлиғи бошчилигидаги оператив гуруҳ Тожикистон ва Афғонистон чегарасидаги вазиятни келиб ўрганган.
Толибон чегаранинг Афғонистон томонида ўзининг назорат постларини ўрнатиб бўлгани, аммо жорий пайтда шимолий минтақаларидан яққол тажовуз хавфи умуман йўқлигини таъкидлаган.

Сурат манбаси, official
Анатолий Сидоров "чегаранинг нариги тарафидаги вазиятни анча тинч", деб баҳолаган.
У бунинг ортидан Тожикистонга жорий пайтда фақат "моддий-техник ёрдам керак"лигини айтганди.
Тожикистон жорий пайтда толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги жангларидан қочиб, энг катта сондаги афғон ҳарбийлари ва фуқаролари чегарасини бузиб ўтаётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Бу қочқинларнинг умумий сони ҳозирнинг ўзида икки мингдан ошиши айтилади.
Ўтган ҳафта қилган телефон мулоқотлари чоғида мавжуд аҳволни муҳокама этаркан, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларининг Афғонистон билан чегарадаги вазиятни "ўта танг", деб баҳолашгани ҳам расман хабар берилган.
Бунинг ортидан Эмомали Раҳмон билан телефон суҳбатида Россия президенти Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам КХШТ доирасида ёрдам беришларини ваъда қилган.
Афғонистондаги сўнгги вазият манзарасида Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги бу ташкилотга қайтиш эҳтимоли шахсан мамлакат президенти матбуот котибининг ўзида томонидан рад этилган.
Орада ўнлаб афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуроллиларининг Ўзбекистон чегарасини ҳам бузиб ўтишгани кўрилган.
Аммо Туркманистондан бу хусусда расман тасдиқланган хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.
Афғонистон билани энг қисқа ташқи чегараси бўлган ва йилларки кучли қўриқланиб келиши айтилган Ўзбекистонникидан фарқли тарзда, Тожикистон ва Туркманистонникининг ҳимояси ҳар доим жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган.
Бундай хавотирларга сабаб бўлаётган асосий омиллар ўлароқ бу икки давлат чегарасининг узунлиги, ноқулай жўғрофий жойлашуви баробарида, айнан Тожикистон назарда тутилганда, иқтисодий имкониятларининг пастлиги ҳам тилга олинади.
Орада Туркманистон Қуролли Кучларида озиқ-овқат тақчиллиги юзга келгани ёки ҳарбийларининг тайёргарликлари билан боғлиқ муаммолар борлигига оид хабарлар ҳам олинган.
2015 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан туркман-афғон чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраганига оид гап-сўзлар ҳам юзага чиққанди.
Сўнгги вазият

Сурат манбаси, EPA
Афғонистон шимоли-шарқидан олинаётган хабарларга кўра, Толибон шу дам олиш кунларида Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий Таҳор вилояти маркази Талоқан шаҳрини яна бир бор олишга уриниб кўрган, аммо бунга муваффақ бўлмаган.
Шаҳарнинг, ҳафталарки, толиблар қуршови остида экани айтилади.
Сўнгги кунларда ҳаракатнинг ўз ҳужумларини Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидан шимоли-ғарби, ғарби, жануби ва шарқига қаратаётгани кузатилади.
Толибон жорий пайтда Афғонистоннинг 85 фоиз ҳудудини босиб олганини иддао қилмоқда.
Аммо Афғонистон Ташқи ишлар вазири ўтган ҳафта мамлакатнинг 80 дан ортиқ тумани назорати толиблар назорати остида эканини расман тасдиқлаган.
Ҳаниф Атмар бундай эътироф билан чиққан биринчи афғонистонлик юқори мартабали мулозим бўлган эди.
Афғонистон туманларининг сони эса, 400 дан ошади.
Кеча якшанба куни ижтимоий тармоқларда "кутилмаганда соғлиги ёмонлашиши" ортидан ўтган ой Туркияга жўнаб кетгани маълум бўлган маршал Дўстумнинг янги сурати бўй кўрсатган.
Сурат билан бўлишган собиқ девони раҳбари ва жорий пайтда Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгаши раиси муовини Иноятуллоҳ Бобур Фараҳманд маршал Дўстумнинг саломатлиги яхши экани, тезда буткул соғайиб, Афғонистонга қайтишини билдирган.
Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда маршал Дўстумнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.
Унинг Туркияга жўнаб кетмасидан аввал толибларга қарши Афғонистон шимолидаги жангларга бошчилик қилгани ва мамлакатдаги қудратли сиёсатчилардан бири сифатида кўрилувчи Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти собиқ ҳокими генерал Атто Муҳаммад Нурнинг Толибонга қарши ўз кучларини бирлаштириш таклифи ҳам хуш қаршилагани хабар берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














