Толибон Тожикистонга ҳужум қилса, Россия нима қилмоқчи? Россия Афғонистонга қўшин киритадими? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Тинчлик музокаралари

Сурат манбаси, Reuters/arxiv

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бирлашган штаби бошлиғи Толибон Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасини бутунлай эгаллаб бўлганини айтди. Россия Ташқи ишлар вазири эса, мамлакатининг Афғонистонга яна қўшин киритиши ёки йўқлигини очиқлади.

Анатолий Сидоров Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазиятни баҳолаш учун тезкор гуруҳи билан бирга шу ҳафта бошида Душанбега келганди.

Унинг айтишича, Толибон ўтган ой Тожикистон билан чегаранинг Афғонистон томонини босиб олишни бошлаган.

Июль ойига келиб, 700 километрини қўлга киритган.

Ўзларининг Тожикистонга ташрифларига қадар эса, амалда ҳаммасини эгаллаб бўлган.

Унинг бу сўзларидан Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги иқтибос келтирган.

Тожикистон-Афғонистон чегараси

Тожикистон-Афғонистон чегараси

Сурат манбаси, official

Тожикистон ва Туркманистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга икки Марказий Осиё давлати бўлишади.

Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара 1344 километрни ташкил этади.

КХШТ Бирлашган штаби бошлиғининг айтишича, Толибон ҳаракати давлат чегарасининг ўзи босиб олган қисмларида аллақачон назорат пунктларини ҳам ўрнатган.

Аммо Анатолий Сидоров ўз кузатувларига таяниб, жорий пайтда Афғонистоннинг шимолий вилоятларидан яққол тажовуз хавфи умуман йўқлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, толибларнинг кузатув, назорат ва хавфсизлик постларини ўрнатишгани, барчаси оқ байроқчалар билан белгилаб қўйилгани, ҳаммаси кафтдек кўриниб туриши, улар умуман яширинишаётгани йўқлигини айтаркан, Анатолий Сидоров, ташқи томондан қараганда, чегаранинг нариги тарафидаги вазиятни "анча тинч", деб баҳолаган.

Бунинг ортидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бирлашган штаби бошлиғи Тожикистонга жорий пайтда техник ёрдам кераклигини айтган.

Ҳозирча Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини ҳимоя қилиш учун ташкилотнинг тезкор кучларини жалб этишга ҳожат йўқлигини маълум қилган.

Анатолий Сидоров "муайян қийинчиликлар" борлигини тилга оларкан, Тожикистонга фақат моддий-техник ёрдам кўрсатилиши лозимлигини айтган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бирлашган штаби бошлиғи ҳозир Тожикистон томонининг ўзи лозим бўлган ерларда вазиятни барқарор ушлаб туришганини таъкидлаган.

Анатолий Сидоровнинг сўзларига кўра, тожиқ-афғон чегарасидаги вазият муваффақиятли ечим топади.

Кеча, пайшанба куни Тожикистон айнан Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш учун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан расман кўмак сўрагани маълум бўлганди.

Чегарадаги вазият

Тожикистон-Афғонистон чегараси

Сурат манбаси, official

Тожикистон жорий пайтда толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги жангларидан қочиб, энг катта сондаги афғон ҳарбийлари ва фуқаролари чегарасини бузиб ўтаётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Бу қочқинларнинг умумий сони ҳозирнинг ўзида икки мингдан ошиши айтилади.

Ўтган ҳафта қилган телефон мулоқотлари чоғида мавжуд аҳволни муҳокама этаркан, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларининг Афғонистон билан чегарадаги вазиятни "ўта танг", деб баҳолашгани ҳам расман хабар берилган.

Бунинг ортидан Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақирган Эмомали Раҳмон ҳимоясини кучайтириш учун Афғонистон билан давлат чегарасига заҳирадан яна қўшимча 20 минг аскар ташлашга ҳам қарор қилган.

Москвадан олинаётган хабарларга кўра эса, Толибон вакиллари Россия томонини Марказий Осиё давлатларини чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиришган.

Бу ҳақда толибларнинг Қатардаги сиёсий идорасидан келган ҳайъати билан Москвада кечган музокаралар ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи расман хабар берган.

Маълум бўлишича, Толибон ҳайъати Россия ҳукуматининг таклифи билан Москвага келган ва улар билан музокараларни президент Владимир Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов олиб борган.

Вазирликнинг маълум қилишича, толиблар, бундан ташқари, Афғонистондаги хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консулликлари хавфсизлигини ҳам таъминлашга сўз беришган.

Толиблар, яна шунингдек, Афғонистондаги ИШИД таҳдидига қарши курашиш ва фуқаролик уруши тугаши ортидан, Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни йўқ қилиш аҳдида қатъий эканликларини ҳам айтишган.

Толибон ҳайъатининг Россияга ташрифи ва Москвада берган бу ваъдаларига ҳалича расмий Кобул муносабати маълум эмас.

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида ҳам Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирганди.

Бу битимни жанубий қўшнисидаги тинчлик жараёнига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон ҳам расман олқишлаган.

Россиянинг устма-уст ваъдаси

Россия Ташқи ишлар вазири

Сурат манбаси, EPA

Кеча, 8 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири бир ҳафтанинг ўзида иккинчи бор Тожикистон ва Афғонистон масаласига эътибор қаратган.

Тожикистонга ҳужум қилинган тақдирда, бу албатта зудлик билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотида кўриб чиқиладиган мавзу бўлишини айтган.

Сергей Лавров Тожикистон билан иттифоқчи эканликларини таъкидлаган.

Россия Афғонистонга қўшин киритадими, деган саволга келганда эса, бунинг жавоби "аниқ" эканини баён қилган.

Россия Ташқи ишлар вазири бундан аввал Тожикистонни назарда тутиб, КХШТ доирасида ўз зиммаларига олган масъулиятлари ҳам тўлиқ кучда эканини билдирган.

Президент Путин эса, ўтган ҳафта Эмомали Раҳмон билан телефон мулоқоти чоғида Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам Коллектив Хавфсизлик Шартномаси доирасида ёрдам беришни ваъда қилган.

Аммо расмий Кремль Тожикистонга ўз қўшинларини киритиш эҳтимолини назардан соқит қилган, бу масала ҳалича кун тартибига чиқмаганини билдирганди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатларга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юборишга ҳақли саналади.

Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош қолган икки давлати - Ўзбекистон ва нейтрал Туркманистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотга киришмайди.

Янги ҳужумлар

Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот вилояти

Сурат манбаси, Reuters

Сўнгги хабарларга кўра, толиблар бугун, 9 июль куни ҳам Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош ғарбий Ҳирот вилоятида яна икки туманни босиб олганликларини иддао қилишган.

Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, бу билан мамлакатнинг Марказий Осиёга қўшни яна бир вилоятидаги аксарият туманлар Толибон назорати остига ўтган.

Толиблар Ҳиротда Афғонистон ва Эрон ўртасидаги халқаро аҳамиятга молик яна бир йирик - Ислом Калъа портини ҳам қўлга киритганликларини иддао этишаётир.

Агар, уларнинг сўнгги баёнотларига ишонилса, Ислом Қалъа саноқли ҳафталарнинг ўзида толиблар Афғонистонда босиб олишга муваффақ бўлган иккинчи йирик порт бўлган.

Худди шу куннинг ўзида уларнинг Ҳиротда жойлашган ва Афғонистон билан Туркманистон ўртасидаги иккита ўтиш нуқтасидан биттаси бўлган Тургунди назорат пунктини ҳам босиб олишгани хабар берилган.

Толибларнинг бу даъволарига расмий Кобулнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Аммо ўз исм-шарифларининг сир қолишини истаган қатор мулозимлар бунинг рост эканини тасдиқлашган.

Шерхон бандар порти жойлашган Қундуз вилояти

Сурат манбаси, AFP

Толибон бундан аввал Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги Шерхон бандар портини ҳам қўлга киритишган ва уни ҳануз ўз назоратлари остида ушлаб туришибди.

Орада ҳаракатнинг Шерхон бандар порти фаолиятини қайта йўлга қўйиб, аллақачон даромад ола бошлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Лекин афғонистонлик масъуллар буни рад этишганди.

Бугун, жума куни Афғонистон шимолидан ҳам толибларнинг янги ҳужумига оид хабарлар олинган.

Жангарилар бу гал Сарипул вилоятининг яна бир туманини босиб олмоқчи бўлишган.

Аммо, маълум бўлишича, афғон хавфсизлик кучлари уларнинг ҳужумларини даф этишган.

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 8 июль куни яна ўзларининг Афғонистондан чиқиб кетиш қарорларини яна бир бор ҳимоя қилиб чиққан.

Президент Байден ўз ҳарбийларининг Афғонистондаги амалиётлари шу йил 31 август куни ўз ниҳоясига етишини расман маълум қилган.

АҚШ президентига кўра, Афғонистонга давлатчилигини барпо этиш учун киришмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek