Таъкид: АҚШ Ўзбекистондаги ислоҳотларни дастаклайди. Афғонистон нима бўлади? Вашингтон ва Тошкент O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва АҚШ Давлат котиби

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири сўнгги бир неча ойнинг ўзида иккинчи бор АҚШ Давлат котиби билан учрашди. Бу Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг демократчи Жо Байден қудратга келиши ортидан Вашингтонга илк амалий ташрифи бўлди.

Республикачи Трамп маъмурияти даврида эса, АҚШ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан борган илк Ғарб давлати бўлган.

Томонлар бир ташрифнинг ўзидаёқ ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлашларини эълон қилишгача боришганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга бу галги ташрифи ҳам глобал коронавирус пандемияси фонида амалга ошган.

АҚШ қўшинлари Афғонистонни буткул тарк этаётган ва мамлакатнинг Ўзбекистон, Марказий Осиёга бевосита чегарадош минтақаларида вазият кескин ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келган.

Амалий ташриф худди шуниси билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган.

Мавжуд вазиятни назарда тутиб, аксарият экспертлар хавфсизлик Вашингтондаги музокаралар кун тартибидаги энг асосий масалалардан бири бўлиши ҳақида ҳам сўз юритишганди.

Ўзбекистон, Вашингтон ва Афғонистон

Афғонистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Толиблар сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишни бошлаган саноқли ҳафталарнинг ўзида мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида ўттиздан ортиқ туманни босиб олишга муваффақ бўлишгани кўрилади.

Аксарияти ҳали-ҳануз толиблар қўлида бўлган бу туманларнинг ярмига яқини эса, айнан бу уч Марказий Осиё давлатига бевосита чегарадош бўлганлари ҳисобига тўғри келади.

27 июнь куни бошланган амалий ташрифнинг 4 июлга қадар давом этиши айтилган.

Вашингтондан олинаётган расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири амалий ташрифи доирасида кеча, 1 июль куни АҚШ Давлат котиби билан учрашган.

Энтони Блинкен Абдулазиз Комиловга АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва демократияни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашини айтган.

Кўрилишича, ўзаро мулоқот чоғида Афғонистон масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган.

Энтони Блинкен Ўзбекистон Афғонистондаги адолатли ва узоқ муддатли тинчлик жараёнини дастаклаб келаётгани учун Абдулазиз Комиловга миннатдорлик билдирган.

АҚШ Давлат котиби, бундан ташқари, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка бераётган эътиборини ҳам хуш қаршилаган.

Айни ўринда ҳам Марказий ва Жанубий Осиёнинг фаровонлиги йўлида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан янада яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлигини алоҳида тилга олиб ўтган.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

АҚШ Давлати котиби, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган ташаббусларини юқори баҳолаган.

Ўзларининг С5+1 минтақавий дипломатик платформа орқали фаол ҳамкорликда эканликларини ҳам таъкидлаб ўтган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг бу галги амалий ташрифи президент Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги Афғонистонникининг Вашингтонга қилганидан саноқли кунлар ўтиб амалга ошган.

Бу ташриф чоғида АҚШ ҳукумати хорижий иттифоқ қўшинлари буткул чиқиб кетиши ортидан ҳам Афғонистонни ташлаб қўймасликлари, унга ҳарбийси бўладими ёки иқтисодийси, ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда бергани маълум бўлганди.

Афғонистондаги вазиятнинг кескин ёмонлашиши манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги устма-уст расмий баёнот билан чиққан.

Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 28 июнь кунги сўнгги расмий баёнотида ҳам Ўзбекистон ҳукумати нейтралитетни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканини қатъий маълум қилган.

Расмий Тошкент Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом этдиришга хайрихоҳ эканлигини билдирганди.

Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган, қайта тиклаш ишларига фаол ва расман бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади.

Расмий Тошкент ўзининг жанубий қўшниси Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.

АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини қаттиқ дастаклайди

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъатнинг Вашингтонга сўнгги ташрифи ўтган йил ноябрь ойида амалга ошган.

Амалий ташриф Америка Қўшма Штатларида президент алмашаётган, аммо Дональд Трамп ҳалича қудратда бўлган бир пайтга тўғри келган.

Томонларнинг Вашингтондаги йиллик маслаҳатлашувлари худди шу омиллар манзарасида алоҳида эътибор топган, талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлган.

Аммо бунинг ортидан эълон қилинган қўшма баёнотда расмий Вашингтон яна бир бор Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини қаттиқ дастаклашларини алоҳида таъкидлаган.

AQSH

Сурат манбаси, official

Тарафлар йиллик маслаҳатлашувни, ҳатто, бундан буёғига стратегик ҳамкорлик мулоқотига айлантиришга ҳам қарор қилишгани маълум бўлган.

Илк мулоқотнинг яна келаси йил пойтахт Тошкентда бўлиб ўтиши айтилган, ҳар томонлама кўмакларга оид ваъдалар ҳам янграганди.

АҚШ дунёнинг Россия ва Хитой билан бирга Марказий Осиёда ўз геосиёсий манфаатларини парваришлаш ҳаракатида бўлган учта ядровий глобал қудратидан биттаси бўлади.

Учовлон ўртасида кучайиб бораётган геосиёсий рақобат орада минтақанинг Суриядан кейин иккинчи прокси уруши майдонига айланишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга амалий ташрифи Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Ўзбекистоннинг ташкилот қошидаги кузатувчилик мақомини шу йил якунига қолмай расман кўриб чиқиши мумкинлиги айтиб бўлинган бир фонда амалга ошган.

Бу каби иқтисодий бир иттифоққа аъзолик айнан мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов баҳосида бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида ҳам кўрилган.

Худди шу каби вазият манзарасида минтақа давлатларининг қанчалик мувозанатли ташқи сиёсат юритишга қодирликлари уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлиги учун муҳим аҳамият касб этган воқеълик даражасига етган.

Ўзбекистон ва Россия Бош вазирлари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга бу галги амалий ташрифи мамлакат Бош вазирининг Москвага сафаридан саноқли кунлар ўтиб ҳам амалга ошган.

Абдулла Арипов ўтган ҳафта Михаил Мишустин билан Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг Москвадаги йиғилиши доирасида музокаралар олиб борган.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи мавзуси икки давлат Бош вазирларининг Москвадаги мулоқоти чоғида Ўзбекистондаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган нуқталардан бири бўлган.

Мишустин Россия ва Ўзбекистон интеграцион бирлашмаларда фаол иш олиб боришаётганини айтган.

У ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошидаги кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон билан конструктив ўзаро алоқаларни олқишларини таъкидлаган.

Россия Бош вазири, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг "ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидаги тўлақонли иштироки иқтисодиётининг ўсиши учун қўшимча имкониятлар ва, албатта, фуқаролари учун сезиларли устунликлар яратиши"га ишончи комил эканини ҳам билдирган.

Имконли бўлган расмий хабарларда бунга Ўзбекистон томонининг расмий муносабати ноаён қолганди.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар Ўзбекистоннинг кейинги тўрт йилдаги ташқи сиёсатини реал, мувозанатли ва миллий манфаатларга йўналтирилган кўпвекторли, деб баҳолашади.

Уларга кўра, Шавкат Мирзиёев Каримовга тегишли бўлган "дихотомик" ташқи сиёсатдан, яъни, бир томон билан яқинлашилса, қолган томонлардан узоқлашиш сиёсатидан тўлиқ воз кечган.

Бу каби фикрда бўлган таҳлилчиларнинг айтишларича, иккинчи маъмурият даврида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари барқарор ижобий бир даврни бошидан кечирмоқда.

Ўзбекистон ичкарисидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлар ва ҳақ-ҳуқуқлар борасидаги ижобий силжишлар икки томонлама муносабатлар учун оптимал фон шакллантираётир.

Улар айни ўринда Байден - тизимни ифодаловчи раҳбар экани омилига диққат қаратишаркан, унинг даврида бошқарувчи экспертлар ҳамжамиятининг ички ва ташқи сиёсатдаги иштирок этиш улуши фақат ортишини айтишади.

Бу эса, қай бир президент бошқаруви остида кечмасин, Вашингтондаги мулоқотлар икки тарафлама алоқаларга ижобий жўшқинлик берувчи воқеа сифатида қолаверишини таъкидлашади.

АҚШ ва ўзбекистонликлар

O'zbeklar

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си:Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek