Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ортидан вазиятга Саудия Арабистонининг ўзи ойдинлик киритди - Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston koronavirus musulmonlar

Ҳаж зиёрати

Сурат манбаси, Getty Images

Подшоҳлик бу йилги Ҳаж зиёрати борасида ўзининг якуний қарорини айтди. Саудиялик масъулларга кўра, бундан қолган барча давлатлар ҳам огоҳлантирилган. Марказий Осиёдан Ҳаж зиёратини энг кўп айнан ўзбекистонликлар адо этиб келишган.

Саудия Арабистони глобал коронавирус пандемияси боис, яна Ҳаж зиёратига четдан ҳеч кимни қўймасликка қарор қилган.

Подшоҳликнинг бу қарорига Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Аҳолиси расман 35 миллионга яқин Ўзбекистондан ҳар йили 7 мингдан зиёд мусулмон Ҳаж зиёратини адо этиб келган.

Расмий хабарларга кўра, бу йил Саудия Арабистонида яшовчи 60 мингдан зиёд одамгина бу каби имкониятга эга бўлади.

Аммо, шунда ҳам, эмланмаган бирор бир зиёратчи бу йилги Ҳаж зиёратига қўйилмайди.

Уларнинг фақат Pfizer, Astrazeneca, Moderna ва Johnson&Johnson билан эмланган бўлишлари тақозо этилади.

Бундан ташқари, бўлажак зиёратчиларни ёши ҳам чекланади.

Ёши 18 дан 65 гача бўлганларгагина Ҳаж зиёратини адо этишга рухсат берилади.

Уларнинг бирор бир сурункали хасталикдан азоб чекмасликлари ҳам бу йил илгари сурилаётган шартлардан бири ҳисобланади.

Бўлажак зиёратчилар Ҳаж зиёратига бориш учун фақат онлайн ариза топширишади.

Ҳаж зиёрати

Сурат манбаси, Reuters

Саудия Арабистони ўтган йил ҳам хорижлик зиёратчиларнинг келишини маън этган.

2020 йилда подшоҳликнинг ўзида яшовчи бор-йўғи 10 минг одамгина Ҳаж зиёратини адо эта олишган.

Дунёнинг энг йирик мусулмон давлатлари эса, ҳали аввалбошданоқ пандемия боис, ўз фуқароларини Ҳажга юбормасликларини эълон қилиб чиқишганди.

Глобал коронавирус пандемиясидан аввал зиёратчилар сони йилига 2,5 миллион кишини ташкил қилган.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра зиёратларидан ҳар йил $12 миллиард долларча фойда кўрган.

Подшоҳлик ўтган йил октябрь ойида карантин чораларини анча юмшатган.

Масжид ал-Ҳаромни жамоат намозлари учун очган ва Умра зиёратларини қисман тиклаган.

Аммо Умра зиёратини адо этувчилар сонини кунига 20 минг нафар қилиб чеклаган.

Масжидга эса, тоат-ибодат учун ҳар куни фақат 60 минг мусулмоннинг киритилишини айтган.

Шу йил 1 августдан бошлаб Саудия Арабистони подшоҳликда яна бир янги тартиб жорий этган.

Эмланмаганларнинг давлат ва хусусий идоралар, кўнгилочар масканларига киришлари ва жамоат транспортидан фойдаланишларини маън этган.

Ҳаж зиёрати

Сурат манбаси, EPA/ARXIV

Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Ҳаж баробарида Умра зиёратини ҳам адо этиб келишади.

Орада Ўзбекистонда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам аниқланган.

Қирғизистондан эса, Умра зиёратидан қайтганларнинг карантин остига олингани, илк коронавирус ҳоллари айнан зиёратчиларда аниқланганига оид хабарлар олинган.

Улар масъуллар томонидан зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда ҳам танқидларга тутилишган.

Бу йилги Ҳаж зиёрати ҳам глобал коронавирус пандемияси ҳануз ўз шиддатини бўшаштирмаган бир пайтга тўғри келмоқда.

Сўнгги ҳафталарда айрим маҳаллий нашрларда Саудия Арабистони Ҳаж зиёрати қандай ўтказилишини эълон қилганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Аммо 31 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расман раддия билан чиққан.

Идора Ҳаж ва Умра масаласида ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини маълум қилган.

"Саудия Арабистони ҳукумати айрим талаблар асосида инсонларга Ҳаж сафари учун рухсат беришга қарор қилди, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги"ни баён қилган.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳалича Ҳаж ва Умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилгани йўқлигини айтган.

Идора Ҳаж ва Умра сафарларига оид ўрганишларни давом эттирган ҳолда уларга боғлиқ хабарлар расмий нашрларда эълон қилинишини маълум қилганди.

Ҳозирга келиб, дунёда коронавирусга чалинганлар сони қарийб 176 миллион кишидан ортган.

Уларнинг 4 миллионга яқини аллақачон ҳаётдан кўз юмган.

Ҳатто, шунда ҳам, ҳали энг ёмони олдинда эканига оид огоҳликлар, хавотирлар йўқ эмас.

Бу йилги Ҳаж зиёратининг 17-22 июль кунларига тўғри келиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek