Комилов Москвада рейслар масаласини кўтарди, минглаб ўзбекистонлик ишлаш учун кетди – янгиликлар, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи ортидан, Россияга мунтазам авиапарвозлар тикланадими? Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи шу йилдан кейинга қолмайди. "Президент сайлови ортидан бўлса ҳам" амалга ошади. Минглаб ўзбекистонлик эса, Россияга етиб олди - bbcuzbek.com дайжести.
Мунтазам авиақатновлар

Сурат манбаси, Getty Images
Москва шаҳрида амалий ташрифда экан, кеча, 2 март куни Абдулазиз Комилов Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашган.
Маълум бўлишича, бошқа "долзарб масалалар" қатори, томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини ҳам муҳокама этишган.
Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашишган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расман хабар қилган.
Аммо расмий хабар тафсилотларидан томонларнинг бу хусусда аниқ қандай тўхтамга келишгани ноаён қолган.
Россия Ташқи ишлар вазири эса, эпидемиологик чекловлар юмшаб бориши билан, меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликлари қайта тикланиши ва аввалги кўламига қайтишини айтган.
Сергей Лавров, "бу борада тегишли хизматларнинг фаолиятларини мувофиқлаштирувчи аниқ келишувлар мавжудлиги"ни таъкидлаган.
Икки давлат ўрасидаги мунтазам парвозлар, глобал коронавирус пандемияси боис, айрим истиснолар билан ўтган йил март ойида тўхтатилган.
Ўзбекистон ўтган йил октябрида муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ўз чегараларини расман очган.
Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини тиклашга муваффақ бўлган.
Россия яқин-яқингача дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлиб келган.
Бошқа томондан, Россия ҳали-ҳануз дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Ҳозирга келиб, Россияда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 4 миллиондан ортгани кўрилади.
Давлат ташрифи

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги музокаралари чоғида кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлган.
Аммо Москвадаги учрашув ортидан ҳам, давлат ташрифи санаси ноаён қолган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, "бу тўғрисида Шавкат Миромонович билан гаплашгани"ни айтган.
"Албатта вазиятга қараб иш тутишлари, лекин (учрашувнинг - таҳр.) расмиятчилик бўлиб қолмаслиги учун, барибир, онлайн тадбирларни ўтказмасликни хоҳлашлари"ни таъкидлаган.
"Шахсий учрашувлар бўлишини исташлари, бу борада вазиятга қарашлари ва ҳали яна маслаҳатлашишлари"ни билдирган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, 24 октябрь кунги президент сайловини тилга олиб, "олдиларида ташвиш бор"лигини ҳам эслатиб ўтган.
"Агар, (давлат ташрифини - таҳр.) унгача ташкиллаштиришга улгурмасак, унда президент сайловларидан кейин дарҳол биринчи ташрифни Россия Федерациясига ташкиллаштириш таклифи бор", - деб таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев Россияга сўнгги бор амалий ташриф билан ўтган йил июнь ойида борган, Ғалаба парадида ҳам иштирок этиб қайтган.
Бўлажак президент сайловида Шавкат Мирзиёевнинг қайта беллашиш-беллашмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Минглаб ўзбекистонлик ишлаш учун кетди

Сурат манбаси, Getty Images
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги янги рақамларни эълон қилди.
Агентликка кўра, шу йилнинг икки ойида 4 мингга яқин ўзбекистонлик ишлаш учун хорижга жўнаб кетди.
Расмий хабар тафсилотларидан уларнинг аксарияти - уч мингдан зиёди айнан Россия ҳисобига тўғри келиши кўрилган.
Ундан кейинги ўринларда эса, Қозоғистон (488 нафар) ва Бирлашган Араб Амирликлари (3 нафар) келган.
Агентликка кўра, тўрт мингга яқин ўзбекистонлик қаторида юздан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яна қайта Жанубий Кореяга юборилган.
Маълум бўлишича, Жанубий Кореяда ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келган бўлишган.
Энди эса, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда яна Жанубий Кореяга жўнатилганлар.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг айтишича, иш берувчилари билан олиб борган музокаралар натижасида Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.
Маълум бўлишича, бу давлатларга ишлаш учун юборилаётган ўзбекистонликлар белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлашади.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони 34500 миллиондан ортади.
Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.
Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















