Ўзбекистон: Вазирлар “сургуни”, Спутник V рўйхатдан ўтказилади ва ҳоким журналистларга уй ваъда қилди. Янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон: Вазирлар "сургуни", Спутник V рўйхатдан ўтказилади ва ҳоким журналистларга уй ваъда қилди - Шавкат Мирзиёев вазирларни огоҳлантирди, Ўзбекистонда президент сайловининг октябрь ойига кўчирилгани халқнинг хоҳиш-иродаси билан боғлиқми? bbcuzbek.com дайжести.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳафта ўртасида Тошкент шаҳрида бўлган вазирларни ишдан олинишидан огоҳлантирган.

Президентнинг таъкидига кўра, вазирлар пойтахтда фақат шанба ва якшанба кунлари бўлишлари мумкин.

Gazeta.uz нашри Мирзиёев 10 февраль куни ўтказган видеоселекторнинг янги тафсилотларига оид мақоласида шу ҳақида ёзмоқда.

Мақолада президент "вазир республикага хизмат қилиши, Тошкентни қоровуллаб ўтирмаслиги"ни айтгани борасида сўз боради.

"Вазирлар душанба куни бош вазир билан йиғилиш ўтказиб, ҳисоботларини беради, ҳафта учун иш режасини тузиб олади ва вилоятларга кетади… Вазирлар фақат шанба ва якшанба кунлари Тошкентда бўлишади.

Якшанба куни уйда бўлади, яхшилаб дам олиб, бола ва невараларни ўқитиб, душанбадан яна ҳудудларга кетишади. Агар ҳафта ўртасида бирорта вазирни Тошкентда кўрсам, ишдан оламан", дея давлат раҳбари сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

Президент сайлови ва халқ иродаси

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Президент сайловининг октябрь ойига кўчирилаётгани сабаби фуқароларнинг хоҳиш-иродаси билан боғлиқ.

11 февраль куни Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов нима учун сайловлар куз фаслига кўчирилаётганига изоҳ берган.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролардан келган таклифларнинг аксариятида президент, Парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловларини октябрь ойида ўтказиш масаласи ўртага ташланган.

"Бу борада хорижий тажриба ҳам ўрганилди. Фуқаролар билан ўтказилган семинар тадбирларимизда ҳам, оммавий ахборот воситалари орқали олган таклифларимизда ҳам март, май, август ва сентябрь ойлари бор эди.

Лекин фуқаролардан келган таклифларда сайловларни октябрь ойида ўтказиш бўйича энг кўп — 70 фоиздан ортиқ таклифлар юборилгани учун шу ойга ўзгартирилди", деган Маматов.

Бундан аввал Парламент палаталари томонидан тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, президент сайловини октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланган эди.

Президент сайлови ўтиши кутилаётган жорий йилда ушбу сана 24 октябрга тўғри келмоқда.

"Асосий омил — Ўзбекистон сайловчиларининг хоҳиш-иродаси, қолганлари иккиламчи", қўшимча қилган Худоёр Маматов 11 февраль куни.

Спутник V рўйхатдан ўтказилади

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда Спутник V коронавирус вакцинасини сертификатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш жараёни бошланади.

Республика махсус комиссияси йиғилишида бу борадаги таклиф маъқулланган.

Шунингдек, мамлакатда коронавирус вакцинасини биринчилардан олувчи шахслар тоифаси ҳам тасдиқланган.

65 ёшдан ошган қариялар, сурункали касалликлари бор шахслар, тиббиёт ва маориф ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари биринчи эмланиши хабар қилинган.

Йиғилишда Германия билан авиарейсларни тўхтатиш бўйича чеклов ҳам бекор қилинган.

Республика махсус комиссияси 2020 йил 21 декабрида бир қатор хорижий давлатлар билан авиалоқани вақтинча тўхтатиб туриш қарорини олган эди.

Лотин ёзувига тўлиқ ўтилади

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Барча давлат ташкилотлари 2023 йилдан бошлаб тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юрита бошлайди.

10 февраль куни ҳукумат қарори билан бу борада "йўл харитаси" тасдиқланган.

Қарорда шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номларини лотин ёзувидаги ўзбек алифбосига ўтказиш белгиланган.

Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш ҳақида ҳам сўз боради.

Ўтган йилнинг 20 октябрида президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тили ва мамлакатдаги тил сиёсатини янада тараққий эттириш кўзланган фармонга имзо чеккан эди.

Машина олишга тақиқ

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев янги хизмат машинаси сотиб олишга мораторий эълон қилди.

Вилоят ҳокимлигининг хабар беришича, Мирзаев 15 туман ҳокими ва уларнинг ўринбосарларига янги хизмат автомобили сотиб олишни тақиқлаган.

Бу ҳақда вилоят ҳокими президент раҳбарлигидаги селектордан сўнг ўтказилган йиғилишда маълум қилган.

"Унинг ўрнига аҳолига фойдаси тегадиган бирор иш қилайлик. Фақат, зарурат туғиладиган бўлса, вилоят сессиясида тасдиқлансагина, рухсат берамиз", деган ҳоким.

Журналистлар учун уй

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов журналистлар учун арзон уй қуриб беришга ваъда қилган.

Ҳоким бу ҳақда 11 февраль куни ўтган ОАВ вакиллари билан мулоқот чоғида маълум қилган.

Боболов туманлардан вилоят марказига қатнаб ишлаётган ва Термиз шаҳрида ижарада яшаётган журналистлар учун қурилажак уйларнинг бошланғич тўлови ҳокимлик томонидан тўлаб берилиши ҳақида гапирган.

Тўра Боболов матбуот вакиллари билан ўзини ашаддий танқид қилиб келган блогер Отабек Сатторийнинг ҳибс этилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир пайтда учрашган.

Шунингдек, ҳоким Боболов журналист ва блогерларни "назар-писанд қилмаган" маҳаллий амалдорларга нисбатан "қатъий чора кўришидан" огоҳлантирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek