“Ўзбекистонда саратонга учрадик” – Қарши-Хонобод ҳарбий базаси хавфли жой эдими? - video, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Qarshi

Сурат манбаси, department of veterans affairs

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Америкалик аскарлар Қаршидаги ҳарбий базада авиаёнилғи, тўйинтирилган уран ва бошқа кимёвий моддалардан заҳарланиб, саратонга чалинаётган бўлиши мумкин. Дональд Трамп ўзининг сўнгги фармонларидан бирида шу ҳолатни тадқиқ қилишга кўрсатма берган.

11 сентябрь воқеаси ортидан Афғонистондаги урушда қатнашиш учун Қашқадарё вилоятидаги Қарши-Хонобод ҳарбий ҳаво базасига келиб-кетган қарийб 16 минг америкалик ҳарбийнинг 491 нафари базадаги экологик хатарли муҳитга боғлиқ омиллар туфайли кам учрайдиган саратон турларига чалинган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Яна 2,000 дан зиёд аскарда йиллар давомида бошқа хавфли касалликлар ривожланган.

Ўтган йили АҚШда Қарши-Хонобод ёки, америкаликлар таъбири билан айтганда, К2 (Кей ту) ҳарбий базасига доир очиқланган расмий ҳужжатларда шундай рақамлар тилга олинади.

Бир вақтнинг ўзида ҳарбий базада бевосита меҳнат қилган юзлаб ўзбекистонликларнинг аҳволи қандай, деган савол ўртага чиққан.

Советлардан мерос хатар

Qarshi

Сурат манбаси, MacClatchy/screenshot

Америкада 2001-2005 йиллар давомида Ўзбекистондаги ҳарбий базада хизмат қилган аскарларнинг саратонга чалингани юзасидан маълумотлар анчадан бери жамоатчилик томонидан тилга олиб келинган.

Аммо АҚШ расмийлари бундай даъволарни рад этиб келарди.

Йиллар давомида олиб борилган расмий ва мустақил ўрганишлар Қарши-Хонобод ҳарбий базасининг заҳарланган замин устига қурилгани, база жойлашган ер остида авиаёнилғи тақсимловчи тизимлар бўлгани ва советлар ҳудудда таркибида тўйинтирилган уран бўлган баллистик ракеталар ҳамда кимёвий қуролларни йўқ қилганини кўрсатган.

Оқибатда, 2000 йиллар бошида АҚШ ҳужжатларида расман "Озодлик қалъаси" деб аталувчи базага жойлашган америкалик аскарлар ёғингарчилик, шамол ва гармсел туфайли юзага чиққан бу заҳарли моддалар таъсирига учрагани айтилади.

Ниҳоят, АҚШ Мудофаа вазирлиги 2020 йил ёзида бундай хавотирларда жон борлигига ишора қилувчи ҳужжатларни очиқлаган.

"Озодлик қалъасининг "чодирлар шаҳарчаси"га ёндош эски ракеталар учирилган ҳудуд (Ҳудуд 1)дан 2001 йилда тўйинтирилган ураннинг кичик бўлаклари аниқланган ва 2002 йилда олиб борилган ўлчовлар асосида нурланиш даражаси юзада тўрт баробарга ортиқлиги аниқланган", дейилади шундай ҳужжатларнинг бирида.

Шунингдек, ҳужжатларда ўша вақтлари база ҳудудидаги ҳаводан олинган намуналарда заҳарли кимёвий моддаларнинг нормадан юқори бўлгани ҳақида ҳам сўз боради.

"Ўзбекистонга кўнгил қўйган эдим"

Qarshi

Сурат манбаси, official

Америкалик уруш фахрийлари йиллардан бери ўзларининг Ўзбекистонда ҳаёт учун хавфли шароитда хизмат қилганликларини таъкидлаб келганлар.

Улар бирлашиб, ўз муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратиш йўлида Stronghold Freedom Foundation номли жамиятга ҳам асос солганлар.

Фахрийлар 2020 йилда ўз муаммоларининг АҚШ Конгрессида икки бор кўриб чиқилишига ҳам эришганлар.

Ўтган йилнинг 18 ноябрида ўтган Конгресс тингловида Вакиллар палатаси Давлат хавфсизлиги бўйича қуйи қўмитаси раиси Стивен Линч ҳукуматни қарийб 20 йил давомида ҳарбийларнинг шикоятига қулоқ тутмай келиш, уларнинг танасида юзага келаётган нохуш ўзгаришларга кўз юмишда айблаган.

Qarshi

Сурат манбаси, official

Конгрессда тингланган кўрсатмаларда Қарши-Хонобод базасидаги экологик муҳит ниҳоятда заҳарли бўлгани, ҳарбийлар Совет давридан қолган биологик ва кимёвий чиқиндилар таъсири остида хизмат қилгани, нурланиш даражаси нормадан тўрт баробар юқори бўлгани, аскарларнинг деярли ҳаммаси бу нурланиш таъсирига тушгани ҳақида сўз боради.

Собиқ президент Доналд Трамп эса Оқ Уйдан кетар чоғида - 19 январь куни Ўзбекистонда хизмат ўтаган фахрийларга доир фармон имзолаган.

У фармонда Америка ҳарбийларининг ўша йилларда заҳарли моддалардан зарарлангани тўғрисидаги маълумотларни текширишга кўрсатма берган.

Мавзуни чуқур ўрганган ўзбекистонлик мустақил тадқиқотчи, сиёсий фанлар номзоди Забиҳулло Соипов бу фармон ҳали ҳарбий базада ҳаёт учун хавфли муҳит бўлгани исботланганини англатмаслиги ҳақида гапиради.

"Аскарлар касалликларни айнан К2'да орттирганми, деган масалани тадқиқ қилиш керак. Буни исботлаш керак. Чунки аскарлар Ўзбекистондан бошқа ҳарбий жойларда қатнашган бўлиши мумкинку? Ироқда ё бошқа жойда қатнашган", дейди тадқиқотчи Би-би-си билан суҳбатда.

Qarshi

Сурат манбаси, McClatchy/screenshot

Ўзининг Доналд Трамп фармонини тайёрлашда бевосита иштирок этганини айтган Stronghold Freedom Foundation жамияти етакчиларидан бири Марк Жексон Би-би-си билан ёзишмада 2003-2004 йилларда Қарши-Хонобод базасида хизмат ўтаганини билдиради.

"Шахсан Ўзбекистонга кўнглим тушиб қолган эди. Имконим бўлгани учун Қарши чойхоналарида тунларни ўтказар эдим, бозорларни кезардим. Регистонда бўлганман, Темур қабрини ҳам кўрганман.

Аммо ўтган йиллар давомида жамиятимизга аъзо 5 минг қуролдошларнинг 2,5 минг нафарида К2 базасида орттирилган хасталиклар бўй кўрсатди - асосан, саратоннинг камёб турлари, эндокрин тизимининг бузилиши ва бепуштлик. Ўнлаб фахрийлар саратон туфайли оламдан ўтди", ёзади Би-би-сига жавобан.

Жексон ўзининг ҳам саломатлигида муаммолар юзага келганини таъкидлайди.

"Қалқонсимон безим деярли ишдан чиқди, ичакларим фаолияти бузилди, ҳали 43 ёшда бўлсамда, суякларим мўртлашиб қолди".

Собиқ ҳарбийнинг сўзларига кўра, собиқ президент Доналд Трамп фармонини америкалик уруш фахрийлари кўтаринки руҳда қабул қилган.

"20 йил давомида К2 фахрийларининг тақдири атайин назардан четда қолдирилди. Овозимизни баралла ёйиш учун бизда пул, куч йўқ эди. Қудратли шахслар биз томонда эмасди. Соғлигимиздан айрилган бўлсакда, энди, ниҳоят, умидимиз яна учқунлай бошлади.

Президентнинг ўзи бизни эшитди. К2 фахрийлари ўз ҳикоялари Ўзбекистонда ҳам эшитилишини истайди", сўзлайди мазкур фармоннинг қабул қилинишига эришиш йўлида қонун ижодкорлари билан елкадош бўлиб, кунига 14 соатлаб ишлаганини билдирган Жексон.

"Менда ҳам ўзгаришлар пайдо бўлди"

O'zbekiston

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Беҳзод Асқаров

АҚШ юқори доиралари ҳарбийлар тақдирини ўрганишга жазм қилган бир вақтда, 2000 йиллар бошида Қарши-Хонобод базасида қурувчи, техник ходим каби ёлланма ишларда ишлаган ўзбекистонликлар соғлиги масаласи ҳам ўртага чиқмоқда.

Би-би-си 2002-2005 йилларда Қарши-Хонобод базасида ёлланма техник ходим сифатида ишлаган Беҳзод Асқаров билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Асқаров ўша йилларда базадаги яшаш шароитида муаммолар кўрмаганини айтади.

Бироқ у собиқ иш жойига оид хабарлар ортидан ўз саломатлигидан хавотирга тушиб қолган.

"Ўтган йилда кўз тагим шишиб бошлади. Ошқозон билан боғлиқ муаммолар ҳам бўляпти", дейди у.

Америкаликлар базасида иситиш-совитиш тизимларининг техник барқарорлигини таъминлашга масъул бўлган Асқаров танасидаги бундай ўзгаришлар қанчалик ўзининг собиқ фаолиятига боғлиқ экани ёки йўқлигини, ҳозирча, билмаслигини қўшимча қилади.

Би-би-си айни пайтда Хонобод аэродромини назорат этиб келаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан бу борада изоҳ олишга ҳаракат қилди.

Бироқ вазирлик билан боғланиш ҳаракатлари бесамар кетди.

Би-би-си америкаликлар собиқ ҳарбий базасида меҳнат қилган ўзбекистонликлар ҳамда ҳудуд атрофида яшаб келаётган маҳаллий аҳоли тақдирига доир бундай хавотирли маълумотлар юзасидан ҳукуматни саволга тутиш ваколатига эга Парламент қуйи палатаси мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мавзу бўйича муносабатини билишга қизиқди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати саволларни ёзма шаклда юборишни сўради.

Бир вақтнинг ўзида Америкадан келаётган хавотирли хабарларга фаол ўзбекистонликлар ҳам эътибор қарата бошлаганлар.

"Умуман олганда, пост саратонга чалинган америкалик аскарлар ҳақида эмас. Улар билан ўз мамлакатлари мудофаа тузилмалари шуғулланади", дея ёзган жамоат фаоли Азиза Умарова ўзининг Facebook саҳифасида.

"Гап маҳаллий аҳоли саломатлиги ҳақида кетмоқда. Ким Хонободга ёндош туманлардаги онкология билан боғлиқ маълумотларга эга?"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek