Толибон лидери нега бирдан кўпхотинлиликка қарши чиқиб қолди – бу иқтисодми ёки сиёсат? video, O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон лидери нега бирдан кўпхотинлиликка қарши чиқиб қолди - Мулла Ҳибатуллоҳ Охунзода ўзининг иккита хотини бор. Фармони ғайриодатий экани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди. Нозик бир пайтга тўғри келди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали-ҳануз минтақадаги энг йирик мусулмон жангари гуруҳи бўлади.
Ҳаракат яқин-яқингача Афғонистонда ўзининг Исломий амирлигини қайта тиклаш ва яна Шариат бошқарувини ўрнатиш ҳаракатида бўлиб келган.
Покистон Толибон ҳаракати сафларидагилари билан қўшиб ҳисобланганда, аъзоларининг сони ўз вақтида бир неча ўн мингга нисбат берилган.
Толибон Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг минтақадаги дастлабки ва энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида ҳам кўрилган.
Сўнгги тинчлик жараёнига расман бош қўшган Ўзбекистон эса, Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бир неча бор бўлиб қайтган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Толибон Ўзбекистон ва президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларини расман ва ошкора эътироф этишгача борган.
Ҳозирги Афғонистон эса, шундоқ ҳам минтақанинг давлатчилиги расман Исломий бўлган саноқли давлатларидан бири саналади.
Кутилмаган фармон

Сурат манбаси, Anadolu
Афғонистондаги Толибон етакчиси куни-кеча янги фармон билан чиққан.
Мулла Ҳибатуллоҳ Охунзода ўз қўмондон ва зобитларини кўпхотинлиликдан воз кечишга чақирган.
Толибон лидери ўзининг ҳозир Покистонда экани гумон этилади.
Ҳаракат юқори мартабали аъзолари кўпчилиги кўп хотинли.
Дейлик, Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг Доҳадаги идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародарнинг учта хотини борлиги айтилади.
У Ўзбекистонда ҳам бир неча бор бўлган, Тошкентдаги музокаралар чоғида Афғонистон Толибон ҳаракатини намоён этган.
Ҳаракат асосчиси ҳозирда марҳум Мулла Умар ва унинг издоши Мулла Ахтар Мансурнинг ҳам учтадан хотини бўлган, дейди мухбиримиз Худай Нур Назар.
Унинг айтишича, Мулла Ҳибатуллоҳ Охунзода ўзи қўш хотинли.

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
Аммо, мухбиримизга кўра, янги фармон аллақачон кўп никоҳда бўлган Толибон аъзоларига тадбиқ этилмайди.
Афғон Толиблари раҳбари номидан экани айтилган икки варақли фармон кўпхотинлиликни буткул маън этмайди.
Янги фармонда бунинг қачон мумкин эканлиги шартлари ва нега мақбул эмаслиги сабаблари очиқланади.
Тақиқнинг сабаби эса, энг аввало кўп хотин олишнинг қимматга тушаётгани ва бу қанчалик порахўрлик ҳолларига йўл очаётгани билан изоҳланади.
Худди шу ҳолат душманларига қўл келиб, ўзларига қарши танқидларга замин яратаётгани айтилади.
Мухбиримизга кўра, келинларнинг ҳозирги қалин пули Толибон лидерларини ҳақиқатан ташвишга солмай қўймаган.
Дейлик, ҳаракат қўмондонлари ёки жангчиларининг $26000 дан $100000 АҚШ доллари миқдоригача қалин пули тўлашларига тўғри келган.
Улар бунча қалинни гоҳида ҳаракатнинг ўз жамғармалари, баъзида эса, шубҳали манбалардан олинган пуллар ҳисобидан беришган.
Изн

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон раҳбари ўз фармонида қайси эркаклар кўп хотин олиши мумкинлигини ҳам очиқлаган.
Булар - биринчи хотинидан фарзанд кўрмаганлар, хотини ўғил туғмаганлар, кўп хотинни таъминлашга қурби етадиган бойлар ва бева аёлга уйланаётганлар бўлиб чиққан.
Мулла Ҳибатуллоҳ Охунзода ана шу шартларга мос тушган эркаклар истисно тариқасида кўп хотин олиши мумкинлигини таъкидлаган.
Лекин, шунда ҳам, уларнинг ўзларидан юқори мақомда бўлган етакчиларидан рухсат олишларини шарт қилиб қўйган.
Мухбиримизга кўра, ҳозир бу қарор Афғонистон ва Покистондаги Толибон жангчилари ҳамда зобитларига тарқатилмоқда.
Афғонистон ва Покистонда шундоқ ҳам кўп хотин олиш ноқонуний эмас.
Бундай ҳолатда қиз боладан сўраб ўтирилмайди.
Хусусан, баъзи паштун қавмларида ўғил кўрмаган эркак ҳам иккинчи хотин олади. Эри ўлган жувонни ҳам қайниакасига никоҳлашади.
Икки оила жанжаллашиб ё қарз устида тортишиб қолса, келишиш ё қарзни узиш учун қизини иккинчи ё учинчи хотин қилиб беради.
Афғон аёллари ҳар доим ва ҳатто ҳозир ҳам Толибоннинг хотин-қизларга нисбатан сиёсати, муносабатини танқид қилиб келишган.
Кўп хотин олишни тўхтатиш қарори нозик паллага тўғри келмоқда.
Сабаби - Толибон ҳозир Афғонистон бошқарувида иштирок этиш учун музокараларга киришмоқда.
Ҳаракат тарихида илк бор Афғонистон ҳукумати вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар олиб бораётир.
Шундай ҳолатда бир савол очиқ - Толибон ўз имижини ўзгартирмоқчими ёки ҳақиқатан ҳам ўзгармоқдами?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















