Ўзбекистон: 300 минг одамнинг манфаатини деб иқтисодиётни хавфга қўймаслигимиз керак – Алишер Қодиров яна автосаноат ҳақида, янгиликлар O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, .
Бундан аввал жамоатчилик томонидан UzAutoMotors монополиясини ҳимоя қилиб чиқишда танқид қилинган депутат Алишер Қодиров ушбу танқидларга жавоб қайтарган.
22 декабрь куни журналистларнинг саволларига жавоб қайтара туриб, Қодиров яна бир бор миллий автосаноатни ҳимоя қилиш тарафдори эканини билдирган.
Депутатнинг сўзларига кўра, автомобилсозлик саноати бугун Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг шаклланишида "34 триллион сўм билан иштирок этмоқда ва 300 мингга яқин одам автосаноат учун ишлаб нон топмоқда».
"У ерда 28 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари ишлаяпти. Бутун дунё бўйича автосаноатда битта ишчи ўрни турдош 7-8 тагача иш ўрнини яратади. Бу дегани, агар 28 минг одам расман ишласа, бугун 250-300 мингга яқин одам автосаноат учун ишлаб, нон топяпти", деган Қодиров.
- Чегаралар ёпилди ва қайси машҳур хонанда қамоққа олинди?
- Отабек Умаров ООК вице-президенти, кундузги чироқлар тақдири нима бўлади ва Ички ишлар вазирлигидан рухсат - видео
- Янги Ренессанс: 300 дан зиёд олим президент Мирзиёевга мурожаат йўллади - видео
- Юз минглаб ўзбекистонлик ташвиши энди арийдими? – Ўзбекистон ва АҚШ
Депутат хориждан импорт қилинувчи автомобиллар учун бож ва акциз тўловларини бекор қилиш оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида яна гапирган.
Қодировнинг ҳисоб-китобича, агар божлар "тамоман бекор қилинса", Ўзбекистоннинг импорти $6-7 миллиардга ошиб кетади ва мамлакат "импорт бозорига айланиб қолади".
"Автомобилни ким оляпти? 300 минг атрофидаги одам оляпти. Биз 300 минг одамнинг манфаати, деб 35 миллион инсон яшаётган мамлакатимиз иқтисодиётини хавфга қўймаслигимиз керак", таъкидлаган у.
Шунингдек, Алишер Қодиров 1980 йиллардаги Япония ва Корея мисолида миллий автомобилсозлик саноатини ривожлантириш ва рақобатбардош соҳага айлантириш учун вақтинча протекционизм сиёсатини юритиш зарурияти ҳақида сўзлаган.
"Улар [Япония ва Корея] маълум муддат ички бозорини ҳимоя қилди, керак бўлса, ёпди. Улар ҳозирги даражага чиқиш учун ўзини ҳимоя қилиб, ёпиқ шароитда оёққа турди", деган депутат.
"Миллий тикланиш" партияси етакчиси бунга қадар ҳам UzAutoMotors компаниясини танқидлардан ҳимоя қилиши билан жамоатчилик эътиборига тушган эди.
У автосаноат соҳасидаги монополияга қарши курашаётган ҳамкасблари дохил бошқа расмийлар ва фаолларни "сохта ватанпарварлар", дея атаган.
20 декабрь куни эса депутат ўзининг Telegram каналида UzAutoMotors билан судлашган Монополияга қарши курашиш қўмитасини "Ўзбекистон иқтисодиёти ва компаниянинг халқаро обрўсига зарар етказиш"да айблаган.
Шунингдек, у "Миллий тикланиш" партияси суд якунланиши билан қўмита вакилларини Парламентда сўроқ қилажагини қўшимча қилган.
Вакцинани ким биринчи олади?

Сурат манбаси, YouTube
Ўзбекистонда вакцина билан, биринчи навбатда, 65 ёшдан юқори инсонлар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва боғча тарбиячилари эмланади.
Бу ҳақида Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистон 24 телеканали билан суҳбатда маълум қилган.
Масъул Ўзбекистон Covax ташаббуси доирасида 2 миллион доза вакцина сўраб, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига мурожаат қилганини билдирган.
У агар ушбу сўров ЖССТ томонидан тасдиқланса, вакцина Ўзбекистонга олиб келиниб, эмлаш ишлари бошланишини қўшича қилган.
"Ҳали шартнома тайёр эмас" - Ўзатом

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Ўзатом" Россия элчисининг АЭС борасидаги сўзларини рад этиб, икки томонлама асосий шартнома ҳали тайёр эмаслигини маълум қилган.
21 декабрь куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев мамлакатда қурилиши режалаштирилган атом электр станция бўйича асосий шартнома тайёр экани ва "фақат техник жиҳатлар қолгани" ҳақида гапирган эди.
Бироқ Ўзбекистон томонидан АЭС қурилишига ваколатли орган бўлмиш "Ўзатом"нинг таъкидлашича, шартнома ҳали тайёр эмас ва томонлар асосий шартларни муҳокама қилмоқда.
"Ушбу шартномани муҳокама қилишда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда музокара позициялари ишлаб чиқилган ва ҳимоя қилиб келинмоқда", дейилади агентлик баёнотида.
Ўзбекистонга юборилган 56 шахс
Оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган 56 шахс 21 декабрь куни Россиядан Ўзбекистонга юборилган.
Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси хабар тарқатган.
Хабарда маълум этилишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш йўлида Россиядан кўмак сўраган.
Россия қидирувдаги шахсларни махсус авиарейсда Ўзбекистонга олиб кетишга рухсат берган.
Расмий хабарда мазкур шахслар ўзганинг жонига қасд қилиш, безорилик, ўғрилик ва бошқа жиноятларда айбланаётгани айтилади.
Сурхондарё ҳокими Афғонистонда

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyat hokimligi
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов қўшни давлатнинг Балх вилоятида афғон расмийлари билан учрашган.
Ҳоким Афғонистонга трансчегаравий савдони ривожлантириш бўйича Ишчи комиссиянинг иккинчи мажлисида иштирок этиш учун борган.
22 декабрь куни ўтган мажлисда икки томонлама савдо, маданий-гуманитар алоқалар масаласи муҳокама қилинган.
Сурхондарё ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда вилоятда афғон сармоядорлари иштирокидаги 268 та қўшма корхона ишламоқда.
Афғонистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонга $13 миллион инвестиция киритган.
Сурхондарё вилоятидаги корхоналар эса Афғонистонга $42 миллион қийматдаги маҳсулот экспорт қилган.
Масжиддаги қотиллик

Сурат манбаси, BBC Uzbek
22 декабрь куни бир қатор маҳаллий нашрлар Шеробод масжидида қотиллик юз бергани тўғрисида хабар берган эди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ушбу хабарга ойдинлик киритган.
Масъулнинг ёзишича, ҳақиқатан, 22 декабрь куни эрталаб Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги жоме масжиди ичида қотиллик юз берган.
Фуқаро масжид котиби билан жанжаллашиб, унга пичоқ урган.
Оқибатда, котиб ҳаётдан кўз юмган.
Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















