2000 дан зиёд маҳкум президент афвига тушди – Ўзбекистон, минтақа ва сиёсат, Turkmaniston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, official
2000 дан зиёд маҳкум президент афвига тушди - Шавкат Мирзиёевдан саноқли кунлар ўтиб, Туркманистон президенти ҳам афв этди. Афв этилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо бу гал афв этилажак 2078 маҳкумдан бор-йўғи 4 нафарининг чет эл фуқароси экани айтилди.
Расмий хабар тафсилотларидан англашилишича, улар Туркманистон ҳудудида судланиб, қамоқ жазосини ўтаётган шахслардир.
Президент Бердимуҳаммедовнинг янги афви Туркманистон нейтралитетининг 25 йиллиги муносабати билан эълон қилинган.
Туркманистон ўз Нейтралитети кунини ҳар йил 12 декабрь куни расман байрам қилади, минтақадаги ягона нейтрал давлат бўлади.
Аммо расмий хабарда бунча маҳкумнинг афв этилиш шартлари тафсилотлари очиқланмаган.
Бу фуқароларнинг айнан кимлар экани, Туркманистон Жиноят Кодексининг аниқ қайси модда ва бандлари бўйича жазо муддатини ўтаётган бўлишганига оид маълумотлар ҳам имконли эмас, расман шахслари очиқланмаган.
Аммо, расмий хабарда айтилишича, президент афвига тушганлар барчасини озод этиш ва оилалари бағрига қайтишларини таъминлаш учун масъул вазирлик ва идораларга лозим чора-тадбирларни кўришни топширган.
Вилоятлар, туманлар ҳокимлари ва бошқа раҳбарлардан уларни ишга жойлаш масаласини ҳал этишларини сўраган.
Афв этаётган маҳкумларга эса, Туркманистон президенти виждонан ишлаш, ўз оилаларини боқиш ва ўз меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлиб яшашларини тилаб қолган.
Туркманистон минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой иккита давлатидан биттаси саналади.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS VIA GETTY IMAGES
27 сентябрь кунги Туркманистон Мустақиллиги куни арафасида президент Гурбангули Бердимуҳаммедов чет элликлари илова 800 дан ортиқ маҳкумни афв этгани хабар берилган.
Президентнинг йил давомида эълон қилувчи бу каби катта сондаги маҳкумларни кўзда тутувчи афвлари қолган бирор бир минтақа давлатлари мисолида кузатилмаслиги билан таҳлилчилар эътиборини ўзига тортиб келади.
Мамлакат қамоқхоналарида жами қанча маҳкум сақланиши маълум эмас.
Туркманистон дунёнинг "энг ёпиқ" ва "авторитар" режимларидан бири сифатида кўрилади.
Мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол ва шарт-шароитларга оид хабарлар халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётгани кузатилади.
"Хроника Туркменистана" нашри эса, бундан аввалроқ "пора эвазига афв рўйхатига тушиш мумкин"лиги ҳақида ёзган.
Нашр ўз хабарига афв рўйхатини тузувчилар ва афв этилганларнинг ўзлари билан суҳбатларини асос қилиб келтирган.
Туркманистон Қирғизистон билан бирга минтақанинг аҳолиси энг кичик иккита давлатидан биттаси бўлади, умумий сони 6 миллиондан сал ортади.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон президенти ҳар йил Рамазон ойида - Қадр кечаси арафасида эълон қилувчи афвлари билан ҳам танилган.
Гурбангули Бердимуҳаммедов глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган бу йилги Рамазон ойида Туркманистон қамоқхоналарида сақланаётган 1192 нафар маҳкумни афв этган.
Расмий хабарда уларнинг 210 нафари хорижий давлат фуқаролари эканликлари айтилган, аммо шахслари очиқланмаган.
Аммо Ўзбекистонга қайтишлари ортидан, Туркманистон Президенти афвига тушганлар орасида қатор Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳам маълум бўлганди.
Туркманистон ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган ягона минтақа давлати бўлиб турибди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги афви шу йилнинг 7 декабрь кунига тўғри келган.
Президент Мирзиёев Конституция куни муносабати билан 104 нафар маҳкумни афв этишга қарор қилган.
Авфга тушганлар орасида 13 нафар чет давлат фуқаросининг ҳам борликлари айтилган. Бунақаси бу яқин йилларда кузатилмаган.
Лекин уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликлари очиқланмаган.
Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан озод этилгани маълум бўлган.
50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.
17 маҳкумнинг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.
Яна 41 нафарининг қамоқ муддатлари муддатлари қисқартирилиши айтилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














