Ўзбекистон ва Хитой вакцинаси: Халқ тажриба қилинаётгани йўқ, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон ва Хитой вакцинаси: Халқ тажриба қилинаётгани йўқ - Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг айтишича, Хитой вакцинаси билан ўз оила аъзолари ҳам эмланган. Вакцина биринчилардан бўлиб уларда ҳам синалаяпти.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовлари кеча, 10 декабрь куни бошланган.
20 та кўнгилли оила аъзоларига Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцинанинг биринчи дозаси берилгани хабар қилинган.
Шу куни пойтахт Тошкентдан олинган айрим хабарларда "жараённинг этик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда кўнгиллиларнинг шахси ошкор қилинмаслигига келишилгани" ҳам айтилган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири худди шу муносабат билан уюштирилган тадбирда журналистларга интервью берган.
Унда Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, бир неча кўнгиллилар, шу жумладан, ўз оила аъзолари ҳам ҳали бундан икки ҳафта олдин Хитой рекомбинант вакцинасини олишган. Уларда 14 кундан бери вакцинанинг бирорта ножўя таъсири кузатилмаган.
"Шунинг учун ҳам, мана, бугун синовларга старт берилганида, бизда ҳадик йўқ", - деб айтган Ўзбекистон Инновация вазири.
Вазир худди шу ўринда, "Халқимизда вакцина синовини ўтказиб, бир тажрибага айлантирилаяпти, деган фикрлардан йироқ бўлишларини сўраб" қолган.
Бундан аввал ўзларида ишлаб чиқарилган ва бир мамлакат мисолида дунёдаги расман қайддан ўтган биринчиси бўлган Sputnik V вакцинасини тақдим этаркан, Россия президенти буткул хавфсиз эканини билдириш учун у билан қизи ҳам эмланганини барчага маълум қилганди.
Коронавирусга қарши яратилаётган вакциналар, унинг синови ва истеъмоли борасида ўзбекистонликлар ҳам якдил фикрда эмас, бу улар томонидан кибер фазода энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири бўлади.
Вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, Хитой вакцинасининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилгачгина, уни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари ва синовларига розилик билдиришган.
Хитой вакцинаси "биринчи ва иккинчи синовларидан яхши ўтганидан кейин, қўшимча эффектлари бўлдими-йўқми, ҳаммасини ўргангандан сўнг бу каби тўхтамга келишган.*
Интервьюсида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири буни "биолог ва генлар инженерлиги билан узоқ йиллар шуғулланган олим сифатида айтаётгани"ни алоҳида таъкидлаган.
Хитой вакциналари

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцина устида иш олиб бораётган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.
Улардан айримлари аллақачон расман қайддан ҳам ўтган. Тўртта вакцинаси учинчи босқич синовларига қадар етиб борган.
Ўтган ой Sinovac Biotech вакцинаси самарали бўлиб чиққани ҳам хабар берилган. Тезда иммунитет ҳосил қилишини кўрсатгани, бу Ковидга қарши таъсирчан дунёдаги тўртинчи вакцина экани айтилган.
Тадқиқотчилар якуний дастлабки натижалар бу каби хулосага келишларига асос берганлигини баён қилишган.
Аммо The Lancet тиббий журналида чоп этилган маълумотлар бу вакциналарнинг фақат биринчи ва иккинчи босқич синовлари натижаларига таянган, холос.
Бу синовлар шу йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилган, аммо улар одамни Kовиддан қанчалик ҳимоя қила олиши ноаён қолган, очиқланмаган.
Ҳисобот муаллифларининг иддао қилишларича, натижалар вакциналарнинг "фавқулодда вазиятларда қўллаш мумкин"лигини кўрсатган.
Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовларига оид маълумотлар ҳалича чоп қилинмаган.
Хитой ўзларида коронавирусни деярли буткул жиловлашга муваффақ бўлган.
Шу боис вакциналарининг сўнгги босқич синовларини Покистон, Саудия Арабистони, Россия, Индонезия ва Бразилияда ҳам ўтказмоқда.
Хитойлик мулозимларнинг айтишларича, вакциналари 60000 га яқин одамда ўтган ой бошида синалган.
Аммо орада Sinovac Biotech вакцинаси синови Бразилияда тўхтатиб ҳам қўйилган. Бунга бир кўнгиллининг ўлими сабаб бўлган.
Бунга вакцинага алоқаси йўқлиги аниқланиши ортидан, қисқа вақт ўтмай, яна қайта бошланганди.
Хитой аллақачон камида уч вакцинасини фавқулодда дастур доирасида истеъмолга киритган, муҳим вазифаларда ишловчи ишчилари ва ҳарбийларига таклиф қилган, эмлаган.
Ўзбекистон ва Хитой вакцинаси

Сурат манбаси, Getty Images
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, Ўзбекистонда синалаётганининг иккинчи дозадан кейин 90-93 фоиз самара беришини кутишмоқда.
Вазирга кўра, бир ой давомида вакцинация жараёни "хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда олиб борилади".
"Вакцинация кўнгиллиларда, ўзлари мурожаат қилган ташкилотларнинг ходимларида амалга оширилади".
Маълум бўлишича, бу жараён бир йил давом этади.
"Шу вақт мобайнида эмланганлар 8 марта тиббий кўрикка чақирилиши кўзда тутилган".
Хитойники Ўзбекистонда учинчи босқич синови бошланган биринчи вакцина бўлган.
Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган.
Ўзбекистонлик масъуллар орада "ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилиши, ҳеч кимнинг бунга мажбурий жалб қилинмаслиги"ни таъкидлашган.
Хитой вакцинаси синови фақат пойтахт Тошкентда ўтказилиши айтилган.
Маълум бўлишича, жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади.
"Шунингдек, агар синовлар давомида кимдир вафот этса, ўлим сабаби аниқланмасиданоқ синовлар тўхтатилади. Яъни сабаб аниқлангунича кутилмайди".
Хабарларга кўра, синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин бўлади.
Бундан аввал ўзбекистонлик масъуллар Россия вакцинасининг ҳам мамлакатда синовдан ўтказилиши эҳтимоли ҳақида сўз юритишган.
4 декабрь куни Россиянинг Sputnik V вакцинаси Ўзбекистонга келтирилган. Уни Тошкентга келтирган Россия ҳукумат вазирини шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қабул қилган.
Масъуллар орада бошқа, жумладан, АҚШ вакцинаси учинчи бисқич синовини ҳам назардан соқит этишмаган.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов орада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойнинг яна бир - Sinopharm компаниясининг ўлдирилган, кучсизлантирилган вирусларга асосланган вакцинасини ҳам мамлакатга олиб келиш билан шуғулланаётганини ҳам маълум қилган.
"Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш - давр тақозоси", - эканини айтган.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирига кўра, "бир нечта вакциналар синовдан ўтказилиб, улар орасидан энг самаралиси аҳолини эмлаш учун танлаб олинади".
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони ҳозир расман 34 миллиондан ортади.
Жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.
Сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида инсониятнинг коронавирусга қарши кетма-кет учта кучли вакцина яратишга муваффақ бўлгани маълум бўлган.
Якуний дастлабки натижалар тадқиқотчиларга бу каби хулосага келишларига асос берган.
Pfizer&BioNTech 90% , Спутник V 92%, Moderna PHK эса, ҳаттоки, 95% гача эффектив бўлиб чиққани хабар қилинган.
Улар якуний - учинчи босқич синовларида дунёнинг турли давлатларида минглаб одамда синалган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















