Ўзбекистон ўз аҳолисини қачон эмлашни бошлайди? Ковид ва вакцина, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ўз аҳолисини қачон эмлашни бошлайди? - Россия, Британия келаси ҳафтадан бошламоқчи. Агар, масъулларнинг сўзларига таянилса, келаси йил июнига қадар Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи коронавирусга қарши эмланади. Бу қанчалик амалий?

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, фуқаролари сони расман 34 миллиондан ортади.

Жами 73400 дан ортиқ ҳолат билан ҳозир минтақанинг Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

Аммо бу расмий статистика ҳалича пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.

Шу пайтгача Россиядан беш минг доза Sputnik V вакцинасини сўрагани расман маълум қилинган.

Агар, учинчи босқич синовлари муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон Хитой вакцинасини ҳам имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши хабар берилган.

Яна коронавирус вакцинаси муваффақиятли ишлаб чиқарилган тақдирда COVAX механизми иштирокчиси сифатида 20 фоиз аҳолисини эмлаш учун етарли миқдорда вакцина шартномасига эга бўлиши айтилган.

COVAX (коронавирусга қарши вакцина қилиш) Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус дастури бўлади.

Ўтган ой масъуллар Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар сотуви йўлга қўйилиши ва уларни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилишган.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, "Ҳозир дунёда ким биринчи бўлиб вакцинасини рўйхатга олиши, иккинчи навбатда эса, ким ўз вакцинасини сотишини кутаётганликлари"ни айтган.

Масъул Ўзбекистон ҳозирда коронавирус вакцинасини сотиб олиш бўйича хусусий секторлар билан музокаралар олиб бораётганини ҳам қўшимча қилган.

"Вакцинани олишимиз билан одамларни эмлаймиз", - деб бунинг санасига аниқлик киритгандек бўлган.

Аммо сўз айнан қай бир ширкат ва вакцина ҳақида кетаётгани тафсилотлари ноаён қолган.

Вакцина хариди учун Ўзбекистон ҳукумати пул ажратаётгани ҳам айтилган, аммо аниқ миқдори очиқланмаган.

Инновацион ривожланиш вазири эса, орада Ўзбекистонда Хитойникидан ташқари, яна Россия, Европа ва АҚШ вакциналарининг синовлари ўтказилиши режаланаётгани ҳақида ҳам маълум қилганди.

Ўзбекистоннинг бу режаси қанчалик амалий бўлиши мумкин?

Obid Mamadaliyev

Сурат манбаси, facebook

Обид Мамадалиев, микробиолог

Ўзбекистон-Канада

Дунёнинг кўплаб давлатлари шу кунларда ўз аҳолисини тезлик билан коронавирусга қарши эмлаш тараддудига тушган.

Бугунга келиб, 90 фоиздан 95 фоизгача эффектив бўлган вакциналар тасдиқланиб, истеъмол учун тайёрланмоқда.

Иқтисоди кучли давлатлар эса, бу вакциналар учун аллақачон шартномалар имзолаб, ўз аҳолиси учун иккитадан ўнтагачасига буюртма ҳам бериб бўлишган.

Шу ўринда, Ўзбекистон ҳам ўз аҳолисининг 60 фоизини келаси йилнинг биринчи ярмига қадар коронавирусга қарши эмлаш тадоригида эканини маълум қилди.

Албатта, бу жуда масъулиятли, аммо лоқайдлик бўлмаса, амалга ошириш мумкин бўлган иш.

Яъни, вакцинация даврида барча - эмланган ҳам, эмланмаган ҳам, эмловчилар ҳам бирдек масъулиятли бўлиши, белгиланган нормаларга қатъий риоя этиши лозим.

Энди, аҳолининг 60 фоизини эмлашга келсак, Марказий Осиё ва ҳатто собиқ Совет давлатлари орасидан Ўзбекистоннинг бундай масъулиятли ишга бел боғлаши жуда ҳам қувонарли, дейиш ўринли бўлади.

Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи бу - салкам 20 миллион одам дегани.

Шундай экан, қаердан бўлишидан қатъиназар, бунча инсонга вакцинани етказиб бериш, яъни логистикаси, сақлаш ва қўллаш учун кадрларни тайёрлаш кўп куч ва матонат талаб қилади, бу осон иш эмас.

Rossiya vaksinasi

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо, бундан аввал ҳам айтганимдек, ҳам ҳукумат, ҳам масъуллар ва ҳам аҳоли бир ёқадан бош чиқариб, бунга жиддий ва қатъий ёндашишса, машаққатли бўлса-да, бу ишни амалга ошириш мумкин. Тайёргарлик ҳам пухта олиб борилиши лозим.

Коронавирусга қарши кураш даврида ҳам масъуллар жиддий ваъдалар билан чиқишди, баёнотлар беришди, аммо амалда кўп ҳолларда бунинг акси бўлди, бунга масъуллар билан бир қаторда оддий аҳолининг лоқайдлиги ҳам сабаб бўлди.

Бошқа томондан, бу вакциналар билан эмлаш - арзон иш эмас.

Аммо бошқа чоранинг ўзи ҳам йўқ, ўтган давр шуни кўрсатдики, бу кураш арзонга тушмайди.

Нафақат вакциналар, уларнинг логистикаси ва лозим тиббиёт ходимларини тайёрлаш ҳам озмунча маблағ талаб қилмайди, бунинг қанчага тушишини ҳали вақт кўрсатади.

Сўнггида масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча ривожланган мамлакатлар сингари эмлаш Ўзбекистонда ҳам текин бўлса, давлатга арзонга тушади.

Сабаби - ҳамма эмланади.

Пулли бўлган тақдирда, аҳолининг камбағал қисмининг ўзини эмлатишга қурби етмаслиги мумкин.

Ўзбекистон мисолида сўз 4-5 миллион одам ҳақида кетмоқда.

Акс ҳолда мана шу одамлар яна вирус ташувчи бўлиб қолаверади ва коронавирус тарқалиш хавфи сақланиб қолади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek