Вакцина нега одамларни қўрқитмоқда? - Ковид, Ўзбекистон ва дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Social media icons

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёлғонни ростдан ажратишларига кўмак бериш учун ҳозир ҳатто экспертлар одамларга маслаҳат беришмоқда
    • Author, Тюлип Мазумдар
    • Role, Саломатлик масалалари бўйича мухбир

Вакцина нега одамларни қўрқитмоқда? - Ҳаммасига фақат миш-мишлар сабабчими? Ёки бунинг бошқа бир сабаби борми?

Ковид-19га қарши бир неча эҳтимолий вакциналар пайдо бўлар экан, интернетда тарқалаётган ёлғон ахборотлар сабабли одамлар вакцина олишдан бош тортиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучаймоқда.

Жаҳон Соғлиқ ташкилоти (ЖСТ) билдиришича, дунё нафақат пандемияга қарши курашмоқда, балки "инфодемия"га қарши ҳам курашмоқда. Керагидан ортиқ ахборот оқимида айрим ёлғонлари ҳам борки, улар одамларнинг ўз соғлиқлари юзасидан тўғри қарор қабул қилишини қийинлаштиради.

Ташкилот одамларнинг вакциналар ҳақидаги саволларига жавоб қайтаришга ҳаракат қилмоқда, шунингдек, уларга ижтимоий тармоқларда бирор маълумотни кўрганда уни текширишга ҳам ёрдам бермоқда.

21 ёшли Нина Лондонда, 82 ёшли бувиси билан бирга яшайди. У ҳам бу борада хавотир олаётганлардан бири.

Унинг айтишича, Ковид вакциналари ҳақида "хаёли қоришиқ".

Фрилансер продюсер бўлиб ишловчи Нина келажакда вакцина оладими йўқми, ҳали бир қарорга келмаган. Унинг фикрича, ахборотнинг кўплиги вакцина ортидаги илмни тушунишни қийинлаштирмоқда.

"Мен ҳам ҳамма қатори бу вирусдан имкон қадар тезроқ халос бўлишимизни истайман", дейди у.

"Аммо, айни пайтда, қанчалик бу вакцинага ишонишни билмайман, жуда тез ишлаб чиқишди."

Гарчи у "анъанавий" ахборот воситаларидан маълумот олишга ҳаракат қилишини айтса ҳам, унинг фикрлари ижтимоий тармоқларда кўрганлари сабабли тарқоқ бўлиб қолган.

"Twitter", "Instagram" ва "TikTok"да ҳар турли фикрларни учратасиз. Менимча, одамлар ана шундан осон таъсирланади", дейди у.

Оскар Ҳоджсон Лондондаги Империал Коллежида коронавирус вакцинаси синовларида иштирок этаётган амалиётчи юрист. "Улкан маълумотлар ёмғири остида нима қилиш кераклигини англаш одатда жуда қийин бўлади", дейди у.

Аммо, қўшимча қилади у: "Кети кўринмас карантинлару комендантлик соатларидан қутилмоқчи бўлсак, вазиятдан чиқишнинг ягона йўли вакцинадир, менимча".

"Умид қилиш"

Тадқиқотчилар мисли кўрилмаган тезликда вакциналарни ишлаб чиқмоқда - бу пандемияда муддат бир йилга ҳам бормади.

ЖСТ 200дан ортиқ вакцина синовларини кузатиб бормоқда.

"Ҳозирда турли технологиялар билан ишлаб чиқилган бир неча хил вакциналар бор", дейди ЖСТнинг пандемия ва эпидемик касалликлар бўйича директори, доктор Сильви Бриан.

Улар дунё бўйлаб амалда қўлланаётган бошқа вакциналар каби хавфсизлиги текширилмоқда.

"Уч босқичда (инсонда) синовларни ташкил қилиш жуда серчиқим иш. Аммо кўплаб давлатлар бунинг учун тўлашга тайёр, - дейди др. Бриан. - "Етарлича маблағингиз бўлса жараённи тезлата оласиз."

Коронавирус вакцинасини бу қадар тез яратилишининг уч асосий сабаби бор:

  • Ковид касали чиқмасидан бурун ривожлантирилган янги технологиялар жараённи тезлатишда асқатмоқда.
  • Вакцина тадқиқотларига миллиардлаб доллар маблағ йўналтирилди. Маблағ жамғариш йиллаб вақт олиши мумкин эди.
  • Ковид 19га қарши курашиш дунёдаги ҳар бир давлат учун бирламчи масала бўлиб қолди.

Олимлар бу янги вирусни, уни қандай жиловлашни ўрганиб борар экан, бу пандемия ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлак, бўлак бўлиб шаклланмоқда. Бу эса муаммонинг бир қисмидир.

Тадқиқочиларнинг фикрича, ана шу ҳолат хато маълумотлар урчиши учун бўшлиқни пайдо қиляпти.

Prof Heidi Larson, LSHTM
Сурат тагсўзи, "Биз барқарор асос қуришга диққат қаратишимиз лозим", дейди проф. Ларсон

"Одамлар маълумот ахтаради ва айрим ишонарли маълумотлар, саволлар ёки тамоман хато ахборотларнинг одамни гангитувчи қоришмасига дуч келадилар", дейди Лондондаги Гигиена ва Тропик касалликлар мактабининг Вакцинага ишонч лойиҳаси раҳбари проф. Ҳайди Ларсон.

У 20 йилдан ошиқ вақт давомида дунё бўйлаб одамларнинг вакцинага ишончини ўрганиб келади.

Вакцина олишда одамларда иккиланиш борлиги доимий муаммо экан, у хато маълумотлар одамларнинг коронавирус вакцинасини олиш истагига таъсир қилишидан жуда хавотирда эканини яширмайди.

Унинг жамоаси яқинда Британия ва АҚШда одамларнинг вакцинага ишончини ўрганди.

Британияда 4000 одамдан 54 фоизи вакцинани аниқ олишини айтган. Аммо уларга вакцинанинг хавфсизлиги ҳақида хато маълумотлар берилганда улар сони 6 фоизга камайди.

Даромади паст, қора танли ва озчилик гуруҳларга мансуб одамларнинг Ковид вакцинасини олишдан бош тортиши эҳтимоли баланд экан.

Интернетда ёлғон ахборотни қандай аниқлаш мумкин:

  • Манбани текширинг. Ким уни тарқатяпти ва қаердан олган?
  • Сарлавҳадан бошқасини ҳам ўқинг. Сарлавҳа шунчаки эътибор тортиш учун қўйилган бўлиши мумкин.
  • Муаллифни аниқланг. Унинг исмини интернетдан қидиринг, ҳақиқатда бор одамми, ишончлими?
  • Маълумот санасига қаранг. Хабар сўнгими, ҳозирги жараёнларга тааллуқлими?
  • Қўшимча далилларни қаранг. Улар ўз даъволарини асослаш учун фактлар келтиряптими?
  • Мойилликларингизни текширинг. Нимага ишонишингизга турли майлларингиз таъсир қилмаяптими?

МАНБА: ЖСТ

"Янги вакциналар ҳақидаги хабарлар билан ажойиб ойни ўтказдик", дейди проф. Ларсон.

"Аммо ҳозиргача аниқ бир тасдиқланган вакцина йўқ. Шундай экан умид қилишимиз керак."

"Асосий хавотир вакциналарнинг хавфсизлигидан. Демак, уларнинг хавфсизлиги ҳақида, жараённи тезлаштирганда синалган услубларга қанчалик амал қилинаётгани ҳақида гапиришимиз мумкин."

Проф. Ларсон, ЖСТ ва ҳукуматлар ёлғон ахборотларга қарши курашиш учун йирик технология компаниялари билан ишламоқда.

Instagram ва WhatsApp га эгалик қиладиган Facebook бевосита зарар берадиган ахборотлар, жумладан, Ковид 19га даво бўладиган сохта воситалар ҳақидаги маълумотларни ўчиришини билдирган.

Шунингдек, компания одамларни вакцина олишдан қайтарадиган реклама постларни ҳам тақиқлаган, алдамчи вакциналар ҳақидаги постларни эса кўримлилигини камайтирган.

Аммо Ковид-19 ва вакцина ҳақида ёлғон хабарларни учратиш ва улашиш ҳамон жуда осон.

"Биз барқарор асос қуришга диққат қаратишимиз лозим", дейди проф. Ларсон.

"Муқобил ахборот бермасдан, ёлғон ахборотларни шунчаки ўчириб юбора олмайсиз."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek