Қўрқув кетди, аммо касаллик кўпайди – Россия ва ўзбекистонликлар, Rossiya, O‘zbekiston, Turkiya, Мирзиёев, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Қўрқув кетди, аммо касаллик кўпайди - Россияда жами коронавирус ҳоллари икки миллиондан ортди. Пандемия тарихида илк бор мамлакатда кунига 25000 одам коронавирусга чалинди. Россиядаги ўзбекистонликлар-чи, уларга нима қилди?

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Сўнгги ҳафталарга келиб, Россияда ҳам коронавирус шитоб билан қайта бош кўтара бошлаган.

Янги қайд этилаётган коронавирус ҳоллари энг кўп пойтахт Москва ва Санкт-Петербург ҳисобига тўғри келган.

Айнан Москва ва Санкт-Петербург Россиянинг аксарият ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд икки ҳудуди бўлиб келади.

Россияда илк коронавирус ҳолати шу йилнинг 31 январида расман қайд қилинган, аммо орада кечган вақт давомида аниқ қанча сондаги Ўзбекистон фуқароларининг унга чалингани ва вафот этганига оид аниқ расмий маълумотлар ҳали-ҳануз имконсиз.

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Пандемиянинг биринчи тўлқини эса, шундоқ ҳам Россиядаги кўпчилик ўзбекистонликларни жуда қийин аҳволда қолдирган.

Ҳафталарга чўзилган кучайтирилган карантин тартиби боис, улардан ўн минглаби қандай қилиб бўлмасин, ортга қайтиш истагига тушиб қолишган.

Бу каби вазият, ҳатто, қатор халқаро ташкилотларнинг диққат-эътиборига тушган, бунинг оқибатлари Ўзбекистон, қолган минтақа давлатлари учун жиддий бўлишига оид хавотирлар ҳам янграган.

Пандемия манзарасида катта сондаги ўзбекистонликлар бўлиб турган дунёнинг қолган бирор бир давлати мисолида бунга ўхшаш танг аҳвол кузатилмаганди.

Коронавируснинг Россиядаги шу пайтгача мисли кўрилмаган иккинчи тўлқини манзарасида у ерда қолаётган Ўзбекистон фуқаролари нима қилишмоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шу савол билан пойтахт Москвадаги ўзбекистонликларнинг бири билан боғланди:

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

"Москвадаман, илк карантин бошланган кунларни эсласам, бир ойга яқин кўчага чиқишга, ишга боришга қўрқиб юрдик, ҳамма жойда ваҳима...

Аммо ўша вақтларда вирус юқтириб олган юртдошларимиз кам эди, касал бўлдим ёки вирусга чалинибди, деб эшитганларимиз ҳам ўзим айнан таниган одамлар орасида учрамагани учунми, балки менга шундай туюлгандир.

Охирги вақтларда вирус юқтириб олган юртдошларимизни кўп учратдим, аммо энди одамлар бу касалликдан аввалгидек ваҳимага тушишаётгани йўқ.

Ҳозирда Москвада карантин қоидалари яна қайтадан кучайтирилди, баҳор фаслида метрога тушаётган вақтимизда махсус ходимлар ҳар бир одамни маска таққан, қўлқоп киймагани учун огоҳлантиришар ёки жарима ёзишар эди.

Мана шу кунларда метро вагонларида ҳам кузатувчилар маска тақмаган ва қўлқоп киймаганларни жаримга тортиб юришганига кўп кўзим тушаяпти.

Яқинда бир юртдошимиз телефон қилиб қолди.

"Уч тўрт кундан бери мазам бўлмаяпти, истимам чиқаяпти, бирорта таниш шифокор бўлса рақамини беринг, маслаҳат сўрамоқчи эдим", деди.

Кейинги куни ёнимга чақирдим ва битта хусусий клиникага вирус бор-йўқлигини билиш учун тест топширишга бордик.

Тест топшириш 2200 рублдан 2500 гача экан.

(Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, бугун Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларнинг ўртача ойлик даромадлари 35-40 минг рублни ташкил қилади. Ижара ҳаққи, ейиш-ичиши, транспорт ҳаққи, дори-дармони, болаларининг боғча, мактаб сарф-харажати назарда тутилса, ўртача ойлик сарф-харажатлари 30 минг рублга бориб қолади - таҳр.).

Танишим вирусга бундан анча аввал чалиниб ўтиб кетган, буни ўзи ҳам билмаган экан.

Фойдаси ҳам бўлди

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Пандемия даври ҳамма қатори юртдошларимизга ҳам анча ноқулайликлар ва қийинчиликлар туғдирган бўлса, иккинчи томондан, баъзи бир фойдали жиҳатлари ҳам бўлди.

Кўпчилик мигрантлар ўз ватанига кетиб, қайтиб кела олмаётганлиги боис, Москвада ишчи кучи етишмаяпти.

Бунинг ортидан, қурилишларда иш ҳақлари сезиларли даражада ошди, кўчаларда ободонлаштириш ишларида ҳам одам тақчил, ишчи кучига жиддий эҳтиёж пайдо бўлган.

Ободонлаштириш ишларида ишлайдиганларнинг ойлик маошлари аввал 25500 рублдан 30000 рублгача бўлган бўлса, ҳозирда 35000 рубль ва ундан юқорироқ маош таклиф қилиб, ишчи керак, дея ёзиб қўйилган эълонларга тез-тез кўзимиз тушмоқда.

Бизларнинг юртдошлар жуда аҳволи оғир холатлар бўлмаса, кўпам тез ёрдамга мурожаат қилаверишмайди.

Таниш докторлар ёки ўзбек шифокорларининг ўзларидан телефон орқали маслаҳат олиб қўя қолишади, коронавирусга чалинганда эса, кўпроқ грипп бўлган вақтдаги дорилар тавсия қилинмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимдек, карантиннинг илк дамларида кўпчилик қийналди, кўнгилли хайрия уюштирганлар оғир ҳолатларда қолган юртдошларимизга яхши ёрдам қилишди.

Ҳозирда турли қийинчиликларга дуч келганлар, пулсиз қолганлар кам, айрим ҳолларда учраб қолса ҳам, мигрантлар ишлаб тургани учун бир-бирларига ёрдам қилишаяпти.

Асосийси иш тўхтагани йўқ, бизларга иш тўхтамаса, вақтида пулимизни бериб туришса, ўзимизни ўзимиз эплаймиз.

Бир-биримизга ёрдам қиламиз".

Samolyot

Сурат манбаси, official

Би-би-си: Ўзбекистон, ойларки, Россиядаги оғир аҳволда қолган ва кетиш истагида бўлган фуқароларини ортга қайтариш ҳаракатида.

Аммо расмий Тошкентнинг худди шу каби саъй-ҳаракатлари ҳам ҳали-ҳануз улар барчаси истагини қондиришга кифоя қила олмаётгани кузатилади.

Ўзбекистон ва Россия аллақачон карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишга киришишган.

Аммо, глобал коронавирус пандемияси боис, чегаралар, ойларки, ёпиқлигича қолмоқда.

Қатновлар ҳам ҳалича тикланмаган ва қачон қайта йўлга қўйилиши ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Россия дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган бешта давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Бугун, 24 ноябрь ҳолатига кўра, Россияда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 2.114.500 дан ортган. Уларнинг 36500 дан кўпроғи ҳаётдан кўз юмган.

Глобал коронавирус пандемияси боис, ўзбекистонлик мигрантларнинг аксарияти оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво бўлган ва уйга қайтиш истагида.

Озмунча эмасликлари айтилган коронавирус юқтирганларининг рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволда эканликлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка айланган.

Уларнинг аҳволига орада Халқаро Миграция ташкилоти ҳам эътибор қаратган, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Ҳам минтақа ҳукуматлари ва ҳам муҳожирларнинг ўзларига ҳар томонлама кўмак зарурлигини таъкидлаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek