Тоғли Қорабоғ уруши: "Она тупроқ" учун жанг қанча одамни ўлдирди? Озарбайжон ва Арманистон - Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

- Author, Райхон Демитри
- Role, Жанубий Осиё бўйича мухбир, Би-би-си
Тоғли Қорабоғ уруши: "Она тупроқ" учун жанг қанча одамни ўлдирди? - Буни ҳали-ҳануз ҳеч ким аниқ билмайди.
Россия президенти яқинда 5000 одам - тинч аҳоли ва аскарлар ўлган деди.
Қурбонлар яқинлари нима дейди?
"Мен учун жуда оғир, аммо ўғлимнинг қони ўз тўпроғимизга тўкилганидан фахрланаман," дейди Мушкеназ Ҳазиева Озарбайжондаги Курдамир шаҳарчасидаги уйидан телефон орқали гапирар экан.
Зиёдхон Алиев 24 ёшда эди. У компьютер дартурлашга ўқиган, тарихга доир китобларни ўқишни яхши кўрарди; уйланишга ҳам шошилмади. Унинг ҳарбий хизмати якунланишига бир неча ҳафта қолганди. Бироқ уруш бошлангандан бироз ўтиб, 1 октябрь куни ҳалок бўлди.
Зиёдхон Талиш қишлоғини қайта эгаллаш учун урушда ўлди.


Унинг оиласи жануброқдаги Жаброил вилоятидаги Султонли қишлоғидан келган. Унинг оиласи ва юз минглаб этник озарийлар 1990-йилларда - ҳудуд арманлар қўлига ўтгач, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган.
Зиёдхоннинг отаси биринчи Қорабоғ урушида қатнашган. Ўшанда ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилинган, аммо тинчлик битими имзоланмаган эди.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди, деб тан олинади, аммо у ерни этник арманлар назорат қилади.
"Сувни тупроққа қўшсангиз, балчиқ бўлади. Тупроққа қонни қўшсангиз, Она Ватан бўлади," дейди унинг онаси.
Озарбайжон Арманистон тўқнашуви 27 сентябрь куни аланга олди.
Озарбайжон ўзининг талафотлари ҳақида батафсил маълумот бермаяпти, аммо дафн маросимлари ҳақида кўплаб хабарлар ва ҳарбий қабристонлардаги янги қабрларнинг суратлари тарқалди.
Расман 1100дан ортиқ арман ҳарбий хизматчиси ўлгани ҳақида айтилган. Ўлган арман аскарларининг аксарияти 2000 йилдан сўнг туғилган, ҳарбий ҳизматга чақирилганлардир.
Ҳар икки томондан 130дан ортиқ оддий фуқаро ўлган.
Султонли қишлоғи Озарбайжон армияси қайта эгаллаган 100дан ортиқ қишлоқдан биридир. Мушкеназ Ҳазиева фақат ҳарбий йўл билан ҳудудни қайтиб олиш мумкинлигига ишонади.
"Биз у ерга қайтиб борамиз, уйларимизни, мактабларимизни қурамиз, боғларимизни бунёд қиламиз. Бир томондан бағрим қон - ўз ўғлимни йўқотдим, бошқа томондан, ортиқ қочқин бўлмаслигимиздан хурсандман."
Ҳар икки мамлакатда коронавирус пандемияси авжига чиқар экан, уруш давом этмоқда.
Аммо Арманистон Ковид-19 қурбонларидан кўра, ўлган аскарлари учун кўпроқ аза очаётганини биламиз.
Уч миллион аҳолилик кичик бир мамлакат учун инсоний талафотлар оғир йўқотишдир.
19 ёшли Саргис Ҳакопян болалигидан расм чизишга берилган умидли ёш рассомлардан эди. Aмакиваччаси Сед у илк марта уч ёшида балиқ расмини чизганини эслайди.
2019 йил июлида Саргис Арманистон армиясига чақирилган. Сўнг кўп ўтмай ўзи қаттиқ боғланиб қолган онасидан айрилган.

Саргиснинг ўлгани ҳақида оиласи 17 октябрь куни хабар топди. Улар ҳали унинг жасадини олганлари йўқ.
Саргис ижодкор руҳиятли йигит эди, деб эслайди амакиваччаси. У қўшиқ куйлаш, шеър ўқишга уста эди, қиз дўстлари ҳам кўп эди. Қаерга борса яхши кўришарди уни, дейди у.
"Саргис Ереван Нафис Санъат Академиясига киришни орзу қиларди," дейди унинг болаликдаги дўсти Ануш Хачатрян. "Ҳеч ким унинг юрагимдаги ўрнини эгаллай олмайди. Ҳеч қачон."
Ҳар икки халқ йўқотишлар аламини тотмоқда, аммо Озарбайжон ҳарбийларининг илгарилаши одамлар руҳиятини кўтармоқда. Ва афтидан урушни давом эттиришни қўлловчилар мутлақ кўпчиликни ташкил этади.
Азиза Гасанова 27 ёшда, у ҳам турмуш ўртоғи Фариз Гасановни йўқотди.
"Уни охирги марта 10 октябрда кўргандим. Уйга тезда ювиниб олиш учун келганди. Бироз тамадди ҳам қилмади. У уч бўлак шоколад олдида, шошиб турганини айтиб, болаларни ўпиб чиқиб кетди," деб эслайди Азиза.
Турмуш ўртоғининг айтишича, Фариз - унинг ёши 34 эди - ҳиссиётларини кўрсатмас, аммо меҳрибон бўлган. У 19 ёшида армияга кирган ва ўзини Қорабоғ масаласига бағишлаган эди. Фариз бу муаммони оталаридан мерос қилиб олишгани, аммо уни ҳал қилиш ўзи тенгилар зиммасида эканини кўп такрорларди, дейди Азиза.

11 октябрдан бошлаб қўнғироқ қилмай қўйган. Орадан бир неча кун ўтиб, Азиза эри Фузулий шаҳарчаси учун жангда ҳалок бўлгани ҳақида эшитди. Озарбайжон армияси бу шаҳарни қайта қўлга киритди. Фариз беш кун ўтиб ерга қўйилди.
"Дадам фариштага айланган, у бизни осмондан кузатиб турибди, деб гапиради қизим. У менинг сўзларимни такрорлайди. Отаси энди биз билан бўлмаслигини болалар тушунмайди," дейди Азиза.
Бу оила уйида доим Озарбайжон байроғи турган ва Азиза тўрт яшар ўғли - Руслан улғайиб, бир кун армияга кириши ва генерал бўлишини орзу қилади.
"Мен болаларимни арманлардан нафратланишга ўргатаман, чунки улар бизнинг болаларни ўлдирган. Қанчадан қанча аёллар бева қолди, қанча оналар боласидан айрилди. Аммо бу бизнинг тупроқ. Бу ер Озарбайжон ҳудуди эканини ҳамма билади."
Этник арманлар ҳам Қорабоғни - уни Арцах деб атайдилар - ўз Она Ватанлари, қадимги насроний қиролликларининг чекка ҳудуди, деб билишади. Ва кўпчилиги ўз жонларини бу ер учун фидо қилишга тайёр.
25 ёшли Давид Оганесян болалигидан ҳарбий бўлишни истаб улғайган. У ёшлигида ҳарбий либосларни кийиб, суратга тушар эди.
У 10 октябрь куни Тоғли Қорабоғнинг жануби шарқий қисмида ҳалок бўлди.

Унинг жияни Нелли Петросян уни ватанпарварлик қўшиқларини куйлашга уста, оила аъзолари билан кўп ҳазил қиладиган инсон сифатида эслайди.
"Уни охирги марта сентябрда кўргандим - Шатин қишлоғимиздаги 10 асрда қурилган монастирга борган эдик. Давид синглиси учун дўлана шохларини йиғди. У табиатни севарди. Жуда бахтли кун эди. Биргаликдаги охирги кунимиз бўлганини хаёл ҳам қилмагандим."
"Арманлар ва бутун дунё Давидни чинакам қаҳрамон ва ватанпарвар сифатида эслашини истайман."
Тоғли Қорабоғ учун жангларнинг бешинчи ҳафтаси ўтмоқда. Урушни тўхтатиш аломатлари икки томонда ҳам кўринмайди.
Учта ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув бўлди ва бузилди. Озарбайжон илгарилашда давом этяпти. У аввал арманлар назоратида бўлган каттагина ҳудудни қайта эгаллади. Арманистон Бош вазири Қорабоғнинг "ҳар бир тоши, ҳар бир сантиметр, ҳар бир миллиметр жойи учун урушишга" ваъда берди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














