Франция ва Ислом: Эркинлик, Исломофобия ёки геосиёсат – Францияда нималар бўлмоқда? O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Франция ва Ислом: Эркинлик, Исломофобия ёки геосиёсат - Францияда нималар бўлмоқда? Франциядаги мусулмонлар дунёвийлик тамойиллари билан курашаётгани йўқ, дейди бугунги вазиятни таҳлил қиларкан ўзи ҳам ҳозир Францияда бўлган асли ўзбекистонлик таҳлилчи.

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
"Франция - дунё мамлакатлари орасида жуда ўзига хос бир жамият ва давлат.
Франция, айни пайтда , Ғарб давлатлари орасида ҳам дунёвийлик тамойили ва қадриятини алоҳида урғулаган дунёдаги биринчи Республика ҳисобланади.
Бу давлат эркинликларни қонли инқилоблар эвазига қўлга киритган, жуда кўплаб сиёсий экспериментларни бошидан ўтказган.
Бошқа томондан, кейинги асрларда энг катта ҳудудларга эга бўлган собиқ колониал империя.
Бугунги кунда ғарбий Европадаги энг катта мусулмон жамоасига эга бўлган давлат ҳисобланади.
Франция ҳуқуқий, демократик давлат.
Шу сабаб, бу давлат ичидаги ўзликлар, жиддий сиёсий-мафкуравий лойиҳалар, сиёсий мойилликлар, ҳар доим сиёсий рақобатлар ва тортишувлар, сайловлар ва ўта эҳтиросли баҳс-мунозаралар орқали расмийлаштирилади.
Бу дегани, демократик ўйин қоидасига кўра, бир томондан жамиятнинг, аҳоли кўпчилигининг мойилликларига ошкора ёки яширинча "лаббай" деб жавоб бериш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ва ушлаб туриш, бошқа томондан, жамиятда жипслик ва барқарорликни таъминлашни назарда тутилади.
Ишонч билан айтаман, Франциядаги мусулмонлар дунёвийлик тамойиллари билан курашаётгани йўқ. Дунёвийлик - бу жамиятдаги эркинликларни таъминлашда давлат ҳокимияти ва маъмуриятларнинг нейтраллигини англатади. Бу ердаги мусулмонлар дунёвийлик тамойили барқарор ишлаб туришидан манфаатдор.

Сурат манбаси, Getty Images
Исломофобия Ғарб давлатлари, Европа, жумладан, Францияда узоқ ўтмишга эга.
Тарихда еврохристиан цивилизацияси билан кўп марталаб ҳарбий тўқнашган ва бугун мавжуд бўлган ягона цивилизация - бу Ислом цивилизацияси ҳисобланади.
Еврохристиан ва Ислом цивилизацияси бутун тарих мобайнида муттасил равишда рақобатда, ҳарбий тўқнашувларда, ўзаро ғоялар ва тажрибалар алмашинувида, ҳамкорликда бўлиб келди.
Колониализм даври бошлангач, Франция кўплаб мусулмон ҳудудларини босиб олди.
Шу аснода, бу ҳудудларда Ислом қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида намоён бўлди.
Ўтмишдаги воқеалар, бугунги Францияда мавжуд бўлган исломофобияни суғориб турадиган омил ҳисобланади.
Лекин бугунги можароларни замирида икки йирик омил мавжуд.
Биринчиси, Францияда шаклланган сўз ва фикр эркинлиги ва бу стандартларнинг мўътадилликни хуш кўрадиган мусулмонлар учун ўта ортиқча, деб қабул қилиниши, талқин қилиниши ҳисобланади.

Сурат манбаси, Reuters
Шарли Эбдо - ўта сўл, либертариан қарашдаги карикатурачилар саҳнаси ҳисобланади. Бу таҳририят ҳеч кимни истисно қилмасдан, ҳаммани муҳокама ва танқид қилишни, карикатура қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шарлида энг кўп муҳокама қилинадига шахслар - Франция президенти ва сиёсатчилари, католиклар ва яҳудийлар ҳисобланади.
Бу журнал Пайғамбаримиз САВни тасвирлар экан, қадриятлар ва ҳуқуқ даражасида, жиддий коллизиялар пайдо бўлди.
Сабаби, ҳар бир цивилизациянинг ўз кодлари, тафаккур тарзи мавжуд.
Эркинликни инкор этмаслик муҳим. Лекин бу эркинлик бошқаларга ўта оғир ҳақорат, деб қабул қилинмаслиги керак.
Агар Шарли стандартидаги эркинликлар мусулмонлар томонидан ўта оғир ҳақорат, деб қабул қилинса, бу эркинликлар ва у билан боғлиқ мувозанат обрўсизланиши аниқ бўлиб қолади.
Шарли мана шу нуқтани инобатга олмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Асосийси, Франциядаги сиёсий майдонда шаклланган сиёсий вазият ва у билан боғлиқ риторика.
Охирги социологик сўровномаларга кўра, Францияда 79% аҳоли келаси сайловларда аксил-тизимли партияларга, яъни, ашаддий ўнгларга ва ашаддий сўлларга овоз бериш ниятида.
Йилдан йилга ашаддий ўнг партия лидери Марин Ле Пен рейтинги ошиб бормоқда. Кейинги бир неча сайловларда у иккинчи ўринни олди.
Франция сиёсий саҳнасида қабул қилинган оҳангларга кўра, электоратни ушлаб туриш ва кенгайтириш мақсадида оҳиста ёки ошкора Исломофобияга мурожаат қилиш - одатий тусга кириб улгурди.
Ушбу фонда президент Макроннинг Ислом динини ислоҳ қилиш лозимлиги, карикатуралар босилишда давом этишини таъкидлаши, Ислом ва мусулмонлар устидан қаттик назорат тизими ўрнатилишини айтиши вазиятни янада қалтислаштирди.
Макрон ҳокимиятга келгач, ўзининг вазифаларидан бири сифатида Ислом ва мусулмонлар борасида янги давлат сиёсатини ишлаб чиқишини билдирган эди.
Франциядаги кўплаб сиёсатчиларнинг аксилмусулмон оҳанги, таклифларига жавобан, 2019 йилнинг 10 ноябрида Парижда ўн уч мингдан зиёд намойишчилар "Исломофобия тўхтасин", деган шиор остида намойишлар ўтказишган эди.
Айтиб ўтиш керакки, бугунги зиддиятларнинг геосиёсий таркиби ҳам мавжуд.
Францияни баъзи мусулмон давлатлари ва лидерлари билан зўриқишдаги алоқалари ҳам бу можароларни оловлатди.
Демак, бугунги эҳтиросли тўқнашувларнинг учта таркиби мавжуд, бу қадриятлар даражасидаги қарашлар, сиёсий ва геосиёсий...".

Сурат манбаси, AFP
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















