Ўзбекистон: Шакар заводлари ёпилмоқда ва карантинни бузганлик жазоси кучайтирилди O‘zbekiston, koronavirus, yangiliklar

Карантин белгисини қўяётган милиция ходимлари

Сурат манбаси, .

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда, эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ишлар ички ишлар органлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

"Бунда, ички ишлар органлари ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазони қўллашга фақат тегишли ҳудудларда ёки объектларда карантин жорий этилган тақдирда, ҳақлидир", дея янги ўзгаришларга изоҳ берган Адлия вазирлиги.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш)га қўшимчалар киритилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик каби ҳатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Адлия вазирлиги, эндиликда, карантин шароитида ҳайдовчилар томонидан кодекснинг 54-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан маъмурий иш кўрилгунига қадар ушлаб турилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилган.

Тўхтаган шакар заводлари

Ишлаб чиқаришни тўхтатган "Ангрен шакар" ва "Хоразм шакар" масъулияти чекланган жамиятлари шу кунларда оммавий равишда ходимларини ишдан бўшатишни бошлади, дея ёзган ЎзА.

Хабарда "Ангрен шакар" МЧЖ матбуот хизмати заводдаги 130 нафардан зиёд ходим ишдан бўшатилгани ҳамда "Ангрен шакар" ва "Хоразм шакар" заводлари йил охирига қадар деярли барча ишчиларни ишдан бўшатишни мўлжаллагани маълум қилгани тўғрисида сўз боради.

Маълум қилинишича, ҳозирда икки заводда жами 2000 нафардан зиёд ишчи ходимнинг даромадсиз қолиш хавфи юзага келган.

$2,1 миллионли электромобиль

2020 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга хориждан 82 та электромобиль импорт қилинган.

Бу ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу йил Хитойдан - 52 та, Кореядан - 12 та ҳамда Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия Федерацияси ва Грузия каби давлатлардан 17 та электромобиль импорт қилинган.

Импорт қилинган электромобилларнинг умумий қиймати $2,1 миллионни ташкил этган.

Япония ва меҳнат муҳожирлиги ҳамкорлиги

Бугун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Япониянинг Таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JITCO) билан музокаралар ўтказилган.

Музокаралардан кўзланган асосий мақсад 2019 йил 15 январь ҳамда 17 декабрда имзоланган техник тингловчиларни Японияга тайёрлаш ва Японияга малакали ишчиларни жалб қилиш меморандумлари лойиҳалари асосида ишларни жадаллаштиришга қаратишдан иборат бўлган.

"Музокаралар давомида JITCOга аъзо бўлган Япониянинг 3 мингдан ортиқ бандлик агентликлари билан мамлакатимиздаги хусусий бандлик агентликлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди", дейилади расмий хабарда.

Свет нархи оширилмайди

Электр усталари

Сурат манбаси, Toshkent sharar ETK

Президент Шавкат Мирзиёев электр энергияси тарифларини оширмаслик бўйича топшириқ берган.

Бу ҳақда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ раиси Улуғбек Мустафоев "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Мустафоев президент қилинадиган модернизация ва реконструкция ишлари тарифни кўтариш ҳисобидан эмас, балки ишлаб чиқаришда кетадиган харажатларни, яъни таннархни камайтириш ҳисобига эришиш вазифасини қўйгани ҳақида гапирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek