Ўзбекистон: Ишламаётган шакар заводлари нега ёлғон гапиришга мажбур бўлди?

Сурат манбаси, courtesy
"Ангрен шакар" ва "Хоразм шакар" заводлари 4 июлдан бошлаб расман иш фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Бироқ Би-би-си манбасининг айтишича, юқоридан босим бўлгач завод директорлари ушбу хабарни инкор қилиб, заводда профилактика ишлари олиб борилаётгани ва у тез кунда ишга тушишини айтиб раддия беришга мажбур бўлган.
Заводдаги Би-би-си манбаси бир вақтлар арзимас пулга тортиб олинган заводларни яна бўлиб олишга ҳаракатлар бўлаётганини айтди.
Манбанинг айтишича, ишлаб чиқаришни синдириш учун импортчиларга тенг бўлмаган шароитларда имтиёзлар берилмоқда. Завод эса вақтида ҳукумат томонидан кредит олишга тўсиқ қўйилиши эвазига ўз вақтида хомашё сотиб ололмаган.
15 июль куни ЎзАда Ўзбекистонда иккита йирик шакар ишлаб чиқарувчи корхона ёпилгани ҳақида хабар чиқди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Унда "Ангрен шакар" МЧЖ ва "Хоразм шакар" МЧЖлар жорий йилнинг 4 июлидан эътиборан расман иш фаолиятини тўхтатганини эълон қилинди.
Ушбу корхоналарда 2 минг нафардан зиёд ходим меҳнат қилаётган эди, дейилади хабарда.
Бироқ орадан бир кун ўтиб завод директорлари фаолиятни тўхтатилиши вақтинча эканлигини айтиб, раддия беришди.
"Ўзбекистондаги мавжуд иккита шакар заводи хомашё тугаганлиги муносабати билан ишлаб чиқаришни вақтинчага тўхтатган эди. Ҳозирча ушбу вазиятдан фойдаланган ҳолда заводдаги барча ускуналарда профилактик тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказган ҳолда хомашё муаммоси ҳам бартараф этилмоқда. Яқин кунларда иккита заводда ишлаб чиқариш тўлиқ қувват билан бошлаб юборилади", дейилади раддияда.
Би-би-сининг ушбу заводлардаги манбасининг айтишича, аслида заводларда иш хомашё етишмаслиги сабаб июнь ойининг ўртасида тўхтаган. Сотилмаганлиги сабаб завод омборлари шакар билан тўлиб турибди.
Завод директорлари эса юқоридан босим остида шундай раддия беришга мажбур бўлган.
Нега хомашё етишмаяпти?
«Бразилияда етиштириладиган шакарқамишларни Нью Йорк биржасидан нархлар тушган вақти сотиб олардик. Ҳар бир тоннасини 250 доллардан сотиб олиш учун ўтган йил шартнома имзоланиши керак бўлган бир вақтда Ўзбекистонда банклардан кредит ололмадик. Ҳукумат 250 миллион доллар кредит олишимизга изн бермади. Натижада арзон хомашёсиз қолдик», дейди у.

Сурат манбаси, courtasy
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Вазирлар маҳкамаси нафақат кредит олишга тўсқинлик қилган, балки тенг бўлмаган шароитларда шакар импортчиларига имтиёз бериш орқали ҳам шакар заводлари фаолиятига болта урган.
«Пандемия сабаб шакар маҳсулотларининг импортига қўйилган акциз солиқлари бекор қилинди. Лекин нимагадир шакар хомашёсига бўлган акциз солиқлари бекор қилинмади. Биз импортчиларга қарши эмасмиз, аммо рақобат учун ҳаммада тенг шароит бўлиши керак. Аммо шакар импортчилари акциз солиқларини тўламайди, яна биз каби ҚҚС ҳам тўламайди. Яна бошқа омиллар сабаб уларнинг маҳсулоти арзон сотилмоқда», дейди у.
Завод расмийсининг таъкидлашича, улар соғлом рақобатдан қўрқмайди. Бироқ шартлар барча учун тенг бўлиши керак.
«Биз акциз солиғидан ташқари бир йилда ҚҚС ва бошқа солиқлар доирасида давлатга 200 миллиард сўмга яқин солиқ тўлаймиз. Яна маҳсулотларимиз биржа орқали сотишга мажбурмиз. Айни пайтда заводлар ишлаб чиқариш таннархининг устига ҳар бир кило шакарга 50 сўмдан фойда қўйишга мажбур бўляпти. Шакар импорт қилувчилар эса юқоридаги солиқларнинг бирортасини тўламайди, яна маҳсулотини биржа орқали сотишга мажбур эмас».
Россияга қўйилган санкцияларнинг Ўзбекистондаги шакар заводига таъсири
Ғарб томонидан Россия шакарини сотиб олишга қўйилган тақиқлар Россиянинг ўзида бир нечта заводнинг ёпилиб кетишига олиб келган.
Россия ҳукумати мамлакатдаги ишлаб чиқарувчиларни қутқариш учун шакарни собиқ шўро давлатларига сотиш учун имтиёзлар яратиб беришга ҳаракат қилган.
Ўзбекистон шакар заводлари хомашёни Россия ҳудудлари бўйлаб олиб келишга мажбур. Россия ҳар бир тонна хомашёнинг мамлакат ҳудудидан ўтиши учун 180 доллар бож ундиради.
Агар тадбиркор Россия ҳудудидан тайёр шакар олиб ўтса ҳар бир тоннадан 80 доллардан ҳақ олинади.
«Бу албатта импортчилар учун жуда ҳам қулай имтиёз. Натижада биз каби Қозоғистон ва Қирғизистондаги шакар з
аводлари ҳам банкрот ёқасига келиб қолди. Бир нечтаси ёпилди. Россия бўлса Европага сотолмаган шакарларини мана шундай имтиёзлар эвазига бизга сотяпти. Уларнинг орасида 3 йил олдин ишлаб чиқарилган шакарлар ҳам бор», - дейди суҳбатдошимиз.
Қозоғистонда шакар заводлари ёпилгач рақобатсиз қолган импортчилар нархларни кўтариб юборгани айтилади.
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон шакар бозорида ҳам нархлар Қозоғистондаги каби кўтарилиб кетиши мумкинлигини айтади.
Ўзбекистон шакар заводларидаги Би-би-си манбасининг айтишича, ҳокимият доирасидаги юқори мансабдор шахсларнинг заводни эгаллаш учун кўз олайтириши ҳам унга нисбатан сунъий тўсиқлар яратилишига олиб келяпти.
"Ёғли жой ҳар доим кимнингдир кўз остида бўлган. 2018 йил сентябрда заводларнинг асосий ҳиссадори уларни ўта таъсирли амалдорларга арзимаган 5 миллион долларга сотишга мажбур бўлганди", дейди у.
Би-би-си манбасининг айтишича, Ўзбекистондаги шакар заводларининг тахминий ва умумий қиймати 300 миллион доллардан 600 миллион долларни ташкил қилади. Аммо нарх борасида мустақил манба маълумотлари деярли йўқ.
Би-би-си манбаси сўзларига кўра, 2019 йил бошида заводларни тортиб олган мансабдор шахслар лавозимидан олингач уни яна эски соҳиблари қайтариб олади.
"Ҳозир ҳам шундай ҳаракатлар бўлмоқда. Тошкент шаҳридаги юқори лавозимли шахс ҳиссаларнинг 20% дан кўпроғини сотиб олди. Агар завод бу шахснинг қўлига тўлиқ ўтса, бозордаги нархлар осмонга сапчийди", дейди у.
Би-би-си завод ҳамда Вазирлар маҳкамаси матбуот хизматидан айни масалада муносабатини ўрганишга уринди. Ҳозирча ҳаракатларимиз самара бергани йўқ. Таҳририят мақола мавзуси бўйича барча томонларнинг фикр ва муносабатлари учун очиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













