Ўзбекистон-Тожикистон: “Гўшт, ун, нон, ёғ, шакар...нинг нархини оширманг”

Сурат манбаси, President.tj
Ўзбекистонда буханка нони нархи эркин қўйилиб, қарийб икки баробарига қимматлаб кетишидан қисқа вақт ўтмай, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон янги буйруқ билан чиққан.
Ҳукумат мажлиси чоғида мамлакатидаги барча масъул раҳбарларга, айниқса, куз-қиш мавсумида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик учун барча лозим чораларни кўришларини сўраган.
Душанбедаги мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, иқтисоди қишлоқ хўжалик маҳсулотларига асосланганига қарамай, Тожикистон ички эҳтиёжини ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотлар билан тўлиғича қондиришга имконсиз.
Тожикистон бозорларида нарх-наволар анчагина қиммат.
"Дейлик, ҳозир бир килограмм узум ёки олманинг баҳоси 25 сомонийгача боради. Бу 2-3 АҚШ долларига тенг маблағ деганидир".
"Ойлик ҳисобига кун кўрувчи одамлар, сўзсиз, бу каби вазиятдан ташвишда. Ваъда қилинган эса-да, ҳали-ҳануз Тожикистонда маошлар оширилмаган".
Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёдаги энг камбағал иккита давлатдан биттаси бўлади.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Тожикистон аҳолисининг чорак фоиздан ортиқроғи ночорликда ҳаёт кечиради.
Мустақил кузатувчилар эса, ҳақиқий рақамлар 40 фоизга чиқиши мумкинлигини тахмин этишади.
Минимал ойлик миқдори бугун Тожикистонда ҳатто 30 АҚШ долларига етиб-етмайди.
Аммо, журналист суҳбатдошимизга кўра, буйруқ давлат раҳбари даражасида берилган, бу ишга ҳуқуқ-тартибот ходимлари аралашган ҳолларда ҳам, ўтган йиллар тажрибасида бозорларда нарх-навони жиловлашнинг имкони бўлмаган.
Ўтган йили Ўзбекистонда ҳам ҳукумат озиқ-овқат нархларини назорат қилиш бўйича махсус комиссия тузган.
Комиссия ички бозорда нарх-навонинг сунъий кўтарилиб кетишига қарши чораларни ишлаб чиқиши айтилганди.
Аммо, бу каби чорларга қарамай, Ўзбекистонда қолган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ҳам изчиллик билан ошиб бораётгани кузатилади.
Масъуллар эса, сўнгги йилларда бунинг сабаби қилиб об-ҳавонинг қуруқ келиши ва сув захиралари етишмаслигини кўрсатишган.
Гўшт нархи ошишининг асосий омили ўлароқ эса, ем маҳсулотлари нархининг ошиб бораётгани ва яйловларда чорва моллари учун ўтнинг камлиги тилга олинган.
Шундай экан, нима қилмоқ керак?
Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида худди ана шундай савол билан ўз фолловерларига мурожаат қилди.
Улар яшаб турган жойдаги бугунги нарх-наволар билан қизиқди.
Ўзбекистондан Alif Yo нинг ёзишича, бугун бозор-учарга бир ҳафталик сарф-харажатлари 200000 сўм атрофида айланади.
Оиласи 5 кишидан иборат, энг кичигининг ёши 19 да ва бир ойлик жаъми киримлари ҳозир 3 миллион сўм атрофида.
У кишининг "Facebook"даги аккаунтимизда ёзишича, бу пул бир ойлик еб-ичишларига албатта етади.
"Фақат чет элга саёҳатга чиқиш, санаторийларда дам олишга етмайди, холос", - дейди бу фолловеримиз.
Қолган интернет фойдаланувчилари қолдирган комментлардан мева-чева ва сабзавот нархларининг минтақасига қараб, Ўзбекистон бўйлаб фарқланишини англаш мумкин.
Дейлик, бирлари ҳозир бир килограмм помидор 4000-5000 сўм туриши ҳақида ёзган.
Бошқа бирларига кўра, биргина ейиш-ичиш учун помидорни бугун 10-12 минг сўмдан сотиб олишмоқда.
Сафина Сафина, ҳатто, "Икра ёпиш учун 6 минг сўмли помидор олишлари" ҳақида ёзганлар.
Улар бир-бирларининг жавобларини ҳайрат билан савол остига олишгача боришган.
Хусрав Арифов эса, ўз комментларини бизнинг "Шундай экан, хўш, нима қилмоқ керак?", - деган саволимизга жавоб тариқасида қолдирганлар.
Биз у кишининг бу фикрларини тўлиғича келтиришни лозим, деб топдик.
"Ҳукумат нархларга умуман тегмаслиги керак, бу социалистларнинг стратегияси.
Бозорни очиб бериш керак, фермерлар хоҳлаганини экиши ва бозорга чиқаришига эркинлик бериш керак.
Масалан, қайсидир мавсумда помидорлар нархи ошди, дейлик, дехқонлар шуни ўрганади ва имкониятдан фойда кўраман, деб кўпроқ помидор сотишга уринади, ва у тўғри қилади, шундай қарор билан даромадини ошира билади.
Лекин бу имкониятни кўрган аслида фақат у ягона одам бўлмайди, бошқа фермерлар ҳам бозорда қиммат турган молни етиштиргиси келади.
Натижада, бозорда помидорлар кўпайиб, нархлар сўнг пасайишга мажбур бўлади.
Лекин бу ерда энг асосий муаммо таъминот заифлигидир.
Тожикистон кўпинча тоғлардан иборат, қишлоқ хўжалигига қийинроқ бўлиши тушунарли.
Лекин Тожикистон бозорига нега қўшни давлатлардаги дехқонлар мол етказиб бера олмайди?
Ўзбеклар, уйғурлар, қирғиз, ҳатто, афғонлар ёнида туриб, маҳсулотини бозорига етказишига чегара тўсиғи қўйилган.
Нега бу таклиф муаммони ҳал қилиши мумкин, деб ўйлашингиз мумкин...
Лекин тасаввур қилинг, Тожикистон бозорида, масалан, қовун ёки гуруч жуда қиммат нархда сотиляпти, дейлик.
Кейин қўшни мамлакатдан дехқон юк-машина тўла қовун ва гуруч олиб келса ва бозорда чорак ёки ярим нархга тушириб сотса, деярли ҳамма истемолчиларни ўзига тортади, кун охирида жаъми даромади билан устун келган бўлади", - деб ёзади Хусрав Арифов.
Сиз бу борада қандай фикрдасиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












