Ўзбекистон ҳукумати буханканинг нархини “қўйиб юборди”

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистон ҳукумати буханка нон нархларини бошқаришдан воз кечди, 15 сентябрдан қолипли ноннинг баҳосини сотувчилар бозорга қараб белгилашига изн берилди.
Ўзбекистонда буханка нонининг баҳоси доим назоратда ушлаб келинган.
2014 йилдан буён бир буханканинг нархи 650 сўм бўлиб турган эди.
Матбуотда ҳукуматнинг 13-сентябрдаги "Мамлакатимиз аҳолиснни ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарори қабул қилингани хабар қилинди.
Ушбу қарорга биноан, 2018 йилнинг 15 сентябридан бошлаб биринчи нав буғдой унининг 1 килограмми улгуржи нархи 1400 сўм қилиб белгиланди.
650 сўмлик қолипли ноннинг баҳоси 1200 сўмга кўтарилди.
Буханка нон қимматлашиши билан бирга тандир нонларининг ҳам нархи ошиши кутилаётгани хабар қилинди.
"Олдин биз уннинг килосини 900 сўм атрофида сотиб олардик. Эртадан деярли 50 фоиз қимматроқ нархда сотиб олишимизга тўғри келади. Ўша нархга қараб ноннинг нархини оширамиз", - деб айтган тошкентлик новвойлардан бири "Turon24" ахборот агентлиги мухбирига.
Ҳукумат аҳолининг муҳтож қатлами учун нон қимматлаши ўрнини қоплашда кўмаклашишга қарор қилган.
13-сентябрь қарорига биноан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 2018 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон олиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи (18 400 сўм) миқдорда компенсация тўлови тўлаб берилади.
Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари доирасида муҳтож оилаларни уй билан таъминлаш, моддий шароити оғир инсонларга ёрдамлашиш, арзон кредитлар ажратиш, ёшларни иш билан таъминлаш сингари мақсадларга йирик маблағлар ажратилмоқда.
Мамлакат бюджетининг харажатлари мустақил Ўзбекистон тарихида шу вақтгача бунчалик кўп бўлмаган.
Шундай бир шароитда ҳукумат аралашиб келган нархларни тартибга солиб туриш сиёсатидан воз кечиш, нархларни бозор ихтиёрига қўйиб бериш талаб қилинади.
Бу эса аҳолининг муайян қатламлари ҳаётини янада оғирлаштириши тайин, балки Президент Мирзиёев 2018 йил оғир келишини айтганида, шуни ҳам назарда тутгандир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












