Тоғли Қорабоғ ва савол: Қай бир хабар рост, қайсиси ёлғон? - Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, Valery Sharifulin
- Author, Кристофер Жайлз - Упасана Бҳат
- Role, BBC Reality Check ва дезинформацияга қарши бўлим
Тоғли Қорабоғ ва савол: Қай бир хабар рост, қайсиси ёлғон? - Тоғли Қорабоғдаги қақшатқич жанглар фонида худди шу савол кун тартибига чиққан. Аммо нега?
Бир неча ҳафтадан буён баҳсли ҳудуд Тоғли Қорабоғ учун аланга олиб ётган тўқнашувлар ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарларни урчитган.
Ҳафта охирида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув имзоланганига қарамай, уруш давом этяпти, юзлаб одам ўлди.
Арманистон Бош вазири "ҳозирги босқичда" Қорабоғ масаласига дипломатик ечим йўқ, деб айтди. Анклав халқаро ҳамжамият томонидан Озарбайжон ҳудуди деб тан олинади, аммо арманлар назоратида.
"Ахборот урушлари"
Биз монтаж қилинган ва яқинда бўлган воқеа тасвирланган, деб тарқатилган видео ёзувларни топдик.
Тўғри маълумот олиш қийин бўладиган тўқнашувларда дезинформация ёйилиши ноодатий ҳодиса эмас.

Жанубий Кавказдаги ҳозирги уруш ҳам бундан истисно эмас. Жуда оз журналистларга уруш кечаётган ҳудудга боришга изн берилган. Одамлар ҳукумат медиаси, қўл телефонда олинган видео ёзувлар ва ижтимоий тармоқларда текширилмай тарқатилган мишмишларга суянишга мажбур.
Сиёсийлашган хэштеглар ва постлар махсус тарқатилаётганини ҳам аниқладик.
Ракета ҳақидаги ёлғон видеолар
Интернетда улашилаётган маълумотларнинг аксариси ё репортаж, расмий хабар ёки тарғибот шиорлари ва суратлари бўлиб, шу билан бирга, махсус ясалган ёки эски видеолар ҳам бор.
Энг кенг тарқалган контентнинг айримлари ракеталар отилиши кўрсатилган драматик саҳналар бўлиб, уларнинг ҳозирги тўқнашувларга алоқаси йўқ.
"Twitter"да улашилган бир ведеода 2020 йилда Арманистон Озарбайжон "уруши"ни чегарадан туриб томоша қилаётган эронликлар кўрсатилади. Бу видео 250 минг мартадан ортиқ кўрилган.
Аммо видео тескари тасвир қидируви асосида изланса, унда 2019 йил ноябрда Россияда ҳарбийлар кунида ўтказилган тадбир тасвирлангани маълум бўлади.
Видеода русча гапираётган одамлар ва орқасига "Россия" деб ёзиб қўйилган жундан тўқилган кийимдаги одам ҳам кўринади.
Видеони интернетга жойлаган фойдаланувчи бу ноқонуний бўлгани учун узр ҳам сўраган, аммо у ҳамон "Twitter"да айланиб юрибди.
Шунингдек, ҳарбий видео ўйин бўлмиш "Arma 3"дан кўчириб олинган саҳна ҳам бўлиб, у уруш тасвири сифатида тарқатилган.
У "Facebook", "Twitter", "YouTube" ва "TikTok" каби платформаларда улашилган.

У ҳатто Ҳиндистоннинг бир янгиликлар ТВ каналида арманлар Озарбайжон учоғини уриб тушириши ҳақидаги "эксклюзив" видео ёзув, деб кўрсатилди.
Бу видеонинг оригиналини бир япон канали 2020 йил августида монтаж қилиб, тўқнашувлар тасвири сифатида "YouTube"га жойлаган, аммо тасвир сўнгида бу "тўқима" деган ёзув чиқади.

Хорижий ёлланма жангарилар ҳам аралашганми?
Интернетда энг кўп баҳсларга сабаб бўлаётган мавзулардан бири тўқнашувларда ёлланмаларнинг ҳам иштирок этаётгани ҳақидадир.
Ҳар икки томон бир-бирини хорижий жангарилардан фойдаланишда айбламоқда.
Масалан, Ироқдан ёлланган язидийлар Арманистон томонда урушяпти, деган асосланмаган даъво ҳам чиқди.
Ироқлик язидий аскар деб кўрсатилган видеоларни текшириш жуда қийин, чунки Арманистоннинг ўзида 30000 атрофида язидий яшайди ва улар Арманистон томонда урушмоқда.
Язидийлар ўз сафларида жанг қилаётганини ғурурланиб кўрсатиб, суратларини улашган арман аккаунтлари ҳам талайгина.

Озарбайжоннинг ўз кучларини мустаҳкамлаш учун хорижлик ёлланмаларни олиб келгани ҳақидаги даъволар ҳам жуда баҳсли.
Айбловлар Озарбайжонни дастаклаётган Туркияга йўналган бўлиб, унга кўра Туркия Озарбайжон армияси учун Суриядан жангариларни ёллаб берган.
Франция президенти Эммануэл Макрон ва бир қанча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу жангарилар борлиги ҳақида гапирганига қарамай, Туркия ҳукумати бу даъвони буткул рад қилди.
Туркия аввал ҳам суриялик жангариларни БМТ қўлловидаги Триполи ҳукуматини дастаклаш учун Ливияга юборган, дея айбланган эди.
Суриялик жангарилар тўқнашувларда қатнашаётгани ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги "юқумли" видеолар сабабли тарқалган мишмишлар янада кучайди. Бу тасвирларда ҳақиқатан жорий тўқнашувларда иштирок этаётган суриялик ёлланмалар кўрсатилганини текшириш қийин.
Би-би-си Араб хизматига гапирган бир эркак Озарбайжон чегарасида "ҳарбий нуқталарни ҳимоя қилиш" учун шимолий Суриядан ёлланганини айтган.
Халқаро қўллов истаб...

Сурат манбаси, Getty Images
Онлайн платформалар озарбайжонликлар ва арманлар учун халқаро дастак олиш мақсадида олиб бориладиган уруш майдони бўлиб қолди.
Ижтимоий медиадаги фаолият мамлакатдан ташқарисидаги фойдаланувчилар томонидан кучайтирилмоқда. Хусусан, асли келиб чиқиши арман бўлган Ким Кардашианнинг жуда катта сонда онлайн кузатувчилари бор.
Ижтимоий медиада ишлатилаётган айрим сўз ва ибораларни Би-би-си таҳлилчилари ўрганганда тўқнашувларга доир сўзлар сони кескин ортганини аниқлашган.
"Facebook"да давлатлар номлари - "Арманистон" ва "Озарбайжон" ўтган икки ҳафтада мос равишда 20 ва 17 миллион марта фойдаланувчилар диққатини тортган.
#WeWillWin (биз ғалаба қозонамиз), #DontBelieveArmenia (Арманистонга ишонманг) ва #StopAzerbaijanAggression (Озарбайжон агрессиясини тўхтатинг) каби хэштеглар инглиз, арман, озар, турк ва бошқа минтақавий тилларда қўлланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунда ҳар икки давлат ҳукуматлари ҳам қатнашмоқда. Масалан, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳарбий ютуқлари ва арман кучларига қарши ҳужумлар тасвирланган, кўп улашилган видеоларни чиқариб тарқатмоқда. Унинг "Facebook" саҳифасига жойланган бир видео 100000дан ортиқ марта кўрилган.
Мувофиқлашган кампаниялар
"Ахборот уруши" олиб бориш учун айрим уринишлар кенг миқёсли онлайн мувофиқлаштирувни талаб қилади.
Онлайн суҳбатларда арман ижтимоий медиа фаоллари июнь ойидаги тўқнашувлар вақтида ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланилмаганини муҳокама қилдилар ва кейинги ҳафталарда улар ҳам кампанияни кучайтирди.
"Facebook"да Арманистон тарафдорлари учун "кибер армия", "медиа жангчилари" каби ёпиқ гуруҳлар ҳам бўлиб, у ерда тарқатиладиган постлар ва хэштеглар келишилади, контентни кучайтириш учун ишлар мувофиқлаштирилади.
Икки ҳафта илгари очилган бир гуруҳда 100000дан ортиқ аъзо тўпланган.
Кўплаб озарбайжонликлар ҳам контент улашишда жуда фаол.
Уларнинг кўпчилиги рисоладагидек шаклда онлайн қўллов олиш учун ҳаракат қилса, сохта аккаунтлар орқали "шубҳали онлайн ишлар" қилаётганларни айбловчилар ҳам бор.
Австралияда жойлашган "International Cyber Policy Centre" (ICPC) тўқнашувларга дахлдор хэштегларни ишлатувчи "Twitter" аккаунтлар сони сентябрь охирида кескин кўпайганини аниқлади.
ICPC ҳисоботида, шунингдек, қўшимча қилинади: "Бу ҳаракатларда ҳақиқий фойдаланувчилар аккаунлари қатори шубҳали ва сохта ишлар қилаётган аккаунтлар ҳам бор."
"Facebook" Озарбайжон билан боғлиқ айрим аккаунтларни ўчирди.
У баёнот берди: "589 та "Facebook" аккаунти, 7906 та саҳифа ва 447 та "Instagram" аккаунти мувофиқлаштирилган шубҳали ишлар билан шуғулланган."
"Бу тармоқ Озарбайжондаги фойдаланувчилар мақтов ва танқидий изоҳларни қолдириш учун саҳифаларни бошқариш, мувофиқлаштиришга хизмат қилган", деб қўшимча қилинади баёнотда.
Улар қолдираётган изоҳлар маҳаллий ва минтақавий хабарлар ва воқеалар, сиёсат, ҳукумат қарорлари, Арманистон ва Озарбайжон зиддияти ҳақида бўлган."
Тоғли Қорабоғ - муҳим фактлар
- Тоғли ҳудуд майдони 4400 квадрат километр.
- Бу ерда аввалдан мусулмон турклар ва насроний арманлар яшаган.
- Совет даврида Озарбайжон республикаси таркибидаги мухтор ҳудуд сифатида белгиланган.
- Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди деб тан олинган, аммо аҳолисининг кўпчилиги этник арманлар.
- 1988 1994 йилги урушда бир миллион одам яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган, 30000 одам ўлган.
- 1990 йилги урушда бўлгинчи кучлар анклав атрофидаги қўшимча ҳудудни ҳам босиб олган.
- 1994 йилги сулҳдан буён аҳвол ҳал бўлмай келяпти.
- Туркия очиқчасига Озарбайжонни қўлламоқда.
- Арманистонда Россия ҳарбий базалари бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















