Янгиланди, Тоғли Қорабоғ: Жасадлар ва асирлар ҳали ҳам айирбошланмаган – Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Тоғли Қорабоғ: Жасадлар ва асирлар ҳали ҳам айирбошланмаган - Россия воситачилигида эришилган муваққат сулҳдан тўрт кун ўтиб, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти худди ана шундай баёнот билан чиққан.

Халқаро қўмитанинг расман баён қилишича, бу жараёнда иштирок этишга тайёр.

Аммо, бунинг учун, Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар унинг формати борасида келишиб олишлари керак.

Ходимларининг минтақада ишлай олишлари учун шарт-шароит ҳам таъминланиши лозим.

Халқаро Қизил Хоч қўмитасига кўра, жорий пайтда рақиб тарафлар билан мунтазам мулоқотдалар ва турли хил таклифларни кўриб чиқишмоқда.

Ташкилот ҳисоб-китобларига таянилса, келаси бир неча ойда ўн минглаб кишига ёрдам керак бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси аллақачон кўмак сўраб, дунё ҳукуматларига мурожаат қилган ва уларнинг хайрия-ёрдамларини ола ҳам бошлаган.

Муваққат сулҳ

Tog'li Qorabog'

Вақтинчалик оташкесим Тоғли Қорабоғда 10 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан бошлаб кучга кирган.

Мазкур битим доирасида томонларнинг бир-бирлари билан асирлар ва жасадларни айирбошлашлари мумкин бўлиши айтилган.

"Жараён Халқаро Қизил Хоч ташкилоти воситачилиги ва мезонларига мувофиқ амалга оширилиши" билдирилган.

Москвада эришилган келишув фақат инсонпарварлик мақсадинигина кўзда тутиши таъкидланган.

"Оташкесим режимининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишиб олиниши" маълум қилинганди.

Тоғли Қорабоғдаги сўнгги уруш 27 сентябрда келиб чиққан, уни очишда томонлар ҳануз бир-бирларини айблаб келишади.

Tog'li Qorabog'

Жанглар шу пайтгача юзлаб ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, минглабини дарбадар қилган.

Талафотларга оид аниқ маълумотларни мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш эса, ҳамон имконсизлигича қолмоқда.

Тоғли Қорабоғдаги муваққат сулҳга президент Владимир Путин даъвати ва Россия воситачилигида эришилган.

Орада кечган вақт давомида асирга олинган тутқунларга оид бирор бир ишончли маълумотлар ҳам кўзга ташланмаган.

Россия президенти "асирларни ҳам алмашиш" учун деркан, айнан кимларни ва қанча сондаги одамни назарда тутгани тафсилотлари ноаён қолган.

Владимир Путиннинг бу даъвати ўшанда жанг жабҳасидаги вазиятнинг жиддий эканига ҳам далолат қилмай қолмаганди.

Худди шу манзарада АҚШ ҳам Тоғли Қорабоғдаги томонларни яна бир бор муроса ва шаҳарларни ўққа тутишни бас қилишга чақириб чиққан.

Арманистон ва Озарбайжонни муваққат сулҳга амал қилишга ундаган.

"Тинч аҳолининг ўлдирилишини қоралаган ва Тоғли Қорабоғ можаросига фақат тинч йўл билан барҳам бериш мумкин, деган мавқеъларида собит қолишлари"ни айтган.

Агар, рақиб томонларнинг сўнгги баёнотларига таянилса, Тоғли Қорабоғда жанглар ҳануз давом этмоқда.

12 октябрь

Тоғли Қорабоғ: Муваққат сулҳни ким бузди? Озарбайжон - Арманистон

Tog'li Qorabog'

Тоғли Қорабоғ: Муваққат сулҳни ким бузди? - Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар бунда ҳануз бир-бирларини айблашмоқда. Арманистон Ташқи ишлар вазири бугун, душанба куни яна Москвага бормоқчи. Озарбайжон томони ҳозирча жим.

Бу Зограб Мнацаканяннинг ўтган уч кун ичида Москвага иккинчи ташрифи бўлади, бунга нима сабаб бўлгани, Арманистон Ташқи ишлар вазирининг қандай кун тартиб билан Россияга бораётгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Жума куни Арманистон Бош вазири Ереванда Россия Бош вазири билан ҳам учрашганди.

Бундан сал аввал Россия президенти ҳам Тоғли Қорабоғдаги сўнгги можаро фонида Никол Пашинян билан мунтазам алоқада эканини маълум қилган.

Хабарларга кўра, Зограб Мнацаканян Москвада Россия ва АҚШ вакиллари билан учрашади. Тоғли Қорабоғ масаласини муҳокама қилади.

Россия ва АҚШ Франция билан бирга ЕХҲТ ининг Тоғли Қорабоғ можароси ечимига масъул Минск гуруҳи ҳамраислари бўлишади.

Минск гуруҳи орада томонларни бир неча бор муросага чақирган, қўшма баёнот билан чиққан.

Ҳамраис Россия худди шу фонда тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифини ҳам илгари сурган.

Аммо расмий Москванинг бу ташаббусига Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар расман ва ошкора муносабатларини билдиришмаган.

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, Reuters

Бунинг ортидан, Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон ва Арманистонни инсонпарварлик юзасидан муваққат сулҳга чақириб чиққан.

Бу масалани гаплашиб олиш ва бир тўхтамга келиш учун ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларини Москвага таклиф қилган.

Тоғли Қорабоғдаги муваққат сулҳга ўтган жума куни Россия воситачилигида эришилган.

Вақтинчалик оташкесимга оид битим шанба кучга кирган, аммо бор-йўғи бир неча соат ўтмай бузилган, Озарбайжон ва Арманистон бунда яна бир-бирларини айблаб чиқишганди.

Озарбайжон томонига кўра, арман кучлари томонидан Ганжадаги хонадоннинг ракета ҳужумига тутилиши "уруш жинояти" бўлган.

Ҳодиса кеча, якшанба куни юз берган, Ганжа Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлади.

Ракета ҳужуми камида 9 кишининг умрига зомин бўлгани айтилади.

Арманистоннинг баён қилишича, фақат Озарбайжоннинг ҳужумига жавоб берган, холос.

Ганжа - аҳолиси сони бўйича Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлади, у жабҳа чизиғидан 60 километр узоқликда жойлашган.

Шаҳарга биринчи снаряд шу йилнинг 4 октябрида келиб тушган.

Ўшанда бир киши ҳалок бўлган ва 30 киши яраланган.

Озарбайжоннинг Миналарга қарши кураш бўйича миллий агентлиги 11 октябр куни бошқа шаҳар ва қишлоқларнинг ҳам ўққа тутилгани ҳақида хабар берган.

Буни Би-би-си га маҳаллий аҳоли ҳам тасдиқлаган.

Tog'li Qorabog'

Дам олиш кунги жанглар силсиласи

Шанба кунидан бошлаб можаро ҳудудида расман сулҳ амал қилмоқда, аммо томонлар бир-бирини уни бузганликда айблашмоқда:

  • Кун Озарбайжоннинг мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳри - Ганжа ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар билан бошланди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги шаҳардаги турар-жой биносига ракета келиб урилиши натижасида камида тўққиз киши қурбон бўлганини расман баён қилди.
  • Озарбайжон Президенти Twitter да Ганжани ўққа тутиш учун жавобгарлик Арманистон раҳбарияти зиммасида экани ҳақида ёзди. "Озарбайжон томони буларнинг барчасига муносиб жавоб беради!" - дея ваъда қилди.
  • Боку мамлакатнинг тўрт минтақаси: Агдам, Тертер, Агжабедин ва Фузулий вилоятлари Арманистон томонидан ҳужумга учраётганини даъво қилмоқда.
  • Якшанба куни кечқурун Арманистон ҳукумати тан олинмаган Тоғли Қорабог Республикаси пойтахти Степанакерт ўққа тутилаётгани ҳақидаги даъво билан чиқди. ТАСС мухбири шаҳарда ҳаво ҳужуми сиренаси эшитилганини тасдиқлади, аммо у портлаш товушларини эшитмаганини айтди. Кейинчалик, Арманистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ахборот маркази "Степанакертга қарши яна зарбалар берилмоқда", деб хабар берди.
  • Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Шушан Степаняннинг айтишича, Озарбайжон кучлари зирҳли техника ва ракеталардан фойдаланган ҳолда жанубий йўналишда олдинга силжишмоқда.

11 октябрь

Тоғли Қорабоғ: Оташкесим бошланди, аммо аллақачон бузилгани айтилмоқда

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон ва Арманистон муваққат оташкесимга рози бўлди - вақтинчалик оташкесим 10 октябрь маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан бошлаб кучга кирди. Аммо аллақачон бузилгани айтилмоқда. Рақиб томонлар худди ана шундай даъво билан чиқишди, бир-бирларини оташкесим битимини бузишда айблашди. Жанглар шу пайтгача 300 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, минглабини дарбадар қилган:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Икки рақиб томон ўртасидаги келишув кеча ярим тунда, 10 соатлик ёпиқ форматда ўтган музокаралар ортидан, пойтахт Москвада эълон қилинди.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири расман маълум қилди.

Уч давлат Ташқи ишлар вазирлиги иштирокидаги жума кунги музокаралар ўз поёнига етди.

Сергей Лавровнинг айтишича, томонлар энди "жиддий" мулоқотларни бошлашади.

Музокаралар ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида, келишувнинг асосий тамойиллари асосида бўлади.

Россия Ташқи ишлар вазири уч томонлама мулоқотлар ортидан ўқиб эшиттирган баёнот мазмунига кўра, тарафлар музокара жараёни форматининг ўзгармаслигини маъқуллашган.

Тоғли Қорабоғдаги сўнгги уруш 27 сентябрда келиб чиққан, уни очишда томонлар ҳануз бир-бирларини айблаб келишади.

Жанглар шу пайтгача 300 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, минглабини дарбадар қилган.

Вақтинчалик оташкесим 10 октябрь соат 12:00 дан бошлаб кучга киради.

Томонлар бир-бирлари билан асирлар ва жасадларни айирбошлашлари мумкин бўлади.

"Жараён Халқаро Қизил Хоч ташкилоти воситачилиги ва мезонларига мувофиқ амалга оширилади".

Москвада эришилган келишув фақат инсонпарварлик мақсадинигина кўзда тутади.

"Оташкесим режимининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишиб олинади".

Moskva

Сурат манбаси, Mfaofrussia

Россия ҳозирча нейтрал мавқеъда, рақиб томонларни тинчлик музокараларига чақириб келади.

Аммо Арманистон Бош вазири билан мунтазам мулоқотда эканини ҳам яширмаган, ошкора эътироф этган.

Муваққат оташкесим президент Путиннинг ташаббуси бўлади.

Кеча, жума куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳам Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашган.

Учрашув Ереванда бўлиб ўтган ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишидан сўнг бўлиб ўтган.

Орада Бош вазир Никол Пашинян Озарбайжон ён беришга борса, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳам шундай қилишини айтган.

Озарбайжон ҳалича муроса шартини ўзгартирмаган, арман қўшинларининг Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлардан чиқиб кетишлари лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Озарбайжон президенти яна бир қанча баёнотлар қилган.

Ҳарбий тўқнашувлар босқичи тугагач, Озарбайжон музокара столига қайтишини айтган.

Қорабоғ можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилиш дунёнинг етакчи давлатларининг кафолатлари билан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.

Россия ва Туркия можародан кейинги даврда Қорабоғ бўйича воситачилик қилиши лозимлигини қайд этган, бунинг прагматик ёндашув бўлишини урғулаган.

ЕХҲТ ининг Минск гуруҳи, қарийб 30 йилдирки, Тоғли Қорабоғ можаросига дипломатик йўлда ечим топа олмай келади.

9 октябрь

Жанг жабҳасида вазият жиддийми - Путин янги даъват билан чиқди?

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, ARAM KIRAKOSYAN/TASS

Тоғли Қорабоғ: Жанг жабҳасида вазият жиддийми - Путин янги даъват билан чиқди. Жасадлар ва асирларни алмашиш учун ўт очишни бас қилинг, деди. Озарбайжон ва Арманистонни инсонпарварликка ундади. Жанглар ҳануз тинмаётир.

Тоғли Қорабоғдаги жанглар шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган ва ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Ҳар икки томондан ўнлаб талафотлар борлиги, жангларда оддий одамлар ҳам қурбон бўлишаётгани, яна катта сондагиси дарбадарликка юз тутаётганига оид хабарлар бор.

Аммо Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар эълон қилиб келаётган маълумотларни мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш ҳамон имконсизлигича қолмоқда.

Озарбайжон эса, ҳали-ҳануз ўз ҳарбийлари орасидаги талафотларга оид рақамларни эълон қилмаган, фақат жанглар тугаши ортидангина бу ҳақда ошкора маълум қилишини айтган.

Орада кечган вақт давомида асирга олинган тутқунларга оид бирор бир ишончли маълумотлар ҳам кўзга ташланмаган.

Россия президенти "асирларни ҳам алмашиш" учун деркан, айнан кимларни ва қанча сондаги одамни назарда тутгани тафсилотлари ноаён қолган.

Владимир Путиннинг бу даъвати жанг жабҳасидаги вазиятнинг жиддий эканига ҳам далолат қилмай қолмаган.

Учрашув

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, AFP

Владимир Путин кеча, пайшанба куни Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларига қўнғироқ қилган, сиртдан музокаралар олиб борган.

Музокаралар ортидан, ҳар икки рақиб томонга даъват билан чиққан.

Уларни қурбон бўлганлар жасадлари ва асирларни айирбошлашга имконли бўлишлари учун "инсонпарварлик нуқтаи назаридан" жангларни бас қилиб туришга чақирган.

Худди шу масалани муҳокама қилиб олиш учун Москвага ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирлари таклиф қилинган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг расман маълум қилишича, Арманистон ва Озарбайжон ўз вакилларини Москвага юборишга рози бўлишган.

Томонлар ўртасидаги музокараларнинг бугун, жума куни бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Тоғли Қорабоғда ўтган тун ҳам жанглар давом этган, буни ҳар икки давлат Мудофаа вазирлиги тасдиқлаган.

Рақиб тарафларга кўра, жанг жабҳасида жиддий ўзгаришлар бўлмаган.

Расмий Кремль ҳозирча нейтрал мавқеъда, ҳар икки томонни бирдек тинчлик музокараларига ундаб келмоқда.

Аммо Арманистон тўғридан-тўғри ҳужумга учраса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида олган масъулиятини бажаришга тайёр эканини ҳам ошкора баён қилиб улгурган.

Американинг нуфузли Нью-Йорк Таймс нашри ёзишича, Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар тўхташи учун Россия ўзини тинчликпарвар сифатида намойиш этиши керак.

Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар ўртасидаги тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи ҳали-ҳануз очиқ қолмоқда.

Можаронинг дипломатик ечимига масъул Минск гуруҳи ва халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муросага ундовчи даъватлари ҳалича иш бермаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek